Суҳбатдошимиз - вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими бош мутахассиси Дилором Маматхонова.

- Соғлом овқатланиш инсон умрини узайтирувчи энг муҳим омил ҳисобланади. "Борди-ю, ҳар бир киши овқатланиш қоидаларига тўлиқ амал қилса 120 йил яшаган бўларди", деган эди Аҳмад Дониш ҳам. Дилором Шарифжоновна, мутахассис сифатида айтингчи, ўзи тўғри овқатланиш тартиби қанақа?

- Ҳар бир инсон соғлом ҳаёт кечириши, саломатлигини асраши учун аввало соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиши лозим. Энг биринчи галда эса тўғри овқатланиш тамойилларига.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, инсон саломатлиги ва узоқ умр кўриш ҳолатлари 10 фоиз тиббиётга, 20 фоиз унинг наслига, 20 фоиз эса ташқи таъсирларга, яъни экологик, иқтисодий ва бошқа ҳолатларга боғлиқ экан. 50 фоиз ҳолатларда эса унинг ҳаёт тарзи ва одатларига, шу жумладан, овқатланиш тартибига.

Инсон кун мобайнида 4 маҳал ва ҳар куни бир пайт­да овқатланиши мақсадга мувофиқ. Бундай тартибга амал қилиш озиқаларнинг яхши ҳазм бўлиши учун имконият яратади. Таом қабул қилиш миқдори ва сонининг кўпайиши овқат ҳазм қилиш маркази қўзғалувчанлигини камайтириб, иштаҳани сусайтиради. Кунда 4 маҳал овқатланганда тахминан 600-700 ккал биринчи нонуштага, 300-400 ккал иккинчи нонуштага, 900-1000 ккал тушликка, 600-700 ккал кечки овқатга тўғри келиши лозим.

Овқатланиш қоидалари ҳатто ёшга нисбатан ҳам фарқланади. Болалар ва ўсмирлар учун алоҳида кундалик оқсил, ёғ ва углеводлар миқдори катталарникидан ўзгача. 30, 40, 50 ёш ва кексалар учун ҳам рационал овқатланиш тартиби бошқача.

Ёши улуғ кишилар кўпроқ димланган ва гўштсиз шўрвалар истеъмол қилишлари мақсадга мувофиқ. Уларда ҳазм безларини ортиқча юклама билан ишлашига сабаб бўлганлиги туфайли ёғли, қовурилган, аччиқ таомлар, маринад ва соуслар истеъмолини кескин чеклаш лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки кечки овқатни уйқудан камида 2-3 соат олдин тановвул қилиш керак. Гўшт ва балиқдан тайёрланган таомларни эса асосан эрталаб ва кундузи. Айниқса кечки овқат таркибида ош тузи камроқ бўлгани маъқул. Кўпроқ сутли таомлар бўлса организм учун жуда фойдали. Чунки улар уйқу пайтида организмнинг физиологик фаоллигини ўзгартирмайди. Улардан фарқли ўлароқ тузли ва гўштли овқатлар юрак - қон томир ҳамда нафас тизимига салбий таъсир кўрсатиб, қон босимини, юрак уриш ва нафас сонини пасайиши эмас, аксинча кўпайишига олиб келади. Шунингдек, истеъмол қилинадиган озиқ-овқатлар витаминларга, калий ва магний тузларига бой бўлиши, таомларни ўсимлик ёғида тайёрланиши қон томирларда склероз ривожланишига тўсқинлик қилади.

Кунлик таомномада сабзавот ва мевалардан тайёрланган салатлар, карам, помидор, бодринг, қовоқ ва кўкатлар, дуккаклилар: нўхат, ловия, мош ва турли қўзиқоринлардан меъёрида фойдаланиш лозим.

Ичиш учун эса аччиқ бўлмаган чой, мева шарбатлари, ўтли дамламалар тавсия қилинади.

