Истиқлол шарофати билан вилоят эндокринология диспансери ҳам замонавий типдаги, барча зарур шарт-шароитлар муҳайё этилган янги бинога кўчиб ўтган. Амбулатор-поликлиника, реанимация, жарроҳлик, болалар ва ўсмирлар, тиреоидология, диабетик нефропатия, умумий эндокринология ҳамда лаборатория каби ихтисослашган бўлимларнинг фаолият қирралари кенгайди. Моддий-техник имкониятлари кўлами ошди. Лазертерапия, магнитотерапия, ИВЛ аппаратлари, иммунофермент анализатори, биохимик автомат анализатор, дифибилятор (монитори билан), стационар рақамли рентген диагностика аппарати ва бошқа яна кўплаб тиббий асбоб-ускуналар, сўнгги русумдаги компьютерлар жамланмасидан фойдаланилмоқда.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 апрелдаги "2019-2021 йилларда Республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш бўйича Миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарорига кўра юқори хавфга эга гуруҳлар, болалар, ўсмирлар, эмизикли ва ҳомиладор аёлларга калий йод ва дори воситалари бепул етказиб бериляпти.
Қалқонсимон ва қалқонолди безлари гармонларини иммуноферментатив аниқлаш, гликрланган гемоглабин ва бошқа турдаги биохимик таҳлиллар йўлга қўйилди. Илгарилари бу таҳлиллар учун фақат пойтахтга борилар эди. Шунингдек, Европа миқёсидаги инновацион, такомиллашган қанд туширувчи препаратлар 2-тур қанд диабетлар учун қўлланилмоқда. Лантус, Левемир шприц ручкалари қондаги қанд миқдорини ўлчаш учун аппаратлар билан тўлиқ таъминланган.
Қандли диабетнинг 1-тури билан оғриган болалар ва ўсмирлар ҳамда ҳомиладор аёлларни даволашда инсон инсулинларининг ўрнига аналог инсулинларини қўллаш жорий этилди. Бу беморлар ҳаёт сифатини яхшилашга, жисмоний ва интеллектуал ривожланишини таъминлашга хизмат қилади. Аналог инсулинлар инсон инсулинларидан фарқли равишда юқори самарадорликка эга. Яъни узоқ таъсир этиши туфайли инъекциялар сонини камайтиришга имкон беради.
Маълумки, эндокринология хасталикларида профилактика ғоят муҳим роль ўйнайди. Вилоятда йод танқислиги ҳолати аҳолининг 33,7 фоизини ташкил қилаётгани касалликлар профилактикасини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатди. Шу боисдан ҳам филиал директори Муҳаммаджон Ваққосов бошчилигидаги мутахассислардан иборат тиббий бригадалар вилоятимизнинг барча туманларида, олис ва чекка ҳудудларида аҳолига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳамда профилактик тадбирларни мунтазам ташкил қилмоқда.
- Диабет хасталигига чалинганимга тўрт йилдан ошди, шунинг учун ҳам диспансер назоратида тураман, - дейди Мингбулоқ тумани Гулбоғ қишлоғида яшовчи Қурбоной опа. - Баъзан моддий етишмовчилик туфайли ўз вақтида шифохонага текширувдан ўтгани бора олмас эдим. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён диспансер ходимларининг ўзлари қишлоғимизга тиббий аппаратлари билан келишиб, саломатлигимизни кўрикдан ўтказишяпти. Қондаги қанд миқдорини ўлчашиб, керакли тавсияларини бериб кетишмоқда. Эндокринолог врачларимиздан жуда-жуда миннатдормиз.
Чунончи, тиббий хатлов давомида аниқланган 3- ва 4- хавф гуруҳига мансуб беморларнинг хонадонларига ташриф ҳам уларнинг қувончига сабаб бўлмоқда. Мутахассислар ётиб қолган беморларнинг уйига тиббий жиҳозлари билан боришиб маслаҳат алмашувлари ўтказишяпти. Керакли тавсиялар, зарурларига туманнинг ўзида каминвазив операцияларини ўтказиш билан бирга маҳаллий шифокорлар билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиляпти. Айниқса, мазкур тиббиёт муассасасида кадрлар салоҳиятига эътибор кучайтирилган. Шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги 35 нафар ёш шифокорни РИЭИАТМда ўқиб малака оширишлари учун шароит яратилди. Диспансер ҳисобидан ўқитилди. Қолаверса эндокринологлар Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург шаҳарларида соҳа бўйича касбий малака маҳоратларини ошириб боришяпти. Республикамизда жорий қилинган янгилик - Телемедицина имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиляпти.
- Ихтисослаштирилган эндокринология хизматини одамларга яқинлаштириш мақсадида Янгиқўрғон, Чуст, Норин туман тиббиёт бирлашмаларининг терапия бўлимларида туманлараро регионал бўлимлар ташкил этяпмиз, - дейди филиал директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Ваққосов. - Диабетнинг хавфли асоратлари, айниқса, инфаркт, миокард, кардиосклероз, буйрак трансплантацияси, диабетик кўрлик, диабетнефропатия ампутациялари хавфли асоратларининг олдини олиш ва камайтириш мақсадида кардиодиабет, офтолдиабет, реабилитация ва янада тараққий этган замонавий лаборатория-диагностика бўлимларини очиш учун ҳаракатни бошлаганмиз.
Дарҳақиқат, инсон саломатлиги учун қайғурган ҳар бир тиббиёт ходимини фидоий дейишга ҳақлимиз. Шу маънода бу ерда ҳам фидоийлар фаолият юритишади. Бош врач ўринбосари Луқмонжон Боймирзаев, бўлим мудирлари Дилором Эгамбердиева, Абдуллохон Абдулҳаев, Абдуғани Дадамирзаев, Гулмира Пўлатова, Наргиза Тожимирзаева, Баҳодир Давлатов, Матлуба Қодирова ва бошқаларнинг хизматлари барчага манзур. Биз эл соғлиғи йўлида сидқидилдан хизмат кўрсатаётган филиал жамоасининг келгуси ишларига улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Манзура ЭРГАШЕВА.