Абдулҳоди ИМИНОВ,
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш
бошқармаси бошлиғи
Истиқлол йўлидан дадил одимлаётган Ватанимиз ғоят қадрли ва азиз байрам арафасига етиб келди. Саноқли кунлардан сўнг элимизда қутлуғ шодиёна - Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигини дилда чексиз фахру ифтихор билан байрам қиламиз. Чунки, бу айёмнинг аҳамияти беқиёс, аждодларимизнинг, ота-боболаримизнинг асрий орзулари ушалган тарихий воқеанинг қадр-қиммати йиллар силсиласида ортиб, мазмун-моҳияти бойиб бораверади.
Истиқлолга эришилганидан сўнг мамлакатимиз босиб ўтган шонли йўлга назар солинса, мустақилликни мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, фаровонликни таъминлаш ва бошқа соҳаларда мислсиз ўзгаришларни кўрамиз. Айниқса, эл соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббиётда изчил ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларни зўр мамнуният билан алоҳида таъкидлаш жоиздир.
Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз томонидан имзоланган юздан зиёд Фармон ва Қарорларда тизим ишини замон талаблари асосида тубдан юксалтириш, юртдошларимизни тиббий хизматдан розилигига эришиш бош мақсад этиб белгиланган. Вилоятимиз тиббиётида кузатилаётган ўсиш ва янгиланишларни ана шу эзгу ниятларнинг амалдаги ёрқин ва салмоқли натижалари дейишга ҳақлимиз.
Истиқлол йилларида бирламчи тизим ишини янада такомиллаштириш вазирликнинг ҳам, ҳокимликларнинг ҳам доимий диққат марказида турибди. Илгари ҳудудларда биргина ўрта махсус маълумотли мутахассис фаолият юритадиган ФАПлар бўларди. Ҳозир эса ҳар бир қишлоқда бир неча ихтисосликларга эга врачлар хизмат кўрсатувчи муҳташам поликлиникалар шаклланган. Диагностика ва даволаш даражаси анча юксак.
Вилоятимиз аҳолисига бугунги кунда 164 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолият олиб боряпти. Шундан 74 таси оилавий шифокорлик пунктлари, 62 таси қишлоқ, 15 таси шаҳар оилавий поликлиникаси, 13 таси эса кўп тармоқли марказий поликлиникадир. Уларда 10 мингга яқин шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари беморларни қабул қилишади.
Соҳа ишини янги босқичга олиб чиқиш, амалиётга янги иш услубларини жорий этиш учун астойдил киришилмоқда. Тиббий хатлов ва унинг якунлари асосида касалликка чалинган фуқароларга манзилли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга эътиборни қаратмоқчиман. Бугунга келиб бирламчи тизим муассасаларига мурожаат қилган беморларни даволашда қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Яъни, оила шифокори қабулида бўлган фуқарода аниқланган касалликлар тиббий муассаса томонидан бепул бериладиган 66 хилдаги дори-дармон билан даволаняпти. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида яқин орада 10 та оилавий шифокорлик пунктлари қайта ташкил этилиши ҳам ижтимоий масалага ижобий ечим топилаётганлигидан далолатдир.
Ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ютуқлар ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Бинобарин, 12 та шаҳар ва туман марказий шифохоналари, республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 14 та филиали, 4 та вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт маркази ва бошқа тиббиёт муассасалари мавжуд. Улар хизматини аҳоли яшаш жойларга янада яқинлаштириш учун туман тиббиёт бирлашмаларида ҳам ихтисослаштирилган бўлимлар очилмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг 8 та филиали ташкил этилди. Бунинг натижаси ўлароқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари вилоятимиз тиббиёт муассасаларида ўтказиляпти. Бир вақтлар буйрак кўчириб ўтказиш операцияси учун Тошкентга ёки хорижга бориш зарур эди. Энди бунга асло ҳожат қолмади. Бундай мураккаб, юқори технологик амалиётлар Наманганда ҳам сифатли бажарилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари билан узвий ҳамкорлик самараси ўлароқ жорий йилнинг ўзида 300га яқин турли ихтисосликларга оид операциялар амалга оширилди. Буйрак трансплантациясидан ташқари бош мия ва орқа мия соҳасида, сийдик йўли анамалияси, юрак туғма ва орттирилган нуқсонлари ва бошқа касалликларидаги мураккаб ҳолатларда жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли якунланди.
