5 та ахборот тизими, 8 мингта IT–оператор ҳамшираси штати жорий этилди

Маълумки, бугунги замонавий тиббиётни ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштиришни жадаллаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Мақсад эса аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳани янада такомиллаштириш, тизим ходимлари ва беморлар учун қулай шарт-шароитларни яратишдан иборатдир.

Эътиборлиси, сўнгги 4-5 йил ичида 3029 та бирламчи ва даволаш профилактика муассасаларга юқори тезликдаги интернет тармоғи ўтказилди. Шу билан бирга, 3 турдаги маълумотномаларни "Электрон ҳукумат" тизими орқали бериш бўйича идоралараро ахборот тизимига интеграция қилинди.

Соҳага доир 5 та ахборот тизими ("Электрон поликлиника", "Emlash.uz", "Bemor.uz", "Xatlov.uz", "Туғилиш ва ўлим ҳолатларини электрон рўйхатга олиш") ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, халқаро тажриба ўрганилиб, соғлиқни сақлаш тизимини 2025 йилга қадар рақамлаштириш стратегияси (E-health-2025) лойиҳаси ишлаб чиқилди. Айниқса, 8 мингта IT-оператор ҳамширалари штати жорий этилгани ва бошқа соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг компьютер саводхонлиги оширилгани соҳадаги муҳим ўзгаришлардан бири бўлди.

Бир сўз билан айтганда бугунги кунда тиббиёт тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар юртдошларимизга янада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.