Улар беморлар учун кутилмаган байрам совғаси бўлди

"Чек" маҳалла фуқаролар йиғини, Мустақиллик кўчасида яшовчи Ҳакима Ибрагимованинг тоби қочиб қолди. Турмуш ўртоғидан айрилганидан сўнг рўзғорни аранг тебратаётган, уч нафар фарзандини қийинчилик билан улғайтираётган аёл учун саломатлигининг "панд" бериши жиддий ташвиш уйғотиши табиий эди. Ахир, саломатлигини тиклаш учун дори-дармон сотиб олиши керак эди-да. Бунинг учун албатта пул зарур? У Учқўр­ғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси биносига кириб борар экан, кўнглини тирнаётган муаммога қандай ечим топиши ҳақида ўйларди.

Умумий амалиёт шифокори Маъмура Қамбаралиева "Аёллар дафтари" рўйхатида турувчи инсонни илиқ қарши олди. Бемор шикоятини эътибор билан тинглагач, даст­лаб унинг қон босимини ўлчади. Қўшимча текширувлар ўтказди. Тезда хасталикка ташхис қўйилди: камқонлик асоратлари намоён. Шифокор Ҳакимани соғломлаштириш режасини белгилаб, тегишли муолажаларни қайд этди. Қонни кўпайтирадиган дори-дармонларни ёзиб берди.

Рўйхатни кўргач, Ҳакима "Нима қилсам экан?" дея хайрон бўлиб қолди. Вазиятни кузатиб турган поликлиника мудири Раҳимахон Мирзаева аёлни тинчлантирар экан, хавотирга ўрин йўқлигини айтди.

- Президентимизнинг ташуббуслари билан эндиликда кўп тармоқли поликлиникалар, оила поликлиникалари ва оила шифокорлик пунктлари 66 турдаги дори-дармонлар билан таъминланган. Сизни безовта қилаётган касалликни даволаш учун ёзилган ҳамма дори воситалари поликлиникамизда бор. Фақат ҳар куни бу ерга келасиз ва кундузги даволаш бўлимда ётиб, саломатлигингизни тиклайсиз.

Шу куниёқ беморни безовта қилаётган дарддан халос этиш ишлари бошлаб юборилди. Катта ҳамшира Нафиса Исоқова хастаҳол аёлга дастлабки кунга мўлжалланган дори воситаларини тақдим этди. Бундай имкониятдан Улуғбек МФЙ, Собир Раҳимов кўчасида яшовчи Маликахон Тожибоева ҳам баҳраманд бўлди.

Катта ҳамширанинг таъкидлашича, оила шифокорларининг тавсияси билан бир кунда 30 нафардан зиёд ташриф буюрувчига бепул дори-дармонлар тар­қатилган.

Мазкур жараёнлар билан танишиш асносида Ўлжатўпи маҳалласида яшовчи Нодира Имомалиева КТМПда ультратовуш текширувидан ўтганидан хабар топдик. Шифокорлар унга буйрагида муаммо борлиги, зудлик билан даволашни бошлаш лозимлиги, тегишли дори воситалари эса "Бахт" оила шифокорлик пунктида берилишини айтишди.

Масала қандай ечилиши бизда қизиқиш уйғотди. Туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Дилдора Тухпатуллаева ҳамроҳлигида Ўлжатўпига йўл олдик. Яқиндагина барпо этилган, муҳташам ОШПга кириб борганимизда Н.Имомалиева мудира Одина Фозилова ҳузурида эди. Тажрибали шифокор ҳамкасблари томонидан ёзилган тавсиялар билан танишар экан, беморнинг ҳолатини яна бир карра кўздан кечирди. Даволаш ишларини дарҳол бошлашга кўрсатма берди. Зарур дори-дармонларнинг барчаси кечагина муассасага келтирилганлигини, улар аҳолига бепул тарқатилишини, Нодирага ҳеч қандай харажат талаб қилинмаслигини тушунтирди.

- Давлатимизга минг раҳмат! Биздек кам таъминланган инсонларни соғ­ломлаштириш учун бепул дори-дармонлар берилаётгани халқ учун қилинаётган беқиёс ғамхўрликдир, - дейди Н.Имомалиева қувончини яшира олмай.

- Тиббиётда кечаётган ислоҳотлар баробарида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятида ҳам катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда, - дейди туман бош ҳамшираси. - Аҳолини соғломлаштириш учун дори-дармонлар таъминоти кўпайтирилганлиги юртдошларимизни беҳад мамнун этмоқда. Июлда биргина туманимиз учун 66 турдаги, қиймати 112 миллион сўмлик дори воситалари олинди ва барча поликлиникалар ҳамда оила шифокорлик пунктларига тарқатилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 25 майдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмлар учун аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори уч баробарга оширилди. Биргина вилоятимиз учун давлат бюджетидан 1 миллард 881 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Бу халқ саломатлигини янада мустаҳкамлаш сари қўйилган ғоят муҳим қадамдир.

Ўз мухбиримиз.