Россия Федерацияси Бошқирдистон давлат тиббиёт институти клиникаси шифокорларидан иборат бир гуруҳ мутахассислар вилоятимизда бўлишди. Улар коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш ишларини олиб бораётган маҳаллий ҳамкасбларига амалий кўмак беришди.

Россиялик тиббиёт ходимлари бир ҳафта давомида Наманган юқумли касалликлар шифохонаси ва "Баркамол авлод" спорт мажмуасидаги махсус шифохонага ташриф буюришиб, яратилган шароитлар, "Covid-19" инфекциясини юқтириб олган беморларни дарддан халос этиш борасидаги фаолият билан танишдилар. Наманганлик саломатлик посбонлари билан биргаликда даволаш ишларида қатнашилди. Ўзаро мулоқотлар чоғида тажриба алмашилди.

- Наманганга сафаримиз таассуротларга жуда ҳам бой кечди. Аввало пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофазалаш чоралари кўрилган. Махсус шифохоналардаги имкониятлар зўрлигини айтмайсизми. Дарди оғир беморларни даволаш самарадорлигини ошириш учун энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари, сўнгги андозалардаги тиббий аппаратуралар ўрнатилган. Шифокорларнинг малакаси ҳам юқори. Буларнинг натижаси соғломлаштириш кўрсаткичларининг баландлигида яққол намоён бўлаётганлигини мамнуният билан эътироф этамиз, - дейди врач-анестезиолог-реаниматолог Динар Шайдулин.

Севара ҒОЗИЕВА.