Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармасида бўлиб ўтган тадбирда Республика Саломатлик Марказининг бир гуруҳ малакали шифокорлари иштирок этишди. Мутахассислар турли касалликларнинг келиб чиқиш омиллари, шунинг билан бирга, қайд этилган касалликларга қарши курашишнинг самарали усуллари ҳақида фикр билдирдилар.
- Инсон саломатлигининг 85 фоизи унинг ҳаёт тарзи ва атроф-муҳитга, қолган 15 фоизи ирсий омилларга боғлиқ, - деди Республика Саломатлик маркази шифокори, невропатолог-психолог Камолхон Султонов. - Шу боис ривожланган давлатларда соғлом турмуш тарғиботига соғлиқни сақлаш тизимининг асосий йўналиши сифатида қаралади.
Қайд этилдики, мамлакатимизда ҳам бу йўналишда янгича тизим шакллантирилмоқда. Хусусан, аҳоли саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш учун, энг аввало, бирламчи тизимда самарали, тизимли иш ташкил қилинмоқда. Бу ўринда касалликни даволаш эмас, балки унинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу вазифа эса, бир қанча йўналишларни ўз ичига олади. Яъни, тўғри овқатланиш, атроф-муҳитнинг салбий таъсирини камайтириш, аҳолида жисмоний фаолликни яхшилаш, энг муҳими, ҳар бир фуқарода ўз саломатлиги ва оила аъзоларининг соғлиғига нисбатан масъулият ҳиссини ошириш ҳамда тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, тадбирда коронавирус инфекцияси ҳақида ҳам сўз юритилар экан, иштирокчиларнинг асосий эътиборини мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари саломатлигини асраш масаласига қаратилди. Яъни, болаларни доимий тиббий назоратдан ўтказиш ва шу йўл орқали, уларда касаллик аниқланган вақтда эрта ташхис қўйиш ва даволаш ишларини тизимли ташкил қилиш муҳим аҳамият касб этиши айтилди. Болалар ўртасида паразитларга қарши кураш, рахит касаллигининг олдини олиш, иммунологик статусини барқарор сақлаш ва болаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш уларнинг соғлом авлод бўлиб камолга етиши учун асос бўлиши уқтирилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан қизғин фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Тоҳиржон ТОЖИАЛИЕВ,
вилоят мактабгача таълим бошқармаси юридик бўлими бош юристконсультанти.