Мустақиллик йилларида тиббиётнинг бирламчи бўғини салоҳиятини кўтариш масаласига устувор аҳамият қаратилди. Қишлоқларимизда бири-биридан кўркам тиббиёт масканлари қад ростлади. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси ҳам юксалди. Бинобарин, Учқўрғон туманидаги Бахт оила шифокорлик пункти биноси ҳавас қилса арзийдиган дизайнда бунёд этилди.

- 34 йилдан бери шифокорлик қиламан. Илгари муассасамиздаги шароит жуда ҳам қониқарсиз эди. Жамоа хўжалигининг эски омбори биноси мослаштирилганди. Хоналар яхши иситилмас, ёғингарчилик даврида эса томдан тинимсиз чакка ўтарди. Шундай кенг ва ёруғ, барча имкониятларга эга янги бинода фаолият кўрсатиш тушимизга ҳам кирмаган. Давлатимизга минг раҳмат, шу йил Наврўз байрами арафасида энг замонавий ва ўзига хос лойиҳа асосида қурилган бинога кўчиб ўтдик,-дейди мудира Одинахон Фозилова.

Қишлоқ кўркига кўрк қўшган тиббиёт маскани нафақат чиройи, балки ҳудудда яшовчиларга малакали тиббий хизмат кўрсатишга қодир имкониятлари билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

- Ёшим 74 да. Шунча йил яшаб, ҳали бундай маҳобатли шифо масканини кўрмаганман. Бахтликлар учун мустақилликнинг 30 - баҳори чексиз қувонч ато этди, - дейди Муҳаммад ота Исмоилов. - Саломатлигимизни мустаҳкамлаш учун бу ерда ҳамма имкониятлар етарли. Ҳатто дори-дармон учун ҳам узоққа боришга ҳожат йўқ. Шифокорлик пункти аҳил жамоасининг ҳам­қишлоқларга кўрсатаётган беминнат хизматидан беҳад мамнунмиз.

Бу эътирофларни барча бахтликлардан эшитиш мумкин. Чунки, истиқлол шарофати билан уларнинг азалий орзуси ушалди. Икки қаватли тиббиёт масканида малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлиш учун барча қулайиклар яратиб қў­йилган. Бош пудратчи - "Келажак сари" масъулияти чекланган жамият қурувчилари объектни муддатидан ярим йил аввал фойдаланишга топширишга муваффақ бўлдилар.Қурилиш ишларига 3 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи йўналтирилди. Янги бинода 52 та хона мавжудлиги, уларга ичимлик сувигина эмас, иссиқ сув тармоғи ҳам тортилганлиги эътиборга моликдир. Инфратузилма иншоотлари эса дид билан жойлаштирилган.

Замонавий тиббиёт масканида фаолият кўрсатиш шифокору ҳамшираларни янада астойдил изланишга, аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини намунали даражага етказишга ундамоқда. Соҳа ишини янги босқичга кўтариш қишлоқ тиббиётчиларининг эзгу мақсадига айланган. Бинобарин, тиббий хатлов жараёнлари сифатли ўтказилди. Шу кунларда коронавирус инфекциясига қарши вакцинациялаш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Умумий амалиёт шифокори Аҳмаджон Қурбонов, стоматолог Ғанижон Ҳусанов, катта ҳамшира Зарифа Исроилова, патронаж ҳамширалари Гулбаҳор Олимова, Равшаной Жабборова, Сайёра Тожибоева, Тожихон Ортиқова, муолажа ҳамшираси Иззатой Қулмирзаева, доя Наргиза Қулмирзаева каби саломатлик посбонларининг хизматидан аҳоли ҳамиша хурсанд.

Ҳа, кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган буюк ўзгаришлар жараёни соғлиқни сақлаш соҳасида, айниқса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тизимида ҳам бўй-бастини кўрсатмоқда. Бугун вилоят бўйича 74 та қишлоқ оила шифокорлик пунктлари эл хизматидадир.Яқин орада улар сони яна 10 тага ортиши кутилмоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.