Янгиқўрғонда тиббиёт хизмати тарихи қарийб юз йил аввалларга бориб тақалади. Илк даволаш шохобчаси 1927 йилда очилган. Уни фельдшер Сергей Катеньков ташкиллаган эди. 1935 йилга келиб, маҳаллий аҳоли орасидан биринчи мутахассислар етишиб чиқа бошлади. Умаржон Акбаров шундай касбдагиларга бош-қош бўлди. Кейинчалик, Нанай, Заркент ва Бирлашган қишлоқларида ҳам беморлар қабул қилиш, муолажалар ўтказишга киришилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида бу зарур ҳаётий хизматга эҳтиёж ортса ортдики, асло сусаймади. Лекин ривожланиш уруш тугагач, асосан, 50-йиллардан кўзга ташланди. Аста-секин қишлоқ касалхоналари вужудга келди. Дастлабкилари колхозлар - жамоа хўжаликлари ҳисобидан қурилди, фаолият юритди.

Ўтган асрнинг 70-йилларидан халқ саломатлигини сақлаш масканларидаги олий ва ўрта махсус маълумотли кадрлар тумандошлар ўртасидан кўплаб етишиб чиқди. Холмирза Раҳмонов, Махсум Мадумаров, Ёқубжон Юнусов, Ҳайдарали Хожиакбаров сингари билимдон ва ташкилотчи врачлар туманнинг бош врачи сифатида аҳоли саломатлигини сақлашга раҳнамолик қилишди. Уларнинг ёнида Аъзамжон Саидаҳмедов, Рустамжон Парпиев, Тоштемир Турсунбоев, Мунаввар Ҳакимова, Муҳаммадали Қамбаралиев, Нурия Раҳмонова ва Турсунбой Орзимов каби ўнлаб фидоий инсонлар оқ халатлиларнинг пешқадамларига айланишди.

Албатта, бошқа соҳалардагидек соғлиқни сақлаш борасида ҳам қатор муаммолар тўпланиб, ўша пайтда мутахассислару беморларга қийинчиликлар туғдиргани катта авлод вакилларига ҳеч сир эмас. Қачонки Ўзбекистон мустақиллигига эришилгач, кенг миқёсли ислоҳотларнинг қувончли шарофатлари 90-йиллар давомидаёқ яққол кўзга ташланди. Янги асрнинг йигирма бир йили эса жаҳон андозаларига монанд янгиланишу юксалишлардан янада мамнунлик ҳисларини уйғотмоқда.

Кенг кўламли беқиёс ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган чора - тадбирлар ижросини таъминлашда кўп сонли тиббиёт ходимларига раҳбарликни ўз зиммасига олган жонкуяр бош врачларнинг номлари бугун элга маълум. Ҳайдарали Хожиакбаров 1984 йилдан бошлаб, роса ўн тўрт йил, фақат истиқлол даврини ҳисобга олсак, етти йил марказий шифохона бош врачи вазифасини адо этди. У аҳоли ўртасида турли юқумли касалликларга қарши курашиш, шифохоналар қуриш, тиббий ҳодимлар касб маданиятини, малакасини юксалтиришга эътиборни кучайтирди. Илгарилари касалхона 120 ўринли бўлган бўлса, унга қўшимча яна учта 60 ўринли бинолар қурилди. Нанай, Заркент ва Бирлашган қишлоқ касалхоналари учун ҳам янги бинолар қад ростлади. Энг муҳими, уларнинг ҳаммаси замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланди.

1998 йилдан юқори масъулиятли лавозимни бош врачнинг даволаш ишлари бў­йича ўринбосари Ҳусанбой Ўринов эгаллади. Унинг раҳбарлик фаолияти етти йилга давом этди. Бу вақт ичида ўттиз ўринли шошилинч тиббий ёрдам бўлими (2000 йил) ишга туширилди. Бўлим Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят филиалининг тумандаги таянч шохобчасига айланди. 2003 йилга келиб, қишлоқ врачлик пунктлари 20 тага етказилди. Улар орасида Қайроқи, Нав­кент, Қораянтоқ, Гулшан, Бекободбоши, Қораполвон пунктлари замонавий усулда қурилди. Қолганлари қайта таъмирланиб, мослаштирилди. Замонавий диагностика-даволаш усуллари амалиётга изчил тадбиқ этилди.

