ССВ Матбуот хизмати "COVID-19"га қарши вакцинация бўйича энг кўп бериладиган саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи Дилором ТУРСУНОВАдан жавоб олди:

- ОИВ билан касалланган ва аутоиммун касалликларга чалинган шахслар "COVID-19"га қарши эмланадими?

- Бундай ҳолатларда вакцинани ишлаб чиқарган ташкилотнинг тавсияларига амал қилинади. Яъни ОИВ инфекциясига чалинган ва аутоиммун касалликларига чалинган шахсларни, шу жумладан анамнезида оғир аллергик реакциялари мавжуд бўлган инсонларни эмлаш тавсия этилмайди.

Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам эмлаш тўғрисидаги қарор тиббий кўрик натижасида қабул қилинади. Мабодо эмлашга монелик қиладиган у ёки бу турдаги ҳолатлар кузатилса, тиббий кўрик ўтказаётган шифокор албатта унга эътибор қаратади.

- Вакцинациядан сўнг ҳам тиббий ниқоб тақиш зарурлиги айтилмоқда. Бунда вакцина олган кишилар ҳам вирус ташувчи бўлиш эҳтимоли борлиги назарда тутилганми? Қандай ҳолларда тиббий ниқоб тақмаслик мумкин?

- Коронавирусга қарши иммунитет вакцинанинг иккинчи дозаси олинганидан сўнг 3 ҳафта ўтиб пайдо бўлади. Шу давр ичида одам касалликдан тўлиқ ҳимояланмаган бўлади. Шу боис, ҳар бир эмланган инсон профилактика чораларини кўриши керак.

Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудудида тиббий ниқоб тақиб юриш тартиби ҳозирча бекор қилингани йўқ. Эмланганми йўқми - тиббий ниқоб барча учун мажбурий. Агар инсон ёлғиз бўлса, теварак-атрофида катта радиусда бошқа бир мулоқотчи бўлмаса, табиийки, бундай вазиятда ён-атрофда коронавирус юқиш ва юқтириш хавфи бўлмайди. Бундай ҳолатда ўз-ўзидан тиббий ниқоб тақишга эҳтиёж қолмайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.