Наманган шаҳрида ўнлаб тиббиёт муассасалари бор. Истиқлол йилларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида янгидан-янги даволаш масканлари шакллантирилди. Улар орасида "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари"нинг Наманган тиббий-санитария қисми алоҳида ажралиб туради. Йигирма беш йил муқаддам ташкил топган соғломлаштириш даргоҳи юртимиз энергетика соҳаси ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига беминнат хизмат кўрсатиб келмоқда.
Тиббий-санитария қисми 80 ўринли шифохонадан иборат. 30 ўринли терапия, 30 ўринли неврология ва 20 ўринли физиотерапия бўлимлари мавжуд. Шунингдек, 150 қатновга мўлжалланган поликлиника ҳам фаолият кўрсатади.
- Шифохонамиз вилоятимиздан ташқари Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги энергетика тизими корхоналари вакиллари саломатлигини тиклашга ихтисослаштирилган, - дейди бош шифокор Улуғбек Ботиров. - Шифо топиш ниятида ташриф буюрган ҳар бир беморни самарали даволаш учун зарур имкониятлар яратилган.
Дарҳақиқат, вилоят марказининг энг гавжум гўшасида жойлашган тиббий-санитария қисми жамоаси шифохона салоҳиятидан келиб чиқиб, хастаҳолларнинг дарддан халос бўлишларига эришиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Малакали тиббиёт ходимлари ўз вазифаларига сидқидил ёндошиб, юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар воситасида касалликларни аниқлаш самарадорлигини ошириш учун интилишмоқда. Врачларнинг 12 нафари олий тоифага эга эканлиги ҳам бу борада ғоят қўл келмоқда.
Нурчилар шифохонасида замонавий ЭКГ, УТТ доплерография, ФГДС, ЭЭГ, мобил флюорограф, клиник ва биохимик текширувлари, ИФА анализатор таҳлиллари ўтказилади. Физиотерапия бўлимида барча турдаги физиотерапевтик муолажалар олиб борилади. Фитобар мунтазам ишлаб турибди.
Поликлиника бўлимининг фаолияти ҳам диққатга сазовор. Терапевт, жарроҳ, стоматолог , оториноларинголог, уролог, офтальмолог, акушер-гинеколог ва бошқа тор соҳа мутахассислари фаолият олиб боришади. Поликлиника йилига 30 минг нафардан зиёд кишига хизмат кўрсатади. Шифохонада эса икки минг нафардан ортиқ бемор соғломлаштирилади. Ташриф буюрувчиларни малакали даволаш билан бирга уларни жисмонан тетиклаштиришга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Даволаш-жисмоний тарбия машқлари олиб борилади.
- Муассасамиз фаолиятини янада тараққий эттириш чораларини кўряпмиз. ИФА замонавий анализаторимиз ишини такомиллаштириб, гепатит маркерлари, Торч инфекциялари ва қондаги гармонлар текширувларини ҳам жорий этмоқчимиз. Қолаверса, Тошбулоқ шаҳарчасидаги бальнология бўлимимиз ишини янада жонлантириб, шифобахш маъданли сув билан даволаш доирасини янада кенгайтириш ниятидамиз, - дейди бош шифокор.
Ўз мухбиримиз.