2005 - 2009 йилларда бош врач Қосимжон Усмонов эзгу ишларни давом эттирди. Ровут ҳамда Қизилқиётда ҳам янги ҚВП биноларининг эшиклари беморларга очиб қўйилди. Шифохоналарнинг моддий- техник базаси янада мустаҳкамланди. Ҳукумат кўрсатмаси бўйича, камсамара бериб келаётган Бекобод, Шарқ юлдузи, Зарбдор, Бирлашган қишлоқ участкаси шифохоналари марказий касалхонанинг бўлимлари қаторига қўшилди. Тиббиёт марказининг болалар, туғруқхона, шошилинч тиббий ёрдам бўлимларига раҳбарлик қилаётган Муборак Йўлдошева, Раънохон Тўхтаматова ва Раҳимжон Мадраҳимовларнинг баҳамжиҳатликда ишларидан шифо топаётган беморларнинг миннатдорчилиги кўпайди.

2009 йилдан Иброҳим Султонов туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасига тайинланди. Бирлашманинг демографик кўрсаткичлари бир мунча яхшиланди. Инвестиция дастурига мувофиқ қурилиш ва реконструкция ишлари бошлаб юборилди. Шошилинч тиббий ёрдам бўлими янги замонавий бинога кўчирилди.

2012 йили янгиқўрғонликлар учун ғоят муваффақиятли келди. Искавот қишлоқ врачлик пункти Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Энг намунали қишлоқ врачлик пункти-2012" танловида биринчи ўрин соҳиби бўлди ва "Дамас" автомашинаси билан тақдирланди. Бу мазкур бирламчи шифо маскани ходимлари Малика Эралиева раҳбарлигида намунали хизмат кўрсатишаётганининг муносиб баҳоланиши бўлди, десак асло янглишмаймиз.

2013 йилнинг мартидан эса ТТБ бошлиғи вазифаси Лайло Аҳмедова зиммасига ўтказилди. Унинг тиниб-тинчимаслиги, талабчанлиги туфайли қурилиш, ободонлаштириш билан теппа-тенг равишда диагностика-даволаш ишлари тобора яхшиланиб борди. Дастлабки йили поликлиника мукаммал таъмирланиб, зарур қулайликлар яратилди. 2014 йили болалар, ички ва юқумли касалликлар бўлимлари, туғруқхона комплекси, хўжалик ҳисобидаги жарроҳлик бўлими, эски болалар поликлиникаси мукаммал таъмирдан сўнг ғоят гўзал қиёфа касб этди. Ички шароитларигача давр талаблари даражасига келтирилди.

2017 - 2019 йилларда тиббиёт бирлашмасига бошлиқлик вазифасида фаолият юритган Жакбарали Қурбонов ҳам ўзининг раҳбарлик ва ташкилотчилик қобилиятини туман аҳолисига сифатли тиббий хизматни йўлга қўйишга астойдил сарфлади.

Сўнгра 2020 йилдан яна Лайло Аҳмедова қадрдон ҳамкасблари ёнига қайтди. Истиқлолнинг 30 йиллиги нишонланган айёмда яна кўпчиликнинг ҳалол ва фаол хизматларини эътироф этган ҳолда номларини ёдга олишга бурчлимиз. Соҳага бутун умрини бахшида этган бундай фидоийлардан бир талайлари орамиздан кетишган. Хирург Тоштемир Турсунбоев, терапевтлар Содиқжон Акбаров, Турсунбой Тожибоев, Солихон Мамажонов, Олимжон Мамадалиев, Набижон Олимжонов, кардиолог Пўлат Исроилов, Ҳамидулла Хўжамбердиев, доя-акушерка Ойсулув Мустафина, фтизиатор Исоқжон Юнусов, кожвенерологлар Отахон Йўлдошев, инфексионист Маҳмуджон Файзуллаев, Латифжон Худойбердиев, педиатр Ҳикматхон Исроилова, Тўра Тожибоев, отоларинолог Анваржон Боймирзаев, эндокринолог Ҳусанбой Нурматов, травматолог Ҳусанбой Ўринов, врачлар Тошмамат Алимбеков, Жалолдин Исоқов ва бошқалар ана шулар жумласидандир.

