Улар соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Ўтаётган ҳар бир кун элимизни энг азиз ва энг улуғ айём - жонажон Ватанимиз мустақиллигининг шонли ўттиз йиллиги сари тобора яқинлаштирмоқда Истиқлол йилларида жонажон Ўзбекистонимиз юксалиш сари дадил одимламоқда. Ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ ҳаётимиз фаровон, турмушимиз тўкис бўлиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигидаги эзгу ишларнинг миқёсу салмоғи нақадар улкан, самараси эса бетимсол эканлигини ҳис этиб турибмиз.
Аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган мислсиз саъй-ҳаракатлар барчани мамнун этибгина қолмасдан, шу юртда яшаётганлигидан, шу Ватан фуқароси эканлигидан чексиз фахр уйғотмоқда.
Ўттиз йил давомида босиб ўтилган йўлга назар солинса, барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кенг кўламли ўзгаришлар юзага келганлигини кўрасиз. Айниқса, бу соҳанинг моддий-техник имкониятлари йил сайин узлуксиз тараққий этиб бораётганлигини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Жумладан, жорий йилда Инвестия дастурига мувофиқ таъмирланган ва қайта қурилган ўндан ортиқ объектлар очилишга шай турганлиги фикримиз далилидир. Улардан бир йўла тўрттаси мустақилликнинг ўттиз йиллиги арафасида фойдаланишга топширилди.
Тақдимот маросимлари вилоят марказидаги Ислом Каримов кўчасида қад ростлаган 2-шаҳар туғруқхонасидан бошланди. Тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, вилоят жамоатчилиги вакиллари, соғлиқни сақлаш ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳозир бўлишди.
Маълумки, мазкур бино илгари собиқ вилоят травматология шифохонасига қарашли эди. Узоқ йиллар у қаровсиз ётди. Иншоот туғрухонага айлантирилгач, объектда кенг кўламли бунёдкорлик ишларига киришилди. Инвестиция дастурига мувофиқ олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясида энг шинам ва энг замонавий туғруқ комплекси вужудга келди.
"Наманган давр қурилиш" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари 15 миллиард 110 миллион сўмликдан зиёд бунёдкорлик ишларини бажардилар. Бино нафақат таъмирланди, балки ёнига қўшимча 5 қаватли янги бино ҳам қурилди. Инфратузилмаси ривожлантирилди. Иситиш ва совутиш тармоқлари бугунги технологиялар асосида такомиллаштирилди.
- Вилоятимиз марказида ўткир бўлиб турган муаммо - аёлларимизнинг эсон-омон фарзанд кўришини таъминловчи туғруқ ўринлари кўпайишига имкон яратадиган ушбу шинам ва кўркам муассаса энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланади. Яъни, 4 миллиард сўмликдан зиёд янги тиббий аппаратура ва ускуналар олинади. Шу билан бирга, тиббиёт маскани малакали ва тажрибали тиббиёт ходимлари билан тўлдирилади. Улар халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик муҳофазасини таъминлашда сидқидилдан хизмат қилишади, албатта, - деди вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов.
- Яқин ўтмишда туғруқхоналардаги тирбандлик ва бошқа муаммолар кўп қийинчиликлар туғдирган. Бугун кошонага қиёслагулик туғруқ мажмуаси фойдаланишга топширилаётганлигини кўриб, давлатимизнинг халқ саломатлигини мустаҳкамлашга, оналар ва болаларга беқиёс ғамхўрликлар кўрсатишга устувор аҳамият қаратаётганидан қувондим. Янги авлод шифокорларига янги мажмуа муборак бўлсин, - деди тиббиёт фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ойшахон Қўчқорова.
Маросим ниҳоясида туғруқ комплексига Тиббиёт аппаратуралари тўплами сертификати тантанали равишда тоширилди. Илғор қурувчиларга ҳокимлик Ташаккурномаси ва эсдалик совғалари берилди. Шундан кейин тантана қатнашчилари янги тиббиёт маскани фаолияти билан танишдилар.
Тақдимотнинг иккинчи манзили Гўзал даҳасидаги йирик тиббиёт маскани - Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали бўлди. Истиқлол йилларида соҳада кечаётган ислоҳотлар самараси сифатида шаклланган мазкур муассаса Наманганнинг энг нуфузли даволаш даргоҳларидан биридир.
