Вилоятимизда эрта ёшдаги болаларни овқатланишини янада яхшилаш ва микронутриентлар етишмовчилигининг олдини олиш чоралари кўрилаётир.
Бу "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" Давлат дастури доирасидаги кенг қамровли ишлар сирасига киради. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги "Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4887-сон Қарори асосида 6-23 ойлик болалар ўртасида камқонлик ва ривожланишдан орқада қолишнинг олдини олиш учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида мультивитаминли қўшимча етказиб берилиши кўзда тутилган эди.
Вилоятимизда ҳам бу жараёнга изчил киришилмоқда. Яъни, давлатимиз томонидан ажратилган 92 минг ўрамдан зиёд микронутриент кукунлари олиб келиниб, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан жажжи истеъмолчиларга тарқатилди. Мазкур хайрли тадбир олдидан тиббиёт ходимлари ва ҳамширалар ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ўқитилди. Ўқув курсларида сабоқ олган маҳаллий тренерлар аҳоли ўртасида микронутриент кукунларини қўллаш бўйича тарғибот ишларини олиб боришади.
- Баркамол авлодни вояга етказишда соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик маданиятини қарор топтириш жуда муҳим. Шу боис ҳам аввало ота-оналарнинг тиббий саводхонлигини оширишга алоҳида урғу берилмоқда. Бола парваришида уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитишда мультивитаминли қўшимчалардан фойдаланиш тартибларига оид тарқатма материалларини ҳам қўшиб улашиш кўзда тутилган, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Отабек Раҳимов.