Ҳозирда юртимизда 4 турдаги: ZF-UZ-VAC2001, AstraZeneca, "Sputnik V", Moderna вакциналаридан эмлаш жараёнларида фойдаланилмоқда. Pfizer/BioNTech ўзбекистонликлар эмланадиган бешинчи вакцина бўлади.
Pfizer/BioNTech суюқ вакцинасининг эмлаш пунктларида сақланиши, жойларга етказиб бериш ва эмлаш жараёни амалга ошириш тартиби коронавирус инфекциясига қарши қўлланилаётган бошқа вакциналардан фарқ қилади.
Pfizer/BioNTech суюқ вакцинаси кўп дозали (6 доза) флаконда ишлаб чиқарилган, 0,9% изотоник эритма билан эритилади (фақат вакцина билан бирга келган эритувчи). Вакцина суюқ ҳолатда бўлади ва у 1,8 мл. эритувчиси билан эритилади ва тайёр эмлаш ҳолатига келтирилади.
Флакондаги вакцина эмлаш хонасида +2+8 совутгичда сақланади. Эмлашдан аввал вакцина совутгичдан олинади ва эритишдан олдин 10 марта олдинга ва орқага айлантирилади. Сўнгра ҳар бир флакон учун алоҳида шприц билан эритувчи тортиб олинади ва вакцина бор флаконга қуйилади. Вакцина эритувчисини олиб, эритиш учун 2,0 мл ёки 5,0 мл шприцлар ишлатилади. Эритувчили флакон ва ишлатилган шприц хавфсиз қутига ташланади.
Флакондаги ёрлиққа вакцина эритилган дақиқа, соат ва кун ёзилади.
Вакцинали флаконга эритувчи юборилгандан сўнг 10 марта чайқатмасдан яна айлантирилади, эритилган вакцина оқ суспензияли тиниқ суюқлик ҳолатига келади, агар ташқи визуал кузатувда эритилган флакондаги вакцина таркибида ёт модда борлиги аниқланса бундай вакцина ишлатилмайди.
Pfizer/BioNTech эмлашдан олдин алоҳида 0,3 мл махсус шприцда олинади (олдиндан шприцларга вакцинани олиб қўйиш тақиқланади).
Битта флаконда 6 доза + 1.8 мл доза ҳажмда аралаштирилган тайёр ҳолатдаги вакцина мавжуд бўлиб, бу вакцинанинг 0,3 мл дозаси эмланувчига юборилади (чап қўлига мушак орасига). Буни учун махсус 0.3 мл шприц ишлатилади.
Вакцина олувчи шахс дастлаб тиббий кўрикдан ўтади ва эмлангандан сўнг 15-30 дақиқа даволаш-профилактика муассасасида бўлади.
Pfizer/BioNTech вакцинасининг очилмаган флакони эмлаш пунктида +2 +8 даража ҳароратда бир ой давомида (31 кун) сақланади.
Вакцинани эритувчиси эса +2 +8 даража ҳароратда совуткичнинг пастги қисмида сақланади.
Pfizer/BioNTech эритилганидан сўнг 6 соат давомида ишлатилиши шарт! Эритилган вакцинани ва вакцина эритувчисини қайта музлатиш асло мумкин эмас!
Вакцинанинг бир дозаси - 0.3 мл белгиланган, агар флаконда қолган вакцина 0.3 мл доза бўлмаса бундай вакцина яроқсизлантирилади. Бир флакондаги қолдиқ вакцинани иккинчи флаконга қўшиш таъқиқланади. 6 соат давомида ишлатилмаган вакцина ҳам яроқсизлантирилади.
Pfizer/BioNTechнинг биринчи дозаси олингандан сўнг, 21-28 кун оралиғида иккинчи доза вакцина билан эмлаш ўтказилади.
Шерзод ЛАТИБЖОНОВ,
вилоят СЭО ва ЖСБ иммунология бўлими бошлиғи.