Ўтган давр мобайнида филиал фаолияти муттасил ривожлантириб борилди. Тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш шароитлари яхшиланиб, кўп сонли жамоа малакали кадрлар билан мустаҳкамланди. Аҳолига зарур даражада шошилинч тиббий хизмат кўрсатишга қодир соғлиқни сақлаш масканига айлантирилди.
Сир эмас, йиллар ўтиб филиал бино ва иншоотлари ҳам эскира бошлаган эди. Шунинг учун муассаса 2018 йилда Инвестиция дастурига киритилди. Катта ҳажмда реконструкция ва қайта қуриш ишлари режалаштирилди. Пудратчи ташкилот - "Бунёдкор Мубошер" МЧЖ томонидан олиб борилган қарийб 46 миллард сўмлик бунёдкорлик ишлари ниҳоясида филиал қиёфаси ва шароитлари тубдан ўзгарди.
- Илгари маблағ етишмаслиги туфайли мазкур тиббиёт масканини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари ҳомийлик асосида амалга оширилган. Давлатимизнинг бугунги иқтисодий қудрати нақадар юксаклигини бу каби йирик лойиҳаларга миллиард-миллиард сўм маблағ бюджетдан ажратилаётганлиги ҳам тасдиқлаб турибди. Муҳташам тиббиёт масканининг 2400 кишилик жамоаси яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, халқимиз саломатлигини сақлашда, аҳолига тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишда юксак натижаларга эришишларига шубҳа йўқ,-деди вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов.
Таъкидлаш жоизки, филиалда янги лойиҳа асосида, давр урфига монанд равишда иморатлар ташқи ва ички томонлари замонавий андозаларда сайқалланди. 350 ўринли даволаш бўлимлари бинолари реконструкция ва таъмирлашдан чиқарилди. Муҳандислик тармоқлари янгиланди. Қўшимча мажлислар зали қурилди. Даволанувчилар учун ҳам, тиббиёт ходимлари учун ҳам ҳар жиҳатдан қулай ва шинам шароитлар яратилди. Энди филиални энг сўнгги русумдаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
- Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш учун аввало малакали кадрлар, қолаверса замонавий тиббий асбоб-ускуналар керак. Реконструкция ва таъмирлашдан сўнг шароитлари ғоят яхшиланган Наманган филиалига яқин орада 3 миллион 800 минг АҚШ доллари қийматида янги асбоб-ускуна ва тиббиёт аппаратуралари етказиб берилади. Қолаверса, ихтисослашган шошилинч тиббий хизмат тизими фаолиятини туманлар кесимида ҳам ривожлантириш борасида изчил иш олиб борилмоқда, - деди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори,тиббиёт фанлари доктори Бахтиёр Тўлаганов.
Тантана қатнашчилари РШТЁИМ Наманган филиали фаолияти билан танишганларидан сўнг тиббиёт масканида хизмат даражаси ва маданияти кескин ўсганлигига тўла ишонч ҳосил қилдилар.
Тиббиёт шаҳарчаси тусини олаётган Гўзал даҳасида жойлашган яна бир тиббиёт муассасаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Бу Наманган шаҳар болалар шифохонасининг реконструкция ва таъмирлашдан чиқарилган ҳамда қиёфаси тубдан ўзгартирилган биноси эди. Вилоят раҳбари йиғилганларни Истиқлолнинг шонли ўттиз йиллиги билан қутлар экан, мустақиллик йилларида мамлакатимизда, хусусан вилоятимизда рўёбга чиқарилган буюк ўзгаришларга алоҳида тўхталди.
- 300 ўринли шаҳар болалар шифохонаси бино ва иншоотлари анча эскириб, таъмирталаб бўлиб қолганди. Шароитларнинг қониқарсизлигидан ҳақли эътирозлар ҳам эшитилар эди. Энди эса бундай нохушликлар ортда қолди. Мазкур муассаса замон талаблари асосида қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун Инвестиция дастурига киритилганди. "Бунёдкор Мубошер" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари объектда катта ҳажмда бунёдкорлик ишларини амалга оширдилар, - дея таъкидлади Шавкат Абдураззоқов.
Дарҳақиқат, қурувчиларнинг астойдил меҳнатлари туфайли тиббиёт маскани бугунгидек ғоят кўркам қиёфага киритилди. Давлат бюджетидан 34 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфлангани келажагимиз ворисларининг саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш ишларини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради. Чунки, бу ерда бутунлай ўзгача қулайликлар яратиб қўйилди. Жаҳон андозалари даражасида бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Энг муҳими, табиий иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда биноларга иссиқ пайтда салқин,совуқ маҳалда илиқ тутувчи ҳамда чиройли қиёфа бахш этувчи қопламалар ўрнатилди. Шунингдек, реанимация ва операция хоналарида узлуксиз мўътадил ҳарорат яратиб қўйилди. "Тоза ҳудуд" вужудга келтирилди.
