Агар ўтмишга назар ташласак, Тўрақўрғон туманида 1927 йилга қадар на врач, на фельдшер бўлмаганини кўрамиз. Халқнинг бирдан бир умиди дуохону ўз ишини устасига айланиб-айланмаган табиблардан эди. Уларнинг дори-дармонларини нафи кафолатли эмасди. Одамлар турли касалликлардан кўп вақт азоб чекарди. 30-йиллар давомида ҳам бу борада жиддий ўзгаришлар қилинмади. Тўғрисини айтганда, касалхона ва тиббий пунктлар ташкил этишга киришилгани билан соҳани ривожлантириш осон кечмади. Биноларнинг нобоплиги, маълумотли мутахассисларнинг камлиги бунинг асосий сабаблари эди. 1940 йилдагина туман соғлиқни сақлаш бўлимига битта юк автомашинаси келтирилди. Ундан " тез ёрдам" ни уюштириш учун фойдаланила бошланди. Бўлим икки арава, икки велосипед ва битта отбоқар штатига эга бўлган. Яширишнинг хожати йўқ, туман бўйича атиги бир нафаргина ўзбек шифокори хизмат қилган, холос. Қолганлари рус, татар миллатлари вакиллари эдилар.
Албатта, Иккинчи жаҳон урушидан кейингина тиббий хизмат соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар бошлаб юборилди. 1948 йилда извош ёнига енгил автомашина ҳам қўшилди. Тўрақўрғонда 50 ўринли марказий шифохона, Яндама, Ахси, Бураматут ва Ёртепада фельдшерлик пунктлари, Шаҳандда врачлик амбулаториясида даволаш ишлари олиб борилган. 6 та врач ва 35 та ўрта тиббиёт ходими хизмат кўрсатган.
50-йилларнинг ўрталарида Ахсида ундан, кейинроқ Шаҳандда, Бураматутда, Саройда жамоа хўжаликлари таъминотидаги шифохоналар очиб берилди. Уларда ўринлар сонининг озлиги, мутахассисларнинг билим малакаси етарли эмаслиги халқнинг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини тўла қондиролмасди. Бироқ ўзимизнинг миллатимиз орасидан етишиб чиққан врачлар, ўрта махсус маълумотли фельдшеру ҳамширалар сафи йилдан - йилга кенгайиб боргани учун соҳага одамларнинг ишончи, ихлоси кучайди. Тоҳир Ўринов, Жўра Қаҳҳоров, Хожимирза Шамсиев, Олимжон Тожибоев, Яҳёхон Исмоилов, Леонид Рейим, Ривожиддин Мадаминов, Мирзараҳмат Холмирзаев, Маҳмуджон Қўчқоров, Аҳмаджон Худойназаров, Олимжон Холмирзаев каби врачлар туман соғлиқни сақлаш бўлими, марказий шифохоналарда бош врачлик вазифасини уддалашди.
Маълумки, 1970 йили Тўрақўрғон тумани қайта ташкил этилгач (Наманган тумани таркибидан ажралгач), иқтисодий- ижтимоий тараққиёт бир мунча тезлашди. Эски бинолар ўрнида янгилари қурила борди.
80-йилларга келиб, аҳолига 1 та марказий, 5 та участка, 1 та юқумли касалликлар шифохоналари, кўз, сил касалликларига қарши курашувчи диспансер, 31 та фельдшерлик-акушерлик пунктлари беморларни даволади. Лекин муаммолар ҳали кўп эди.
Ҳаётнинг ўзи тақозо этаётган энг зарур хизматларни тўла-тўкис яратиб қўйишга фақатгина истиқлол имконият берди. Тўрақўрғонда ҳам тиббий хизматда беқиёс ўзгаришлар палласи бошланди. Янги даврда янгичасига дунёқараш, янгичасига ишлаш қарор топгани барчамизга яхши маълум. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш чора-тадбирлари кўрилди. 1999 йилдан бошлаб эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят филиалининг тумандаги шохобчаси иш бошлади. 2000-йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Тўрақўрғон давогоҳларининг қиёфаси тубдан ўзгартирилди, моддий-техника базаси бойитилди ва мустаҳкамланди. Туман марказий касалхонаси бош врачи, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифаларини адо этган Боқижон Салимбоев, Ҳалимжон Алимов, Адҳамжон Жўраев, Муҳаммаджон Турдибоев, Шокиржон Юсупов, Муҳаммаджон Деҳқонов, Анасхон Камолиддинов, Юнусхон Абдупаттоевлар истиқлол ислоҳотлари шарофатидан халқимиз тобора яхшироқ баҳраманд бўлишлари учун даволаш-профилактика муассасалари ишини сезиларли даражада фаоллаштирдилар. Беморларни интенсив муолажалар билан қисқа фурсатда соғайтириш мақсадида врач ва ҳамширалар ишига талабчанлик оширилди, малакаларини навбатма-навбат мукаммаллаштириш учун уларни ўқувларга юбориш режали йўлга қўйилди.
