Мамлакатимиз тараққиётини юқори бос­қичга кўтариш ҳаракатидаги халқимиз давлат мустақиллигининг 30 йиллигини ғоят уюшқоқлик вазиятида, кўтаринки кайфиятда кутиб олди. Айниқса, байрамга икки ҳафта қолганида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон" газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавоблари барчамизни эртанги кунга бўлган умиду ишончимизни янада мустаҳкамлади.

Чунончи, "... Янги Ўзбекистонни барпо этиш - бу шунчаки хоҳиш- истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақазо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив ҳақиқатдир". Шундай экан, олдимиздаги устувор вазифалар нималардан иборатлиги ҳақидаги саволга ҳам Юртбошимиз аниқ жавобларни баён қилдилар. Ундаги олти устувор вазифанинг бешинчиси - тиббиёт тармоғи ходимлари зиммасига юклатилгандир. Чунки, пандемия даврида халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини асраш биз учун энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Буни шу йўналишга жорий йилда 3 триллион сўм заҳира маблағ йўналтирилганлигининг ўзиёқ яққол ифодалаб турибди. Ахир коронавирусга қарши вакциналарни олиш ва эмлаш тадбирларини нав­батма-навбат тўхтовсиз ўтказиб бориш ҳаётий заруриятга айланиб турибди-да..

Президентимиз айтганларидай: "Барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина хизматини йўлга қўйиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса беморга кечиктирмай тўғри ташхис қўйиш, муолажалар жараёнини юқори малакали мутахассисларнинг маслаҳатлари асосида олиб бориш учун беҳад қулайликлар яратмоқда.

Биз мамлакатимиз раҳбарининг долзарб масалалар юзасидан берилган саволларга жавобларини ўқиб, кўнглимизга ғоят мунавварлик югурмоқда. Сабаби, мавжуд муаммоларга жўяли ечимлар топилаётганидан бохабар бўляпмиз. Жумладан, давлат ва хусусий даволаш муассасаларнинг ҳамкорлигига алоҳида ва жиддий эътибор берилмоқда. Мавжуд ҳолатнинг аниқ шарҳланиши, маълум муаммолардан кўз юммай, уларни ижобий ҳал этиш сари дадил қадамлар ташланиши шундан далолат беради. Яъни: "Мамлакатимизда хусусий тиббий клиникалар очишга кенг имкониятлар яратиб берилаётганига қарамасдан, жойларда гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича шифохоналар етишмаяпти. Шунинг учун давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни кўпайтириш, 170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмасини компьютер томографлари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш бўйича ходимлар малакасини оширишга қаратилган амалий ишлар бошланди" де­йилгани шифокорларни ҳам беморларни ҳам беихтиёр қувонтиради.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда. Хал­қимиз мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик тўйини баланд руҳ билан нишонлаётгани шундан. Энди тараққиётимизнинг барқарору бардавом бўлиши учун каттаю кичикнинг соғлом ва бақувват яшашига ҳар жиҳатдан эришишимиз зарур.

Солижон МЎМИНОВ,

вилоят кардиология маркази директори,

тиббиёт фанлари номзоди.