Вилоят эндокринология диспансери мажлислар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан матбуот анжумани ўтказилди. Унга оммавий ахборот воситалари, Интернет сайтлари вакиллари ва блогерлар таклиф этилди. Тадбирда вилоятдаги эпидемиологик вазият, коронавирус инфекциясига қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар ва вакцинациялаш жараёнларининг таҳлили ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини дори-дармон билан таъминлашдаги янгиликлар ҳақида сўз борди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов бу ҳақда маълумот берди. Унинг таъкидлашича, пандемия шароитидан келиб чиқиб вилоятда ҳам коронавирус инфекциясига қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Хатарли касаллик тарқалишининг олдини олиш ва коронавирус инфекциясини юқтириб олганларни самарали даволаш тиббиёт ходимларининг энг муҳим вазифасига айланган. Бунинг учун махсус шифохоналар фаолият кўрсатмоқда. Энг малакали шифокорлар сафарбар этилган. Зарур миқдордаги дори-дармонлар заҳираси яратилган. Шундай бўлсада, айрим кишиларнинг белгиланган тартибларга амал қилмаётганликлари ташвишлидир. Жамоат жойларида ижтимоий масофа сақламаётган, тиббий ниқоб тақиб юриш зарурлигини унутиб қўяётган, санитария-гигиена қоидаларини писанд этмаётганлар йўқ эмас.

Бугина эмас, коронавирусдан сақланишнинг энг ишончли ва зурурий чораси - вакцина қабул қилиш масаласида иккиланаётганлар ҳам бор. Айрим ижтимоий тармоқларда эмланиш хусусида тарқатилаётган нохолис фикрларга берилиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Давлатимиз томонидан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бўйича нимаики зарур бўлса, ҳамма шароитлар яратиб қўйилган. Юртимизга олиб келинган вакциналар тури ҳам кўпайиб бормоқда. Яъни, шу кунга қадар вилоятимизда АstraZeneca, ZF-UZ-VAC2001 ва Sputnik-V вакциналари қўлланилаётган эди. Энди улар қаторига Moderna тури қўшилди.

Бу элимиз саломатлигини муҳофазалаш йўлидаги хайрли ишдир. Вилоятда қўлланилган вакциналар миқдори 1 миллион донадан ошди. Шундай экан, эмланиш жараёнларини тағин ҳам жадаллаштириш, омманинг фаоллигини янада ошириш зарур. Бинобарин, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар коронавирус инфекциясидан муҳофазаланишнинг энг муҳим шарти - вакцинация эканлигини янада тўлақонлироқ ёртишлари лозимлигини бугунги вазият тақозо этмоқда.

Матбуот анжуманида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамият саломатлиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Акрамжон Тожибоев, "Баркамол авлод" спорт мажмуасидаги коронавирусга қарши махсус шифохона раҳбари Шукрулло Солижонов, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шокиржон Ҳайдаровлар ҳам ўзлари бошқараётган муассасаларда коронавирус инфекциясига қарши олиб борилаётган профилактик ишлар, беморларни соғломлаштириш борасида эришилаётган натижалар, вакцинациялаш самарадорлигини ошириш омиллари хусусида фикр алмашдилар.

Бошқарма бошлиғи тизимдаги янгиликлардан бохабар этиш асносида вилоятдаги оила поликлиникалари ва оила шифокорлик пунктлари дори-дармон таъминотини яхшилаш чоралари кўрилаётганлигига эътиборни қаратди. Бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 1 миллиард 881 миллион сўм маблағ йўналтирилганлиги бирламчи тизим ишини юксалтириш, оила шифокорлари нуфузини ошириш сари қўйилган ғоят муҳим қадам эканлиги эътироф этилди.

Анжуман давомида журналистлар ва блогерлар соғлиқни сақлаш тизимининг бугуни ва келажаги, соҳада кечаётган ислоҳотларга доир кўплаб саволларга жавоб олдилар. Мутахассислар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва коронавирусга қарши курашишда аҳоли тиббий саводхонлигини ошириш билан боғлиқ мавзуларни янада кенгроқ ёритиш юзасидан тегишли тавсия­лар беришди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.