Пенсионерлик гаштини суриб юрган саломатлик посбонлари қаторида хирурглар - Тўхтасин Каримқулов, Рашидбек Ёрқинбоев, терапевтлар Садриддин Камолов, Ғанижон Аъзамқулов, Муҳаммадали Йўлдошев, Қундузхон Мирзажонова, Ҳакимбек Асилбеков, Аҳмаджон Жалолов, Баҳринисо Тўрабоева, Аҳмаджон Патолов, педиатр Ҳуринисо Тўрабоева, физиотерапевтлар Фарҳоджон Раҳматуллаев, Роҳатой Умарқулова, акушер-гинеколог Зинаида Ҳабусова, кожвенеролог Маҳамадали Турғунов, стоматологлар Нишонбой Абдухалилов, Аъзамжон Саидазимов, лаборатория ходимлари Эргашбой Нурматов, Кумушхон Ҳасанбоеваларни мамнуният билан зикр этишимиз мумкин.

Кексаликка ҳамон сўз бермай, оқ халатни эгнидан ташламай юрган ҳамиша ихлос-эътиқоддаги беморларини ўйлаб, ўз касбига садоқатини бахшида этаётган ажойиб инсонларга наинки шогирдлари, барча касбдош ёшлар ҳам ҳавасланиб боқишади. Улардек узоқ умр кўриш ва севган машғулотлари билан доимо банд бўлиб юришни ниятлашади. Асқарали Ўринов, Қосимжон Усмонов, Заҳро Ғайбуллаева, Маҳбуба Ирисбоева, Муҳаммаджон Йўлдошев сингари нажоткорлар ана шундайлар тофасидан бўлишади. Уларнинг бири жарроҳ, бири гинеколог, бири терапевт, бири статист.

Айни маҳалда туманда 123 нафар врач ҳамда 1560 нафар ўрта тиббиёт ходимлари эл саломатлигини сақлаш учун бор билим ва малакаларини сарфлаб келишмоқда. Ҳозирда Раҳимжон Мадраҳимов бош врачнинг даволаш ишлари бўйича, Одилхон Файзуллаев оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлари. Мурибат Зокирова кўп тармоқли марказий поликлиника мудири ўринбосари, Иброҳим Мирзакаримов туман бош фельдшери, Зебо Жабборова оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунклари координатори. Улар 138 минг аҳоли саломатлигини сақлаш ҳамда касалликларни даволаш учун эшиклари кеча-ю кундуз очиқ турувчи марказий шифохона, поликлиника, 7 та ОП, 7 та ОШП ва Нанай ҳудудий бўлимларидаги ишларни замон талаблари даражасига кўтариш ҳаракатида ташаббускорлик ҳамда ташкилотчиликни муттасил кучайтириш ҳаракатидалар.

ТТБ бош врачи Лайлохон Аҳмедова ёнидаги ҳамкасбларидан анча мамнун. Бои­си, ҳар бирлари ўзларига юклатилган вазифалар масъулиятини ҳеч унутишмайди. Доимо топшириқларни ўз вақтида, бекаму кўст бажариш учун интилишади.

- Янгиқўрғонлик шифокорлар Президентимизнинг тиббиёт тараққиётига оид барча фармон ва қарорларини изчил бажара бориб, бардавом ислоҳотларнинг қувончли натижаларини амалда яққол кўрсатишмоқда, - дейди бирлашма бошлиғи. - Кўнг­лимизни бироз бўлса-да тўлдирадиган ҳолат профилактика ва даволаш бўйича кўрсаткичларимиз шаҳар ҳамда туманлар ичида чакки эмас. Чунки, талабчанлик ва назорат уйғунлигига эришяпмиз, тиббиётчиларимизга қулай шароитлар яратиб беряпмиз. Аппарат ва асбоб-ускуналаримизни янгилаш имкониятлари туғилмоқда. Шунга яраша мутахассисларимизнинг малака маҳоратларини тинмай оширишга алоҳида эътибор қаратганмиз.

Марказий касалхонамизнинг туғруқ мажмуаси бўлимига акушер-гинеколог Раънохон Тўхтамова, шошилинч тиббий ёрдам бўлимга травматолог Ғайратжон Халилов, жарроҳлик бўлимига Асқарали Ўринов, Нанай ҳудудий бўлимига Маматкарим Исматовлар, бирламчи тизимдаги "Ҳадикент", "Навкент", "Ғавозон" "Бирлашган", "Искавот", "Нанай" ОШП ва ОПларига Гулсора Сойиббоева, Султонмирза Тўрабоев, Султонхон Раҳматов, Малика Эралиева, Соҳибжон Соттиқуловлар оқилона раҳбарлик қилишмоқда. Муҳими, ойдан-ойга эътирозлар камайиб, эътирофлар кўпаймоқда.

