Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округи томонидан жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни ташкиллаштириш билан боғлиқ масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш аввалида 6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси, Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов Президентлик сайловига тааллуқли бўлган норматив ҳуқуқий ҳужжатларни сайловчиларга етказиш ҳамда сайлов ўтказиш тартиби ҳақидаги масалаларга эътибор қаратди.

Айни кунларда юртимизда Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш, сиёсий жараённи дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги илғор тажрибалар асосида ўтказиш, сайловчилар, хусусан, биринчи маротаба овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланадиган ёш авлоднинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар қизғин босқичга кирганлиги таъкидланди. Дарҳақиқат, бўлажак сайловлар халқимизнинг янгича тафаккури, дунёқараши, ўз тақдири ва келажагига бўлган муносабатини яққол намоён этувчи муҳим сиёсий жараён ҳисобланади.

Маълумки, Сайлов кодексининг 21-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида 70 кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг 8-18 нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Хусусан, Наманган вилоятидаги округ сайлов комиссиясининг раиси, унинг ўринбосари ва аъзолигига номзодлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида муҳокама қилиниб, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилди.

Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори асосан жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан танланган ушбу 17 нафар номзодларни округ сайлов комиссиясининг аъзолигига тасдиқланди.

Йиғилишда, сайлов жараёнларини қонуний, адолатли, холис ва юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда округ сайлов комиссиясининг аъзоларининг ўрни муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси раисининг ўринбосари ва аъзоларига Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим қилинган гувоҳномалар топширилди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

ЎзА.