Она сайёрамиз харитасида Мустақил Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганининг 30 йиллиги кўнглимизни ҳадсиз фахру ифтихор туйғуларига тўлдириб турибди. Бу шунчаки ҳиссиётлар эмас, унинг замирида буюк ўзгаришлар, ота-боболаримизнинг орзулаган ҳаёт рўёби ётибди, унинг замирида чинакам эркинлик ва фаровонликка мушаррафлик мужассам. Эришганларимизни шунчаки тилга олиш камлик қилади.
Юрак-юракдан жўшиб, тўлқинланиб, ҳайрату ҳаяжонларимизни қандай ифодалашга гўёки тил ожиздек. Бирини гапирсангиз, иккинчиси ундан-да беқиёс, учинчиси эса гўёки мўжизадек ҳайрату лол қолдираверади. Шаҳарни шаҳар дейишимиз мумкиндиру, лекин бугун шундай қишлоқлар кўпки, уларнинг кўрку чиройига боқиб," Шаҳардан қаери кам?" деган савол ўз-ўзидан туғилаверади. Кўчалари равон, бинолари муҳташам, гузарлари гавжум, кичик саноат корхоналари ишлаб турибди, ҳатто шаҳардагидек оилавий поликлиникаларгача халқ хизматида.
Ўттиз йил - Ватан, халқ ва давлатнинг туташ тақдирлигини яна бир бор исботлади. Ватан, яъни Ўзбекистон мустақилликка эришди, давлатимиз қаддини тиклади, куч-қувватга тўлди. Натижада диёримиз ҳам, ўзбеклар ҳам, истиқлолли Ўзбекистон давлати ҳам жаҳонга танилди. Халқни халқ қиладиган, давлатни давлат қиладиган ҳуррият хуррам ҳаётни ато этди сиз билан бизга.
Тараққиёт, юксалиш, ривожланиш ҳур Ватанимизнинг барча жабҳаларини қамраб олган. Бунёдкорлик ва ижодкорлик бобида ҳеч кимдан кам эмаслигимизни исботлаш билан оламни ҳайратга солаётганимиз хаёл эмас, чин ҳақиқатдир. Давлатимиз улкан бино-иншоотлар, улкан саноат корхоналарини қураётгани ва ишга солиш билангина кифояланиб қолаётгани йўқ. Янги шаҳарлар, "сити"лар барпо қилаётир. Эзгу ниятли хориж тадбиркорлари бу ҳаракатларимизни кўриб, ҳамкорликка шошишяпти. Бу - Ўзбекистоннинг бугунидан эртаси янада нурли, янада порлоқ бўлишига ишонишганидан, албатта. Ишонч бор жойдан тинчлик ва барака ҳеч қачон аримайди.
Ўттиз йилликнинг сўнгги беш йили янги тараққиёт босқичи тусини олгани бежиз эмас.
Ахир Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган беш йўналишдаги беш йиллик ҳаракатлар стратегияси 2017-2021 йилларнинг компасига айланди. Тўғри йўлни кўрсатди, унинг манзилларида юксак марралар забтидан халқимизнинг турмушига фароғат ва завқ кирди, десак тўла ҳақиқатни эътироф этган бўламиз.
Айни вақтда юртимизда яшовчи кўп миллатли халқимиз бир тану бир жондек ҳаракатдан барака топмоқда. Беш муҳим ташаббус доирасидаги тадбирлар ҳам жисмонан, ҳам ақлан баркамоллик сари элтмоқда болаларниям, ёшларниям, катталарниям. Оила аталмиш жамиятнинг энг кичик ячейкаси ҳамиша қўллаб-қувватланишу рағбатдан баҳраманд. Маҳалалар эркин ва фаровон яшаётган оилаларнинг бахту саодат масканига айланиб улгурмоқда.
Кутилмаган бало-офат - "COVID-19" дан озор чекиш ҳолатлари юзага келган 2020 йилнинг синови ва айни пайтдаям хавф туғдираётган коронавирус пандемияси шароитидаям халқимиз ўз давлатига суянди, Юртбошидан умидланди ва ҳар томонлама ҳимояда, ғамхўрлик паноҳида экани туфайли тўйлар тўхтамади, азалар кўпаймади. Дунёдаги манаман деган давлатларниям шоштириб қўйган пандемия балоси, юртимиздан кундан-кун чекинтирилмоқда. Покизалик, эмланиш, масофа сақлаш, ниқоб тақиш турмуш тарзимизга сингиб қолаётгани кўнгилларга хотиржамлик келтираверишини ҳар биримиз чуқур англаб етяпмиз.
Халқимиз саломатлигининг посбонлари - тиббиётчилар хизматини ҳамма вақт қадрлаб келаётган давлатимиз ва ҳукуматимиз уларни рағбатлантиришга эътиборни йилдан-йилга кучайтираётгани янада маъқулу манзур. Чунончи, пандемия шароитида врачлар, ҳамширалар, тиббиёт оғаларининг хавфу хатарни писанд қилмай, жонларини гаровга қўйиб, "COVID-19"га чалинганларни ўлим чангалидан қутқариш учун курашишлари кўз ўнгимиздаги мардлигу матонат, жасорату қаҳрамонлик эмасми?! Уларнинг меҳнатини тақдирловчи "Соғлом авлод учун" ордени ёнига ўтган йили икки даражали "Саломатлик" ордени қўшилди. Яна "Соғлом турмуш" медали ҳам. Уларнинг биринчи эгалари сафида наманганликлар Солижон Мўминов, Файзуллажон Дадабоев, Дилбархон Бўтаева, Ёқутхон Ахундадаева, Одилжон Норбўтаев, Ёқутхон Икромова, Абдуллажон Ғозиевларнинг борлиги наманганликлар учун янада фахрли.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек:
"Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир.
Барчамизга ана шу улуғ сафда бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, Жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин!"
Байрам айёмида эса баралла:
Қутлуғ қадам Ватаним,
Юксал ҳар дам, Ватаним! деймиз кўксимиз тоғ, кўнглимиз чоғ бўлиб.
Содиқ САЙҲУН.