ЁХУД ЭМЛАНМАГАНЛАР ОЗОР ЧЕКИШЯПТИ
Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуасида коронавирусга чалинганларни саралаш ва даволашга мослаштирилган муваққат шифохона олдидамиз. Гарчи дарвоза катта йўл бўйидан ичкарироқда бўлсада, автомашиналар қалин. Бири келиб, бири кетяпти. Айниқса, "Тез ёрдам" машиналарининг ҳаракати тиғиз. Қаердандир ошиққанича дарвозадан кириб кетяпти, қаергадир шошиб жўнамоқда. Оқ халатли халоскорлар беморлар хизматида.
- Коронавирусдан қаттиқ азоб тортаётганлар эмланмаган кишилардир, - дейди 1-реанимация бўлими мудири Шукрулло Солижонов. - 3 та жонлантириш бўлими жамоаси оғир ҳолатдаги инсонларга нажот бағишлаш учун туну-кун фаол ҳаракатда. Асбоб-ускуналар, дори-дармонлар етарли. Врачлар ҳам, ҳамширалар ҳам тажрибали, юқори малакали. Лекин коронавирус осонликча таслим бўладиганга ўхшамайди. Қанча курашмайлик, яна кимларнингдир умрига чанг солишдан тўхтамаяпти.
Биз билдикки, Муроджон Эралиев ва Ҳафизхон Убайдуллаевлар мудирлигидаги 2, 3-бўлимларидаям беморлар жон талашиб ётишибди. Агар улар билан гаплашсангиз борми, дарров:" Эмланинглар, тезроқ эмланинглар! Бизларнинг ҳолимизга тушишдан сақланишнинг бирдан бир йўли вакцина қабул қилишдир" дейишади.
- Пневмония тури билан келгандим, юқори ҳарорат ҳолдан тойдирди. Бир ҳафта реанимацияда ётдим. Гўёки неча бор ўлиб-тирилгандай ҳис этдим ўзимни, - дейди Наманган шаҳрилик пенсионер Римма Ахтариева. - Вақтида вакцина олганимда бошимда шу кўргилик йўқ эди...
- Дўхтирлар жонимга оро киритишди, тўққиз кун жонлантириш бўлимида азоб чекдим, - дейди поплик Шаҳрибону Умрзоқова. - Тўғриси, ҳаётга қайтадан туғилгандек бўлдим. Агар шифокорлар бўлишмаганида коронавирус чангалидан қутулиб кетолмасдим. Бир кам олтмиш ёшда бундай шафқатсиз касалликка бардош бериш осонми?! Энди кўзимиз очилди. Бугунни эртага қўймай эмланиш зарур экан.
- 18 кун махсус аппарат ёрдамида сунъий нафас олиб ётдим, - таъкидлайди янгиқўрғонлик 55 ёшли Ботир Қамчинов, - Давлатимизнинг ғамхўрлиги-ю, саломатлик посбонларининг фидойиликлари туфайли ҳаётим сақланиб қолди. Вакцина кексагаям, ёшгаям ишончли қалқон экан. Буни аввалроқ чуқур англаб етмабман-да...
Юқори малакали врач Обидхон Исмоилов раҳбарлигидаги 400 ўринли муваққат шифохонада барча қулайликлар муҳайё. Энг замонавий тиббий аппаратлару барча турдаги дори-дармонларгача тўкис таъминланган. Аҳроржон Ғофуржонов, Хуршидбек Пўлатов, Абдулла Аълохонов, Дониёр Атамирзаев, Манзура Зоҳидова, Саломат Рустамова, Темур Баҳриддинов сингари саломатлик посбонлари врачлик қасамига чинакамига садоқат кўрсатишяпти. Уларнинг самарали муолажалари натижасида коронавирусдан қутилаётганлар сафи кундан-кунга кўпаймоқда.
Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, албатта. Бунинг учун ягона ва ишончли йўл-ВАКЦИНА ОЛИШДИР.
Содиқ САЙҲУН.