У коронавирусга қарши вакцинадир
Наманган шаҳридаги 13-оилавий поликлиника жамоаси катта ҳудудга хизмат қилади. Яъни Фурқат, Машраб, Беруний номли ҳамда Маънавият, Мингчинор ва Гулистон маҳаллаларида яшовчи 25 мингдан зиёд аҳоли уларнинг тасарруфидадир. Бош врач Мукаррам Шодмонова врачу ҳамшираларнинг бор билиму малакаларини халққа ҳамиша ҳалол хизмат кўрсатишга, давр талаблари даражасида фаолият юритишга сафар этишни доимо диққат марказида тутиб келмоқда. Натижаларнинг чакки эмаслиги, эътирозларнинг камдан камлигию, эътирофларнинг кўпдан кўплиги шундан далолат эмасми?!
Агар биргина эмлаш жараёнига назар ташласак ҳам буни англаш қийин эмас. Эрталабдан кечга қадар поликлиника эшиклари даво истаб келувчиларга очиқ. Эмлаш хоналарида врачу ҳамширалар ҳозиру нозир.
- Пандемия шароитида яшашнинг тартибларига халқимиз анча кўникиб боряпти, - дейди бош врач Мукаррам Шодмонова. - Лекин энг ишончли тадбир эмлаш эканини сира-сира унутмаслигимиз керак. Поликлиникамиз ҳудудидаги 8 минг 600 дан зиёд аҳолининг ўз вақтида вакцина олишини таъминлаш учун барча куч ва имкониятларимизни сарфлаяпмиз. Дастлаб - апрель ойида кунига эмланувчилар сони 300-400 нафар атрофида бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 80-90 нафарга тушди. Чунки, кўпчиликнинг вакциналар қабул қилишига улгурдик. Яқин орада якунласак ажаб эмас. Ахир бу юмуш давлат миқёсидаги жиддий тиббий тадбир сифатида бизга ғоят юксак масъулият юклаган.
Ҳозирда ҳам 3 та бригада фаол ҳаракатда. Ҳар бирида 1 нафардан врач, ҳамшира ва қайдловчи иш олиб бормоқда. Ташриф буюрган шахс рўйхатга олинади, врач текширувидан ўтказилади, саломатлигида жиддий муаммоси йўқлиги аниқлангач, эмлашга тавсия қилинади. Билагидан ўзи хоҳлаган, муассасада мавжуд бўлган уч хил вакцинадан бири юборилади. Кейин ярим соат кутиш хонасида ўтиради. Икки ёки уч босқичли вакциналар ҳар 28 кунда такрорланади. Ниҳоят, эмланганлик Сертификати қўлига тутқазилади.
Албатта, поликлиникага келолмайдиган табақалар ҳам эмлашдан четда қолдирилмайди. Уларнинг иш жойларига, уйларига бориб, сайёр бригада вакцинациялашни амалга ошириб қайтмоқда.
"Дамас" - амбуланс ҳайдовчиси Ёрқинжон Мансуров, врач Бекзод Муҳиддинов ҳамда ҳамшира Мавлуда Каримоваларни ҳар куни белгиланган манзилларга олиб боряпти. Уйда ётиб қолганлару сурункали хасталиклари борларга алоҳида ғамхўрликдир бу.
Бугун поликлиника мижозлари эмлаш хоналаридан мамнун қиёфада чиқиб кетаётганликларини кўриб қувонасан киши. Мабодо "Эмлаш яхши ўтказилдими?" деган савол берсангиз, дарров шифокорларга гап йўқ, давлатимизга ҳам раҳмат!" каби хушкаломни тилга олишади. Қандай яхши, одамларнинг тиббий хизматдан мамнунликлари. Бу таъкидлар Машҳура Саматова, Дилдора Абдураҳмонова, Назокат Абдуллаеваларга ўхшаган врачлару, Нафиса Фазлиддинова, Гулчеҳра Қўлдошева, Нилуфар Эргашева сингари ҳамширалар, Дилфуза Раҳимова ва Шоҳиста Сотволдиева каби қайдловчи ва компьютерчиларнинг ўз вазифаларини тўкис уддалашаётгани туфайлидир.
Ҳозирда поликлиника жамоасининг қадами ҳудуддаги аҳолидан ташқари 1 та институт, 3 та мактаб, 9 та боғча, шунингдек, қатор дўконлар, ошхоналар, маиший хизмат шохобчаларигача етиб бормоқда. Шунинг учун ҳудудда пандемия хавфи камайишига эришиляпти, десак ҳам заррача муболаға эмас.
Содиқ САЙҲУН.