Кечаидек ёдимда, 2016 йил март ойининг сўнги ҳафтасида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида мамлакатимиз тез тиббий ёрдам тизимида ташкилланган кўрик-танловга якун ясалди. Тантанали тақдирлаш маросимида Наманган вилоят Норин тумани тез тиббий ёрдам станцияси " Энг намунали тез тиббий ёрдам станцияси" номинацияси бўйича ғолиб деб эълон қилинди. Диплом ва бош соврин- "Автоамбуланс" калити илғор жамоа раҳбари Юлдузхон Худойбердиевага тақдим этилди. Бу муваффақият наинки норинлик, айни вақтда Наманган вилоятида беморлар чақирувига ҳамиша вақтида етиб бориб, уларга нажот қўлини чўзадиган тез ёрдамчи шифокорларни ҳам ғоят фахрлантирди.
Норинликлар азалдан меҳрибонликни юксак қадрлайдиган инсонлар. Шунданми шифокорларнинг ҳам эл ўртасида обрў-эътибори мудом баланд. Беминнат муолажалари туфайли беадоқ олқишлардан яйраб ишлаш оқ ҳалатлиларга кекса авлод вакилларидан меросу анъана. Туманда тиббиёт тараққиётига тамал тоши қўйганларнинг номлари дилларга муҳрланган, тилларда такрор-такрор янграгани янграган. Айниқса, Ҳамидхон Ботиров ва Хайрулло Мавлоновларнинг қолдирган қутлуғ излари боқийликка дахлдор.
Наманган шаҳрида вояга етган, Тошкент давлат тиббиёт институтида таҳсил олган Ҳамидхон Ботиров 1950 йили меҳнат фаолиятини бошлаган бўлса, келгуси йилиёқ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Норин туманига бош врач қилиб юборди. У турмушдоши ва ҳамкасби, акушер-гинеколог Мамлакатхон Жалилова билан ёшлик куч-ғайратига тўлиб-тошган йилларини норинликларнинг нажоткорлари бўлишга бағишлашди. Мамлакатхон ая вилоят аёлларидан чиққан биринчи жарроҳ сифатида ҳам туман марказий шифохонасида хирургия бўлими ишини йўлга қўйди. Моҳир қўллари билан оналар ва болаларни ўлим чангалидан қутқариб қолдилар.
Ҳамидхон Ботиров қарийб 24 йил Норинда тиббиётни ривожлантиришга бош-қош турди. Шу вақт ичида аҳоли ўртасида безгак, трихома, бўғма, тошма, терлама каби ўша пайтдаги юқумли касалликларни бутунлай йўқотишга ёнидаги ўнлаб ҳамкасблари билан астойдил курашди. Бу ерда қон қуйиш маркази ва бир қатор тиббиёт пункларига асос солди. Ҳам зукко фтизиатр, ҳам қўли енгил жарроҳ ўзига муносиб шогирдлар тайёрлай олди.
Нориннинг Қозоқовул қишлоғидан чиққан врач Хайрулло Мавлонов ундан кейин устозининг чинакам издошига айланди. У бунёдкорлик лаёқатини янги тиббиёт муассасалари биноларини лойиҳалаштириш, қуриш учун юқори ташкилотлар билан ҳамкорлик кўчайтиришда тўла намоён эта олди. Марказий касалхона ва марказий поликлиника учун муҳташам бинолар фойдаланишга топширилди. Чекка қишлоқлардаям тиббий шохобчалар очилди.
Бош врач ҳамюртларининг тиббий хизматга эҳтиёжларини ҳисобга олиб, Бўстон қишлоғида кўп тармоқли шифохона очиш ташаббусини кўтарди. Ўтган асрнинг 80-йиллари ўртасида 100 ўринли бу давогоҳ беморларни қабул қила бошлади. У ҳатто касалхонага ўзи раҳбарлик қилиб, янги биноларниям тиклаш учун тинимсиз қайғурди. 1987 йили эса туман бош врачлиги вазифасига қайтарилди. Бу гал ҳам аввалгидек роса ўн йил - 1997 йилгача самарали раҳбарлик қилди. Чунончи, истиқлол йилларида Полвонкўл ва Норинкапа қишлоқларида илк қишлоқ врачлик пунктлари қуриш ва жиҳозлаш борасида бор куч-ғайратни аямади. Кейин йилма-йил шундай муассасалар Учтепа, Чўжа, Марғизор,Тўда, Хўжаобод, Қозоқовул, Пахтақишлоқ, Тўлқин, Бўстон, Обод, Сирмоқ, Гулистон ва Катта Ўлмас қишлоқларидаям фаолият юритди. Тиббий хизмат аҳолига яқинлаштирилди.
Ҳозирда бу структурага янада ижобий ўзгаришлар киритилган. 7 та оилавий шифокор пункти ва 4 та қишлоқ оилавий поликлиника жамоалари эл саломатлигини сақлашга сафарбар этилганлар. Бирламчи тизим фаолияти тубдан такомиллаштирилган. Марказий шифохона ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиника билан узвий алоқа ўрнатилган.
Туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида 188 нафар врач ва 1403 нафар ўрта тиббиёт ходимлари халқ хизматидалар. Марказий шифохонада Шуҳратжон Ғаниев, Умида Низомова, Обиджон Мансуров, Феруза Расулова, Абдували Мавлонов, шошилинч тиббий ёрдам бўлимида Абдурашид Мавлонов сингари бой тажрибали ва фидойи шифокорлар ҳамкасбларига чинакамига ибрат кўрсатишяпти.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Муслимбек Собиржонов, координатор Абдумажид Хайруллаев, катта ҳамшира Робияхон Ёдгоровалар хатлов тадбирларини тўкис ўтказишга эришишди. Патронаж хизматини ҳамиша талаблар даражасида йўлга қўйишга астойдил интилишяпти.
Истиқлол йилларида туман тиббиёт бирлашмасига раҳбарлик қилган фаол инсонларнинг номларини бугун алоҳида тилга олиб ўтишимиз мақсадга мувофиқдир: Гулчеҳра Низомова, Ғанишер Холбоев, Ғайратжон Сулаймонов, Отабек Назаров, Абдували Мавлонов ва бошқалар. Улар туманда тиббий ислоҳотларни изчил амалга оширилиши учун ўзларининг бор билим ва ташкилотчилик қобилиятларини сарф этишган, албатта.
- Йилдан-йилга тиббиётчилар олдига янгидан-янги ўта масъулиятли вазифалар қўйилмоқда, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Наима Холмирзаева. - Айниқса, бирламчи тизимдаги ислоҳотлар беҳад ҳайратланарлидир. Ҳеч қачон инсон саломатлиги учун бу қадар ғамхўрлик кўрсатилмаган эди, десак ҳам асло янглишмаймиз. Маҳаллабай ишлашга вилоятда биринчилардан бўлиб ўтганмиз. Аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш мақсадида вилоят ҳокими томонидан ташкилланган кўрик танловнинг "Менинг маҳаллам-соғлом маҳалла" номинацияси бўйича 16-оила поликлиникамиз ғолиб чиқди. Май ойида жамоага вилоят ҳокимлигининг "Дамас" соврини тантанали топширилди. Кичик жамоа Президентимизнинг 6110-сонли Фармонига мувофиқ аҳолининг тиббий хатловини қисқа фурсатда тўла-тўкис якунлашга эришган эди. Янаям аниқроғи, Қозоқовул, Шўрариқ, Дўмар, Найманобод ва Шаҳидмазор маҳаллаларидаги 16 мингдан зиёд кишининг тиббий маълумотлари юксак талаблар асосида шакллантирилди. Уларнинг тажрибаси туманга оммалаштирилди. Мукофот илғорларни янада яхшироқ ишлашга руҳлантириб турибди. Чунки, "Дамас" автоамбуланс врачу ҳамшираларнинг узоғини яқин қилмоқда, вақтларини тежашга қулай имконият туғдиряпти. Янги автомашинада мобиль тиббий гуруҳ маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча юриб, хонадонларга кириб, барча оилаларнинг ҳолидан ўз вақтида бохабар бўлишмоқда.
Тиббиётда мукаммал билимини кўп йиллик тажрибаси билан уйғунлаштирган ёши улуғ врачларга эҳтиёж ҳар доим зарур ва муҳим. Истиқлолли юртимизда Президентимизнинг кекса авлодга алоҳида эътибори туфайли пенсия ёшидаги шифокорлар кейинги пайтда яна қадрдон жамоаларига қайтдилар, бир нечалари эса ҳамон фаолиятларини сидқидилдан давом эттиришяпти. Педиатр Жанона Фозилова, хирург Сирожиддин Нуриддинов, неврологлар Мавлуда Ботирова, Муҳтарам Каримова, травмотолог Қосимжон Тожибоев, 17-оилавий поликлиника мудири Мингбой Бойматовлар ана шулар жумласидандир.
Маънавий-маърифий ишлар мутасаддиси Зулхумор Холмирзаева эса асли лор врачи, айни маҳалда "Саломатлик маркази" ишини ҳам юритади. У ҳамкасблари ҳақида тўлқинланиб гапиради:
- Норинда тиббиёт тараққиётига ўз умрини бағишлаган инсонларнинг икки катта авлоди билан бирга хизмат қилиб келяпман. Абдуғаффор Умрзоқов, Аҳмаджон Мамажонов, Ўтбосар Ирисбоев, Абдуваҳҳоб Юнусов, Одинахон Асронова, Роҳила Жумақулова сингари врачлар орамиздан кетишган бўлса-да, тумандошларимиз ҳамон миннатдорлик туйғулари билан эслаб юришади. Устозимиз Ҳайрулло Мавлонов, ҳамкасбларимиз Ҳожимирза Абдуллаев, Раънохон Каримова, Флюра Ҳафизовалар эса ҳамиша эл ардоғидалар. Байрамларда хонодонларига бориб, йўқлаб туриш анъанаси уларнинг кўнгилларини шодликка тўлдиряпти. Шундай юртда яшаётганликларига мингдан-минг шукроналар айтишмоқда.
Ҳа, Нориннинг номдор ва донгдор саломатлик посбонлари қутлуғ айёмни ўз Ватани ва давлатидан фахрланиш билан, изчил ислоҳотларнинг ижрочилари сафида кеча-кундуз бетиним хизмат кўрсатиш билан, халқнинг розилиги ва олқишларига сазоворлик билан муносиб кутиб олмоқдалар. Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшаётган тумандошларининг саломатлиги ана шундай ишончли қўлларда барқарору бардавомдир.
Содиқ САЙҲУН.