- Маълумки, аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш учун давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги "Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида"ги қарори фикримизнинг яққол далилидир. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Албатта, ушбу қарордан 2 кун ўтиб, "Бирламчи тиббий - санитария муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жориш қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармон ижросини таъминлаш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирининг 309-сонли буйруғи ҳам чиқарилди. Буйруққа биноан ўтган йилнинг 1 декабридан бошлаб "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш" ҳудудий ҳамда туманҒшаҳар штаблари тузилди. Штабнинг ҳар бир аъзоси жойларда асосий йўналиш ва топшириқлардан келиб чиқиб, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкиллаштиришни, жумладан, аҳолини хатловдан ўтказиш ва антропометрия ўлчовларини амалга оширди.

Шифокору ҳамширалар ҳар бир оилада яшовчи хонадон аъзоларининг барчаси ҳақида тўкис маълумотларини шакллантирдилар. Яъни уларнинг бўй узунлиги, тана вазни, тана вазни индекси, бел айланаси (болаларда бош ва кўкрак айланаси ҳам), артериал қон босими, пульси, сатурацияси ўлчанди. Улар ўта аниқлик билан электрон базага киритилди. Бу орқали одамларда турли хасталикларга мойиллик ҳолатларини аниқлаш имконияти туғилди.

Ортиқча вазн, зарарли одатларга ружу қўйганлик, рационал овқатланмаслик каби салбий иллатлар юзаланди. Натижада фақат билиб олишгина эмас, балки овқатланиш характери ва жисмоний фаоллик ҳолатларини баҳолаш жараёнида уларга қандай маслаҳатлар бериш зарурлигини англадик. Хонадонларнинг ўзида соғлом овқатланиш тўғрисида суҳбатлар уюштирилди. Ортиқча вазн ва семизлик даражалари мавжуд фуқароларга керакли тавсиялар берилди.

Хатловлар натижасида аҳоли 4 та гуруҳга ажратиб олинди. Хатловдан кейинги профилактика ва скрининг текширувлари, "Соғлом ҳаёт" Дастурининг биринчи ва иккинчи босқичлари давомида ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида Наманган шаҳри, Наманган, Учқўр­ғон, Уйчи, Янгиқўрғон, Тўрақўрғон туманларидан 2-гуруҳдан 1-гуруҳга ўтаётган (яъни 2-гуруҳ бирор касалликка мойиллиги борлар, 1-гуруҳ соғломлар) фуқаролар сони кундан кун ошиб боряпти. Вилоятимизда 51431 нафар фуқаро 3-гуруҳдан 2-гуруҳга ўтказилганлиги ҳам ижобий ҳолат бўлиб, бу сурункали хасталиги бор кишилар сони кескин камайиб бораётганлигини англатади. Шунингдек, вилоятдаги 6 ойликдан 23 ойликкача бўлган гўдаклар ва болаларга уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида 92 минг ўрамдан зиёд микронутриент кукунлари тарқатилди.

- Таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни истеъмол қилиш, етарли даражада витамин ва минераллар билан озиқланмаслик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

- Бу каби маҳсулотларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилмоқлик фарзандларимизни рационал ўсиш ва ақлий ривожланишдан анча ортда қолдиради. Катталарда эса юрак - қон томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларни ривожлантириб, умрнинг қисқаришига сабаб бўлади.

Бизнинг диёримиз жаннатга қиёсланади. Бу бежизга эмас. Серқуёш мамлакатимизда инсон саломатлиги учун зарур бўлган витаминларга бой полиз экинлари, шириндан-шакар мевалар, кўкатлар етиштирилади. Тўрт фаслда ҳам уларни топиб истеъмол қилиш муаммо эмас. Кундалик таомномамизда ёғли, қовурилган овқатлар ва ширинликларни чеклаш зарур. Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига қатъий амал қилсак, албатта, узоқ умр кўриш мумкин. Бу фақат ўзимизга боғлиқ.

Манзура ЭРГАШЕВА суҳбатлашди.