Шифохонани энг замонавий тиббий техника воситалари билан жиҳозлаш масаласига ҳам устувор аҳамият қаратилди. Яъни, куни кеча муассасага 1 ярим миллиард сўмлик ўта ноёб ва зарур тиббиёт асбоб-ускуналари туҳфа этилди. Уларнинг ишга солиниши кичик беморларни даволаш самарадорлиги янада ортишида муҳим роль ўйнайди, албатта.
- Касбим тақозоси билан чет элда хизмат сафарларида бўлганимда, у ерлардаги шифохоналарнинг имкониятларини кўриб кўнглим ўксиган эди. Бизда ҳам замонавий талабларга мос тиббиёт масканлари бўлишини орзу қилар эдим. Шифохонамизнинг ҳозирги салоҳияти хориждагилардан асло кам эмас. Истиқлол шарофати ва давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан юртимиз тиббиёти ҳам тубдан ўзгариб бормоқда. Бунга жавобан билим ва малакамизни оширишимиз, болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини кескин кўтаришимиз лозимлигини ҳис этяпман, - дейди бош врач- нинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Файзулло Маматвалиев.
Наманган шаҳар туғруқ мажмуаси тақдимоти ҳам ғоят тантанали равишда ўтди. Бу масканда кечган тантанадаям мустақиллик йилларидаги улкан ўзгаришлар, тиббиёт соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган хайрли ишлар эътироф этилди. Жумладан, юртимизда оналик ва болалик муҳофазаси йўналишида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ туғруқ мажмуалари фаолияти такомиллаштирилаётганлиги айтилди.
- Биласизлар, вилоятимиз аҳолиси йилдан-йилга кўпаймоқда. Ўз навбатида туғруқлар сони ҳам тўхтовсиз ортиб боряпти. Шу ҳолатни ҳисобга олиб, ҳомиладорларнинг эсон-омон кўз ёришини таъминлаш жиддий эътибор талаб қилмоқда. Бу борада вилоятимизда катта ишлар амалга ошириляпти. Бинобарин, мазкур туғруқ комплексини янада кенгайтириш зарурияти пайдо бўлган эди. Шунинг учун Инвестиция дастурига мувофиқ муассаса бинолари қайта таъмирланди ва реконструкция қилинди. Айни маҳалда қўшимча бинолар ҳам барпо этилди, - деди Шавкат Абдураззоқов.
Пудратчи "Чортоқ архитек қурилиш" масъулияти чекланган жамият бинокорларининг астойдил саъй-ҳаракатлари билан мажмуа бениҳоя кўркам ва шинам қиёфага кирди. Бу мақсадлар учун 28 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи йўналтирилди.
- Тиббиёт соҳасининг кекса авлоди сифатида бемалол айта оламанки, ҳеч бир даврда туғруқхоналарни такомиллаштириш масаласига бу қадар эътибор қаратилмаган. Шукурлар бўлсин, кейинги йилларда ғоят муҳим аҳамиятга эга муассасалар моддий-техник имкониятларини ривожлантириш кўлами тобора ортиб бормоқда. Бинобарин, реконструкция ва таъмирлаш ишларидан сўнг бизнинг туғруқ мажмуамиз имкониятлари кескин яхшиланди ва энди нафақат вилоятдаги, балки бутун водийдаги намунали тиббиёт масканларидан бирига айланди. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга, давлатимизга чексиз миннатдорчилик изҳор қиламиз. Ўз навбатида ҳомиладор аёлларга, чақалоқларга янада сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишга интиламиз,-дейди тиббиёт фанлари доктори Тошпўлат Абдукаримов.
Тиббиёт масканлари тақдимот маросимларида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов иштирок этди.
Маълумот ўрнида: Инвестиция дастурига кўра жорий йилда 8 та даволаш-профилактика муассасасида қарийиб 70 миллиард 100 миллион сўмлик ҳажмда янги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари "Обод қишлоқ ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида ҳам ўнлаб тиббиёт муассасалари бинолари таъмирдан чиқарилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида муассасалар аҳоли розилигига эришадиган, қулай ва беқиёс имкониятларга эга, кўркам ва замонавий тиббиёт масканларига айланмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.