Кейинги икки-уч йилда бирламчи тизимдаги врачу ҳамширалар фаолияти бутунлай янгича усулга ўтказилгани дастлаб қийинчилик туғдирганига қарамай, эндиликда хатлов кўрсаткичларига асосланган ҳолда профилактика, кўрик, назорат, даволаш бир-бирига боғлиқ ҳолда ташкилланяпти. Врачлар атрофида ёнма-ён иш юритаётган турли йўналишдаги ўрта тиббиёт ходимлари масъулиятига янада масъулият қўшилгани ҳаётий ҳақиқатдир. Чунончи, патронаж хизмати анча такомиллашди, ҳамширалар аҳоли соғлиғининг ишончли ҳимоячиларига айланишди. Бугун патронажчилар сони туманда 253 нафар. Агар 14 та бирламчи муассаса борлигини назарда тутсак, уларнинг ҳар бирида 10 дан зиёд, ҳатто 15 тагача патронажчилар маҳаллалар ичида уйма-уй юришаётгани кўз олдимиздан ўтади. Ойша Зулфирова, Муножот Абдусатторова, Фотима Қорабоева, Муяссар Ашурова, Назира Сатимова, Шоира Қозоқовалар ҳамиша ҳамкасблари ўртасида пешқадамлари ҳисобланишади.

Шуниси диққатга сазоворки, Ёқутхон Ҳожибобоева, Нилуфар Маҳмудова, Манзура Хайруллаева сингари катта ҳамширалар эса ўзларининг кичик жамоаларидаги ҳамкасбларининг энг яқин маслаҳатчиси ва йўл-йўриқчиси бўлиб қолишган. Уларнинг муолажалар сифати устидан қатъий назорат ўрнатишгани, ёшларга малака-маҳоратларини аямай ўргатишаётгани ҳам беморларни тезроқ соға­йишга олиб бормоқда.

Албатта, коронавирус пандемияси шароитида тиббиётчиларнинг фидойилиги, жонкуярлиги ёрқин кўринди. "COVID-19"га чалинганларни вақтида аниқлаш, уларга юқори самарали тиббий ёрдам уюштириш, вируснинг аҳоли ўртасида тарқалиб кетишининг олдини олиш ва айни дамда долзарблик касб этаётган эмлаш тадбирларини юксак талабларга мувофиқ бажаришаётгани, вилоятда бу борада анчайин яхши ўринларни эгаллаб туришгани бизга маълум. Шунинг учун, 16 сентябрдан бу ердаги "COVID" поликлиника ёпилди. Бош­қача айтганда, кунига коронавирусга чалинаётганлар сони кескин камайди, авваллари 20 нафардан ортиқ бўлаётган бўлса, энди паст даражага тушиб қолди. Бу, шифокорлар эришаётган ютуқнинг яна бир қиррасидир. Эмлаш эса, якунловчи бос­қичга ўтиш даражасида.

Истиқлол байрамини ёруғ юз билан кутиб олган янгиқўрғонлик саломатлик пос­бонларидан бир гуруҳи муносиб тақдирландилар. Бош врач Лайло Аҳмедова, меҳнат фахрийси Ҳайдарали Ҳожиакбаров, реаниматолог Абдувоҳид Иномов, хирург Қосимжон Усмонов, эмлаш ҳамшираси Дилфуза Маматова, патронаж ҳамшираси Фотима Қорабоева "Ҳадикент" оилавий шифокорлик пункти мудири Гулсора Сойиббоева, "Тез ёрдам" машинаси ҳайдовчиси Тоҳиржон Мадраҳимовлар кўксини "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони безади.

Янгиқўрғон тумани тиббиётчилари сайлов тарғиботи кучайиб бораётган мамлакат ҳаётидаги ғоят муҳим паллада ўз пост­ларида кеча-кундуз бедору ҳушёрдирлар. Элнинг соғлиғи - юртнинг тинчу хотиржам тараққиёти омили эканини бирор лаҳза унутмаган ҳолда каттаю-кичикнинг саломатлигини кўз қорачиғидай асраш уларнинг ягона мақсад муддаолари бўлиб қолаверади.

Содиқ САЙҲУН.