Тўрақўрғонлик тиббиётчилар вилоятдаги ҳамкасблари ўртасида алоҳида эътиборга, алоҳида ўринга эгадирлар. Таниқли акушер - гинеколог Гулсора Икромова биринчилардан бўлиб, 1- ва 2- даражали "Соғлом авлод учун", педиатр Эдем Фетиев "Дўстлик" орденларига, олий тоифали кардиолог Аҳмаджон Худойназаров билан олий тоифали невролог Маҳмуджон Иброҳимов "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими" унвонларига, ўндан зиёд шифокорлар "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига сазовор бўлдилар. Уларнинг бир талайи кўрик-танловларнинг Республика босқичи ғолиблари сафига қўшилишган.
Ҳозирги авлоднинг ёдидан чиқмаслиги учун тиббиётимизнинг фидойилари номларини эслатиб туриш ғоят ҳайрли иш деб ўйлаймиз. Ваҳобжон Муллабоев, Яҳёхон Исмоилов, Мўминжон Мамажонов, Абдулҳафиз Мавлонов, Қутбиддин Назаров, Абдумуҳид Раҳмонов , Турсунали Мўйдинов, Владимир Холматов, Валерий Ли, Мусохон Нажмиддинов, Жуманазар Тўйчибоев, Зокиржон Одилов, Мутилахон Абдуллаев, Абдуғаффор Абдуқаҳҳоров, Аҳмаджон Нурматов, Турсунбой Ҳабибжонов, Раиса Аисова, Абдурашид Адҳамов, Ҳакимжон Ботиров, Мамадали Жўраев, Яҳёхон Аҳмедов, Мукаррам Ҳожиева, Абдумухтор Холматовларни наинки ҳамкасблари, балки юзлаб, минглаб улар қўлида даволанган инсонларгача хотирлашади.
Фахрийларнинг ҳамон сафда юрганлари эса шогирдларига маҳорат сабоқларини беришдан чарчашмайди. Муродилла Мамадалиев, Салоҳиддин Худойқулов, Муҳаммаджон Турдибоев, Қутбиддин Сайфиддинов, Абдурашид Жўрабоев, Абдухалил Жўрабоев, Мўътабар Маҳмудова, Санобар Холиқова, Самияхон Исоқова, Абдуллажон Юнусов сингарилар ана шулар жумласидандир.
Айни маҳалда Миржалол Мирсаидов, Клара Мирсаидова, Аҳмаджон Худойназаров, Ғанижон Мирзаев, Усмонжон Исмоилов, Неъматжон Абдулҳақов, Мухторжон Жўраев, Ёқубжон Бозоров, Обидхон Неъматуллаев, Олимхон Маҳмудовлар туман тиббиёти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари саналишади.
Ҳозирда туман тиббиётчилари Дилмурод Исмоилов раҳбарлигида янада фаол иш олиб боришяпти. Даволаш бўйича биринчи ўринбосар Абдусаттор Тўйчибоев, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосар Юсуфали Маҳкамов, координатор Нажмиддин Сайфиддинов, бош ҳамшира Гулчеҳра Эгамбердиева, касаба уюшма ташкилоти раиси Шаҳноза Кимёназаровалар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи билан ёнма-ён туриб, халққа хизмат кўрсатишни истиқлол ислоҳотлари доирасида тобора яхшилаш ҳаракатидалар.
