Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг илк босқичидаёқ вилоят онкология диспансери бутунлай замонавий қиёфа касб этди. Инвестиция дастурига мувофиқ мукаммал таъмир ва реконструкциядан чиқарилди. Моддий техник базаси мустаҳкамланди. Малакали кадрлар салоҳияти оширилиб, янгича ишлаш механизми йўлга қўйилди. Ташкилий услубий марказ сифатида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалига айлантирилди. Истиқлол шарофати туфайли филиалдаги ўзгаришлардан одамларнинг кундан-кун мамнунлигин ортмоқда.
Қимматбаҳо тиббий аппаратларнинг келтирилиши, нафақат вилоят аҳолиси, қўшни Фарғона ва Андижон аҳолисини ҳам сифатли тиббий хизматдан баҳраманд этди. Ислом тараққиёт банки кўмагида 365.000 евро қийматидаги (Selektron) бранхитерапия аппаратининг келтириб ўрнатилганлиги хасталик туфайли пойтахтга қатнаётган водийлик дардмандларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилди.
Истиқлол имкониятлари соҳада улкан ўзгаришларга асос солди. Узоққа бормайлик, кейинги икки йил ичида беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда юқори технологиялардан кенг фойдаланишга эришилди. Муассасада замонавий тиббий аппаратуралар ёрдамида энг ноёб турдаги, илгарилари хориж мамлакатлари ва фақатгина пойтахтнинг нуфузли клиникаларида амалга оширилган ларингоэктомия, пародитэктомия, юқори жағ резекцияси, пастки жағ резекцияси, тил резекцияси, бўйин лимфадиссекцияси, ташқи уйқу артериясини боғлаш, трахеостомия, бош бўйин соҳаси ноорган ўсмаларини кесиб олиш, бурун ҳалқум ўсмаларини олиш, тиреоидэктомия, суяк ўсмаларида цементопластика операциялари, "кенгайтирилган гастроэктомия лимфодиссекция Д2 ингичка ичакдан резервуар ясаш" каби 20 га яқин юқори технологик мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилганлигини алоҳида мамнуният билан таъкидлаш жоиз. Шунинг учун ҳам кундан-кунга пойтахтга шифо умидида бораётган хасталарнинг сони кескин камайяпти.
Филиал РИО ва РИАТМ профессор-олимлари, етук ва малакали шифокорлари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатган. Уларнинг ташрифидан унумли фойдаланилади. Турли йўналишдаги "Маҳорат дарс"лари, сайёр-цикл ўқув машғулотлари, ноёб турдаги жарроҳлик амалиётлари филиал шифокорлари учун айни муддао. Шифохонада жами 44 нафар врач, 1 нафар тиббиёт фанлари номзоди, 132 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатишади. Шифокорларнинг 11 нафари олий, 6 нафари биринчи ва 14 нафари иккинчи тоифага эга. Албатта, тиббиёт тараққиётида кадрлар салоҳияти муҳим роль ўйнайди. Жаҳон андозалари даражасидаги шифохона, юқори технологияли аппаратуралар бўлсаю, малакали, билимдон врачлар етишмаса кутилган натижага эришиш қийин. Онкология соҳасида ҳам изланиш билим, малака, тажриба доимо ёнма-ён олиб борилсагина улкан муваффақиятлар қўлга киритилади.
Жорий йилнинг март ойида Беларусь Республикаси пойтахтида МАГАТЕ лойиҳаси асосида врач-радиолог Асилбек Носиров ҳамда 2 нафар физик ходимлар "Радиологияни модернизация қилиш" мавзуси бўйича малака ошириб қайтишгани фикримизнинг яққол далилидир. Шунингдек, 1 нафар врач АДТИда, 3 нафар врач ТВММОИда билимларини мустаҳкамлаб келишди. 10 нафар мутахассисни Жанубий Корея, Туркия ва Россия давлатларига малака ошириш учун юборишга тараддуд кўрилмоқда. Бош врач Солижон Ҳолиқовнинг таъкидлашича, марказда илмий иш олиб борувчи врачлар учун ҳам яхши шароит ва имкониятлар яратилган. А. Боймирзаев, У. Эшонхўжаев, М. Абдуҳамидов, М. Эшонова, З. Исоқова, М. Абдусаломова, А. Мўйдинов, Л.Бозорова, С. Ҳамроқулов ва М. Маҳмудов каби ўнга яқин мутахассисларнинг номзодлик диссертациялари устида ишлаётгани таҳсинга сазовор.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бош врачдан тортиб шифокоргача вилоятда ўсма касалликларини олдини олиш ва эрта босқичда аниқлаш мақсадида барча туманлардаги ва чекка ҳудудлардаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оила шифокорлари, онкологлар учун аҳолига кўрсатилаётган онкологик хизмат таҳлили, бачадон бўйни раки ва рак олди касалликлари профилактикаси, сут бези саратони ва саратон олди касалликлари, бачадон танаси, тухумдон, ўпка, жигар саратони, бош ва бўйин соҳа ўсмалари профилактикаси ва текширув усуллари ҳамда онкоэҳтиёткорлик юзасидан маҳорат дарсларини мунтазам ўтказиб келишмоқда. Аҳолини бирламчи тиббиёт муассасанинг ўзида скрининг текширувларига жалб қилиб, касалликни эрта босқичларда аниқланаётгани кутилган натижаларни бермоқда.
