Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг шонли ўттиз йиллиги муносабати билан юртимизда бўлиб ўтган байрам шодиёналарига шаҳар ва қишлоқларимизда, меҳнат жамоаларида ташкилланган маънавий-маърифий тадбирлар ўзгача мазмун бағишлади. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида кечган байрамолди учрашуви барча қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Тадбирга узоқ йиллар филиалда хизмат қилиб, айни пайтда қарилик гаштини сураётган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари таклиф этилди.

Кексаларни эъзозлашга бағишланган маросим аввалида филиал директори Аброржон Алижонов йиғилганларни энг улуғ, энг азиз айём - Мустақилликнинг ўттиз йиллиги билан муборакбод этди. Меҳмонларга тиббиёт масканида кечаётган ўзгаришлар, айниқса Инвестиция дастуридан сўнг вужудга келган қулайликлар, соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берилди. Бутун умрини эл саломатлигини сақлашга бағишлаган нуронийларнинг сидқидил хизматлари доимо эсланиши айтилди. Бугунги авлод вакиллари улар бошлаган эзгу ишларни астойдил давом эттираётганликлари таъкидланди.

Йиғилганларнинг гулдурос қарсаклари остида меҳмонларга кўп йиллик самарали хизматлари учун филиал маъмуриятининг Ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда сўз олган устоз шифокорлар Абдулла Қозоқов, Роҳатхон Абдуллаева, Ўрмонжон Аширов ва бошқалар кўрсатилган илтифот учун миннатдорчилик изҳор этиш билан бирга тиббиётда кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ тиббий хизмат даражаси муттасил ўсиб бораётганлигини мамнуният билан қайд этдилар. Туну кун аҳоли соғлиғи йўлида мардонавор хизмат қилаётган бугунги авлод вакилларига қимматли таклифларини билдирдилар. Халқимизнинг тиббиётдан рози қилиш учун касбга садоқат намуналарини кўрсатиш, билим ва малакаларни тинмай бойитиб бориш, ҳалоллик ва фаоллик дастуриламал бўлиши муҳимлиги алоҳида айтилди.

Дастурга мувофиқ меҳнат фахрийлар нафақага чиққунга қадар ўзлари ишлаган бўлимларда ҳам бўлиб, яратилган беқиёс шароитлар билан танишдилар. Ўзаро суҳбатлар чоғида буюк неъмат -Истиқлол ато этган имкониятлар натижасида аҳолига сифатли ва малакали шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш даражаси кескин кўтарилганлиги эътироф этилди.

- Бугунги авлод шифокору ҳамшираларига ҳавасим келади,- дейди Ўрмонжон Аширов. - Илгари шароитлар бу қадар юксак эмасди. Ҳозир ўтмиш билан таққослаганда жуда катта тафовутни кўриб турибмиз. Кенг ва ёруғ , замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлимларда фақат юксак даражада тиббий хизмат кўрсатиш керак. Шогирдларимга шу жиҳатни алоҳида уқтирдим. Филиал жамоасига ҳамиша омадлар ёр бўлсин.

Тадбир ниҳоясида маросим қатнашчилари эсдалик учун суратга тушишди. Бу лаҳзалар қадри қанчалар бебаҳо эканлигини вақт ўтган сари ҳамма дилдан ҳис этиши табиийдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.