Вилоят маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг ўтказилди.
Таъкидланганидек, шу йилнинг 6 - 7 сентябрь кунлари Наманган шаҳри ва барча туманларда бўлиб ўтган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг таклифлари асосидаги участка сайлов комиссияси аъзолигига танлаб олинган шахслар обдон муҳокама этилди. Ушбу жараёнда жаҳон андозаларига хос демократик тамойиллар устуворлиги таъминланди.
Дарҳақиқат, ҳуқуқий давлатга асосланган фуқаролик жамияти қурар эканмиз, бу галги сайловнинг қадри ва аҳамиятини ҳамма бирдай ҳис этиб турибди. Ушбу номзодларни тасдиқлаш сессиялар қарорлари билан 6-Наманган округ сайлов комиссиясига юборилди.
Округ сайлов комиссиясининг раиси, Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғуновнинг қайд этишича, тавсия этилган участка сайлов комиссияси аъзоларининг ваколатлари эътироф этилиб, тасдиқланганди. Номзодлар тўлиқ ўрганиб чиқилди ва улар Сайлов кодекси талабларига мувофиқлаштирилди.
Демак, Наманган вилояти ҳудудларида муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни ўтказувчи жами 831 та сайлов участкалари тузилиб, комиссиялар таркибига 11148 киши жалб этилди. Улар орасида халқ таълими, маҳалла фуқаролар йиғинлари, соғлиқни сақлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари кўпчиликни ташкил этади. Педагоглар, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, муҳандислар, иқтисодчилар кабилар шулар жумласидандир. Комиссия аъзоларининг 5920 нафари, бошқача айтганда 53,1 фоизи аввалги сайловларда қатнашганларни ташкил этади. Эътиборлиси шундаки, участка сайлов комиссияларига тасдиқланган аъзоларнинг энг кўп - 6318 нафари, бошқача айтганда 56,7 фоизи таълим тизими ходимларини ташкил этади.
Йиғилишда участка сайлов комиссияларининг сифат таркиби атрофлича муҳокама қилиниб, сайлов компаниясининг навбатдаги муҳим босқичларида сайлов участкаларида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, муҳим вазифаларга эътибор қаратилди.
Эндиги вазифа сайлов комиссиялари ўз фаолиятларини олиб бориш учун ажратиб берилган бино ва хоналарни қабул қилиб олишлари талаб этилади. Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини тузади, сайловчиларни рўйхат билан таништиради, хатолар ва ноаниқликлар бўлса, бу масалани ҳал этади. Сайлов куни ўз яшаш жойида бўла олмайдиган фуқаролардан тўлдирилган сайлов бюллетенларини ёпиқ конвертларда қабул қилиб олади. Аҳолини овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади. Бинодаги яширин овоз бериш хонаси ва сайлов қутиларини тайёрлаб қўяди. Сайлов куни участкада овоз беришни ташкил этади, овозларни санаб чиқади. Шунингдек, сайлов жараёнлари билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва бу ҳақида қарорлар қабул қилади.
Брифингда 6-Наманган округ сайлов комиссияси томонидан журналистларга айни шу жиҳатлар ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
ЎзА