- Халқи соғлом юрт - қудратли бўлади. Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида эл саломатлигини сақлаш йўлида муттасил беқиёс ўзгаришлар рўёбга чиқарилмоқда, - дейди ТТБ бошлиғи Дилмурод Исмоилов. - Айниқса, 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги" Фармоннинг ижросини тўла-тўкис таъминлаш ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилмоқда. Энг муҳим тадбир - аҳолини тиббий хатловдан ўтказишни муваффақиятли якунлаш билан олдимиздаги вазифаларни янада аниқлаштириб олганмиз. Бугун 227 мингдан зиёд аҳоли ва уларнинг саломатлиги ҳақида зарур маълумот ва тасаввурга эгамиз. Марказий шифохона, марказий поликлиника, 5 та оила поликлиникаси, 7 та оилавий шифокорлик пунктдаги 230 нафардан ортиқ врач ҳамда 2000 нафардан ошиқ ўрта тиббиёт ходимларининг бутун ҳаракатини халқни ўз хизматларидан рози қилишга йўналтирганмиз. Улар учун қулай иш шароитлари яратиб қўйилган. Чунки, кейинги йилларда марказий шифохонадаги терапия блоки, "Тез тиббий ёрдам", шошилинч жарроҳлик бўлимлари бинолари таъмирланди, қисман янгиланди. Марказий поликлиниканинг қиёфасиям, ички шароитлариям юксак талабларга монанд ҳолатга келтирилди. Бордимкўл, Янгиобод ва Гулқишлоқдаги ОШПларнинг бинолари ҳавас қилгулик даражага етказилди.
Энг замонавий тиббий аппарат ва асбоб-ускуналар берилди. Масалан, сунъий нафас олдириш ҳамда наркоз, рақамли ренген аппаратлари кўп функцияли УЗИлар, стоматология жиҳозлари билан таъминландик. Ўз навбатида врачу ҳамшираларимизнинг малака маҳоратлари оширилмоқда. Ахир аппарат ускуналарни моҳирона ишлатиш билангина муолажалар самарадорлиги ва сифатига эришилади-да.
Дарҳақиқат, тумандаги қайси муассасага кирмайлик, тиббий диагностика ва муолажа бобида яхши натижаларга эришилаётганининг шоҳиди бўламиз. Марказий шифохонада Раънохон Шокирова, Абдураҳмон Холқўзиев, Аъзамжон Қорабоев, Азимжон Мамажонов, Алишер Иброҳимов, Анваржон Мажидовлар туғруқ, жарроҳлик, терапия, болалар, шошилинч ҳамда тез тиббий ёрдам бўлимларига оқилона раҳбарлик қилиш билан бирга даволаш ишларида, аввало, ўзлари шахсий ибрат кўрсатишяпти. Муҳаммаджон Турдибоев, Аҳмадулло Бойбобоев, Сайёра Бадалова, Маҳаммадали Қосимов, Фароғат Абдуллаева, Бобуржон Ҳакимов, Саодат Мансуровалар беморлар олқишига сазоворланаётган қўли енгил шифокорларнинг олдинги сафларида туришибди.
- Ҳамшираларимз врачларнинг фаол ёрдамчиларидир, - дейди ТТБ бош ҳамшираси Гулчеҳра Эгамбердиева. - Улар муолажа бобида беморларнинг энг яқин нажоткорларига айланиб қолишган. Равшаной Ражабова, Барно Сатимова, Муниса Қудратова, Сайёра Тошматова, Нафосат Абдураҳмонова, Иноят Ваҳобова, Гулмира Жўраева, Моҳира Турсунова, Саодат Иномиддинова, Умида Аҳмедова, Акрамжон Йўлдошев ва Акрамжон Тожибоев каби катта, муолажа ҳамда патронаж ҳамширалари, фельдшерларимиз ҳамкасбларининг илғорларидирлар.
Бугун халқни коронавирусга қарши эмлаш билан шуғулланаётган марказий, оилавий поликлиникаю, оилавий шифокорлик пунктларида иш қизғин. Кундан кунга эмлаш кўрсаткичини юқорилатиш учун ташкилотчилик ва уюшқоқлик кучайтирилаётир. Инчунин, Ахси, Бураматут ва Қатағон - Саройдаги 27, 28, 30 - оилавий поликлиникаларда Абдуманноб Аҳмедов, Абдулла Гилопов, Холида Халилова каби, Шоҳидон, Гулқишлоқ, Хўжанд ва Олчин оилавий шифокорлик пунктларида Мавлуда Муродова, Ҳамиджон Набиев, Турсунали Худойбердиев ва Абдуҳаким Неъматов сингари бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг етакчилари кичик жамоаларида катта натижаларга эришишни таъминлаб боришяпти.
Содиқ САЙҲУН.