Айниқса, тиббий хатлов жараёнларида ҳам мутахассислар фаол бўлишди. Касалликка гумон қилинган шахсларни таснифлаш, диагностика ва даво чораларини кўришга астойдил киришишди. "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" рўйхатида турувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар саломатлигидаги муаммоларни бартараф этишда энг муҳим чора -тадбирлар қўлланилди. Зарурларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкилланган "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун" акцияси доирасида ноёб турдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникаларда хавфсиз ўсма касалликларни амбулатор шароитда жарроҳлик амалиёти билан даволаш йўлга қўйилди. Бу беморларга янада қулайлик туғдирди. Чунки юртимизда коронавирус инфекциясининг хатари ҳали ҳамон давом этяпти. Биринчи галда аҳолини инфекция юқтириб олишларига йўл қўймаслик учун филиалда беморлар тирбандлигининг олди олинди. Уларни иссиғу-совуқда тумандан шаҳар марказига қатнаб овора бўлишлари учун асло ҳожат қолдирилмади.
Шу кунларда эса Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманида яшовчи 40 ва 60 ёшдаги аёлларни маммографик текширувидан ўтказиш бошланди. Кейинги ойлардан барча туманлар қамраб олинади.
Вилоятда соҳани ривожлантириш, аҳолига онкология хизмати кўрсатилишини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун онкология ва радиология хизмати сифатини оширишга йўналтирилган онкомаркерни аниқлаш реактив тўплами харид қилиш, янгича механизмлар жорий қилинаётган бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларига мутахассисларнинг ўзлари бориб, 40-60 ёшдаги аёллар ўртасида сут бези саратони касаллигини барвақт аниқлаш (маммоскрининг) учун кўчма мобиль маммограф аппаратларини келтирилиши борасида ҳаракат бошланган. Бундай олижаноб мақсад эса кўкрак бези саратонига чалинган бемор аёлларни илк босқичларда аниқлаш, уларни яшаш кўрсаткичини яхшилаш ва ўлимни камайтириш имконини беради.
- Вилоят ҳокими ва бошқарма бошлиғининг соҳага алоҳида эътиборлари боис, аҳоли орасида ўсма касалликлари профилактикаси йўлида улкан режаларни мақсад қилганмиз, - дейди филиал директори Анваржон Камолович. - Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 14 май куни ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, вилоят аҳолисига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган онкологик тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш мақсадида мавжуд поликлиника ва функционал диагностика бўлимини 50 ўринли болалар онкологияси ва кўкрак жарроҳлиги стационар бўлимига айлантириш, 200 қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникаси ва функционал диагностика бўлими биносини қуриш режалаштирилди.
Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган онкологик беморларни дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида истиқлол айёми кунларида вилоят ҳокими томонидан муассасамизга 1 миллиард сўм миқдорида қўшимча маблағ ажратилди. Дори-дармонлар келтирилиб, тарқатилди. Шунингдек ҳоким бошчилигида филиалда даволанаётган 10 нафар бемор болаларга Президент совғалари топширилди.
Дарҳақиқат, мустақилликнинг 30 йиллик байрами шукуҳи кезиб юрган ушбу қутлуғ кунларда саратон беморлари учун яна бир қулайликка асос солинди. Халқаро МАГАТЕ ташкилоти томонидан 1 миллион 200 минг АҚШ доллари ҳисобидан "ТЕРАБАЛТ-80" гамматерапия аппарати келтирилди. Уни чехиялик мутахассислар томонидан шу кунларда ўрнатилиши режаланган. Ушбу энг сўнги русумдаги замонавий қурилма барча турдаги онкологик беморларни ташқи нур билан даволаш ва хасталикни бартараф этишда ғоят муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Манзура ЭРГАШЕВА.