Аҳолига шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш ишларини ривожлантириш масаласига ҳам устувор вазифа сифатида қаралмоқда. РШТЁИМ Наманган филиали ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги интилишлар ҳам диққатга сазовордир. Тез тиббий хизмат кўрсатишда айниқса сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Аввало, автопаркни янгилаш ишлари тизимли олиб борилмоқда. Хориждан замонавий санитар машиналар келтирилди. Янги иш услубларини тадбиқ этиш орқали чақирувларга етиб бориш вақтини қисқартириш, нажот кутаётган инсонларга янада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш таъминланмоқда.
Тез тиббий ёрдам станцияси негизида бутун вилоят ҳудудида тез тиббий ёрдамни шошилинч чақиришга мўлжалланган, туну кун ишлайдиган, 103-қисқа рақамли Call маркази фаолияти йўлга қўйилганлиги, санитар автомашиналарга GPS навигаторлари ўрнатилганлиги фаолият самарадорлигини тубдан ошириш имконини бермоқда.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳажми тобора ортганлиги, соҳага янги тиббиёт технологияларини жорий этиш кўлами ўсганлиги боис тизим иши юқори босқичга кўтарилмоқда. РШТЁИМ Наманган филиали бино ва иншоотлари 46 миллиард сўм бюджет маблағи ҳисобига реконструкция қилингани, яқин орада салкам 4 миллион АҚШ доллари қийматида ноёб тиббий аппаратуралар олиниши кутилаётгани фикримизнинг яққол далилидир.
Тиббиётнинг моддий-техник имкониятларини такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар қамрови янада кенгайиб бораётганлиги жуда қувонарли, албатта. Ўтган йили Инвестиция дастури доирасида 17 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишларига 81 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Жорий йилги ҳам режалар янада катта. Ҳозир 70 миллиард сўмлик лойиҳаларни қамраб олган дастур асосида 8 та объектда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Истиқлол айёми арафасида улардан тўрттаси фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари яна 8 та тиббиёт муассасаси "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари асосида реконструкция қилинмоқда. Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан 33 та обектдаги қуриш-таъмирлаш ишларига 61 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Тиббиётга янги технологияларни тадбиқ этиш галдаги муҳим вазифаларимиз сирасига киради. Давлат-хусусий шериклик, хориж билан алоқаларни мустаҳкамлаш, тиббиётни рақамлаштириш йўналишларида ҳам изчил иш олиб борилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар келгусида тиббий хизмат даражасини юксалтирибгина қолмай, рақобатбардошлигиниям орттиради.
Айни пайтда истиқлол шарофати билан шаклланган хусусий тиббиёт муассасаларининг салоҳияти жадал ривожланмоқда. Илгари нодавлат тиббиёт муассасалари бармоқ билан санарли эди. Бугунга келиб вилоятимизда ишлаб турган хусусий тиббиёт масканлари сони 400 дан ортиб кетганли ғоят ижобий ҳолдир.
Дарҳақиқат, соҳамизнинг қайси бир йўналишига қараманг, мустақиллик йилларида муттасил ривожланиб бораётганлигини кўрасиз. Истиқлол ато этган беқиёс имкониятлар самаралари кўз ўнгингизда ёрқин намоён бўлади. Бу аслида янада улуғвор ишларнинг бошланишидир. Келажаги буюк давлатимизнинг тиббиёти ҳам буюк бўлишига эришиш учун тинмай интилаверамиз.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон " газетасида эълон қилинган "Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда" деб номланган интервьюси билан танишиш асносида ҳали олдимизда жуда катта вазифалар турганлигини ҳис этдим. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичидаги олтита устувор вазифани белгилаб бердилар. Уларнинг бешинчиси тиббиёт соҳаси истиқболлари билан бевосита боғлиқдир.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимиз аҳлини, хусусан соғлиқни сақлаш ходимларини энг азиз ва энг улуғ айём - давлатимиз мустақиллигининг шонли ўттиз йиллиги байрами билан муборакбод этаман. Ҳамиша юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин. Мўтабар Ватанимиз - Ўзбекистон янада гуллаб - яшнайверсин.