Истиқлолли юртимиз сўнгги беш йилликда чинакамига буюк ўзгаришлар ва қутлуғ янгиланишлар жараёнини бошдан кечирмоқда. Ҳар биримиз бунёдкор ва яратувчан халқимиз сафида фаол ҳаракатдамиз. Замон тақозо этаётган беқиёс вазифалар масъулиятини ҳамиша чуқур англаб етиб, ўзимизнинг бор билим ва маҳоратимизни навқирон авлоднинг онгу шуурига фан асосларини изчил сингдиришга астойдил интиляпмиз. Энг муҳими, фаолиятимизга давлатимиз раҳбари томонидан эътибор ва рағбат тобора кучайтирилмоқда.
Чунончи, 10 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши бизлар учун айни муддао бўлди. Чунки, унда Президент ва ижод мактаблари ҳамда ихтисослашган мактабларда таълим-тарбия сифатини оширишга ҳам алоҳида тўхтаб ўтилди. Айниқса, Президент мактабларига инвестицион ва инновацион йўналишларни жорий қилиш бўйича янги тизим ташкилланишини эшитиб, ўқитувчи ва ўқувчиларимиз янги режалар тузишга янада астойдил киришиб кетишди. Уларнинг қувончли натижалар касб этишига ишончимиз комил. Боиси, инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ташқи ишлар вазирлиги жориждан ўқув дастурлари, адабиётлар ва жиҳозлар келтиришга, малакали педагоглар молиявий грантлар жалб қилишга кўмаклашиши белгилаб қўйилди.
Бизнинг мактабимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё. Ҳар жиҳатдан мукаммал лойиҳа асосида қурилган биноларимиз ёруғ ва шинам. Ўқув лаборатория ва компьютер хоналари юксак талабларга тўла жавоб берадиган ҳолатда жиҳозланган. Билим беришнинг техник воситалари, адабиётлар ва мултимедия маҳсулотлари таъминоти тўкис. Педагогик жамоамиз ғамхўрликларга яраша фаол иш олиб бориб, таълим-тарбияда юқори кўрсаткичларни қўлга киритиш мақсадида тинимсиз изланмоқда. Ҳар бир боланинг билим салоҳиятини лаёқатига яраша ривожлантириш доимий диққат марказимизда турибди.
Бугун мамнуният билан айта оламизки, зиммамизга юклатилган вазифаларни қандай бажараётганимиз қисқа фурсатдаёқ кўзга кўрина бошлади. Яъни мактабимизда 2020-2021 ўқув йилида 142 нафар бола таълим олган бўлса, уларнинг аксарияти ўзларининг билимдонликларини тезда намоён этишга эришдилар. Пандемия шароитида онлайн ва офлайн тарзда ўтказилган SASMO, OTEC, AMO, VANDA, HKIMO номли халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз муносиб ўринларни эгалладилар. Аниқроғи, 4 нафари 1-ўринни эгаллаб, олтин, 4 нафари 2-ўринни банд этиб, кумуш, 7 нафари 3-ўринни қўлга киритиб, бронза медалларига сазовор бўлишди. Орифхон Ҳусанов, Моҳина Рустамова, Жавоҳир Акрамов, Давлатали Маллабоев, Адҳамжон Ҳабибуллаевлар ана шулар жумласидандир.
Мамлакатимизда илғор давлатларнинг таълим тизимидаги самарадор омиллардан ижодий фойдаланмоқдамиз. Ўқувчиларнинг фанлар бўйича юкламаларини оптималлаштириш орқали уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари юқорилашига етарли имконият туғдирилмоқда. Бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган фанлар ўзаро интеграллаштирилиб ўқитилмоқда. 6-11синфларда умумтаълим мактабларида 44 турдаги фанлардан сабоқ берилса, Президент мактабида 35 турга келтирилган ҳолатда машғулотлар олиб борилмоқда.
Бугунги ёшлар - кечаги ёшлар эмас. Улар янги Ўзбекистонни, Янги Ренессанс пойдеворини яратувчиларнинг пешқадами, десак ҳам асло янглишмаймиз. Хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлишсин маррани баланд олишлари билан ажралиб туришади. Халқаро майдонда кўзга кўринишни, буюк аждодларимизнинг муносиб авлодлари мақомига кўтарилишни ниятлашган. Бунинг учун хорижий, хусусан, инглиз тилини ўз она тилларидек яхши билиш кераклигини бирор лаҳза унутишмайди. Ўқувчиларимиз ўртасида йилдан-йилга чет тили билимдонлари сафи кенгаяётгани шундан. Масалан, Довудхон Абдубоқиев, Дилоромхон Ҳошимжонова, Саидбек Муродхўжаев, Донёр Эркиновлар юқори даражадаги IELTS сертификатларини олишга улгуришди. Издошлари эса кўпдан кўп.
Бир талай ўқувчиларимиз Буюк Британиянинг Кембриж университети томонидан уюштирилган семинар-тренингларда фаол қатнашишди. Шунингдек, ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш мақсадида синфдан ташқари фан, спорт, санъат, шеърият йўналишларидаги машғулотларни тобора такомиллаштиряпмиз.
Хорижий мамлакатлардан таклиф этилган ўқитувчиларимиз билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганмиз. "Касбий ривожлантириш" дастурига кўра уларнинг тажрибаси ўрганилмоқда ва қўлланилмоқда.
Янги ўқув йилининг бошланишиёқ бизга ғоят умидбахш кайфият бағишламоқда. Президентимиз селектор йиғилишида ихтисослашган ва ижод мактаби ўқувчиларини замонавий билим олиш ва касб танлашга йўналтириш бўйича яна бир муҳим вазифани қўйдилар. Эндиликда 10-11 синф ўқувчиларимиз ҳудудлардаги кичик саноат зоналарига ташриф буюриб, ўрганган билим ва тажрибаларини амалиётда синаб кўришади, малакали ўқитувчи ва мураббийларимиз эса вилоят халқ таълим бўлими билан ҳамкорликда чекка-чекка қишлоқларга бориб, умумтаълим мактабларидаги йигит-қизларга "Маҳорат мактаби" сабоқлари ўтишади. Бундан ташқари муассасамиздаги йигитларимиз чавандозлик кўникмаларини ўзларида шакллантиришлари учун алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса ўз навбатида улардаги ватанпарварлик, мардлик туйғуларини янада ошириб юбориши шубҳасиз. Рақс, тикувчилик, миллий чолғучилик каби тўгараклар ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб вояга етишларида алоҳида аҳамият касб этади. Яна бир қувонарли янгиликлардан - "Мактаб маслаҳатчиси" тизими жорий қилинадиган бўлди. Халқаро тажрибага кўра, бу маслаҳатчилар хорижда таълим олган ва малака оширган, педагогика ва психологияни мукаммал биладиган мутахассислар орасидан танлаб олинади. Улар ўқувчиларнинг қизиқишлари ва қобилятларини ўрганиб, билимларни ўзлаштиришига, касбга йўналишига, янги муҳитга мослашишига, ўз устида тинмай ишлаш кўникмасини ривожлантиришига кўмаклашади. Шундай экан, Президент мактаби болалари - бундан буён рағбатлар қуршовида ҳам ақлан, ҳам қалбан юксалишади. Улар ҳақли равишда:
Президент мактаби – илм конимиз,
Янги Ўзбекистон билимдонимиз! -
дея баралла айта олишади.
Ойбек ЗОКИРОВ,
Наманган Президент
мактабининг вақтинчалик ижрочи директори.