Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 18 - 19 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида Наманган давлат университетида Тиббиёт факультетини ташкил этиш топшириғи берилганди. Яқинда мазкур даргоҳнинг тақдимоти ўтказилди.

Олийгоҳда 2021 - 2022 ўқув йили учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича даволаш иши ва педиатрия иши йўналишларига 25 тадан, жами 50 та ўрин ажратилди ва талабалар қабул қилинди.

Университетда тиббиёт факультетини ташкил этиш учун алоҳида бино, маъруза, амалий ва лаборатория машғулотлари учун замонавий жиҳозланган хоналар, адабиётлар тайёрланиб, ўқув меъёрий ҳужжатлар, янги ўқув йили юкламалари шакллантирилди.

- Бўлғуси шифокорларни таълим стандартларига мувофиқ ўқитиш жараёни АДТИ билан ҳамкорликда амалга оширилади, - дейди даволаш иши гуруҳи раҳбари,биология фанлари бўйича фалсафа доктори Мирзоҳид Мирзаолимов. - Талабалар амалиётини йўлга қўйиш, шифохоналар моддий-техник базасидан фойдаланиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома имзоланди.

Ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш мақсадида Наманган давлат университети Ахборот Ресурс Марказига 3000 та ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги тиббиётга оид электрон адабиётлар олинди. Электрон адабиётлар асосида махсус телеграм канал ташкил этилиб, барча адабиётлар жойланди.

Янги факультет тақдимот маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов Наманганда тиббиёт кадрлари етишмовчилиги муаммосини ҳал этишда мазкур масканнинг аҳамияти беқиёс эканлиги ва келгусида олий таълимни ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр юритди.

Манзура ЭРГАШЕВА.