Шу кунларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам коронавирус инфекциясига қарши вакцинациялаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Жумладан, Учқўрғон туманидаги эмлаш пунктлари ҳам ҳар доим юртдошларимиз билан гавжум.

Ҳозирга қадар туман бўйича рўйхатга киритилган фуқароларнинг 76 минг нафарга яқини вакцина қабул қилишга муваффақ бўлди. Тарғибот ишлари кучайтирилганлиги, эмлаш пунктларида зарур шароитлар яратилганлиги, вакцина таъминоти узлуксиз ташкил этилганлиги ва бу муҳим тадбирга жалб этилганларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари туфайли юқори самарадорликка эришилмоқда.

Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги эмлаш пунктида иш жараёнлари ғоят қизғин. Врач Зулҳумор Алиева эмланиш олдидан фуқароларнинг саломатлигини обдон текширувдан ўтказмоқда. Ҳамширалар Комила Ҳайдарова, Дилрабо Абдуллаевалар ташриф буюрувчиларни дарҳол рўйхатга олмоқда. Ахборот технологиялари бўйича ходим Нодира Паттоева эмланганлар маълумотини зудлик билан сайтга жойламоқда. Ҳамшира Муаззам Тўлашбоева эмланувчиларга вакцина юбормоқда.

Маълумот ўрнида: бугун туманда 15 та эмлаш пункти ишлаб турибди. Шунингдек, 61 та мобил бригада фаолият олиб бормоқда. Бор куч ва имкониятлар хатарли касалликни олдини олишнинг муҳим шарти - вакциналашни тез ва сифатли амалга оширишга сафарбар этилмоқда.

Севара ҒОЗИЕВА.