Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасида ногиронлиги бўлган болаларни реабилитация қилиш хонаси очилди. Бу ерда дастлабки ёшлардаги болаларга тиббий - педагогик ёрдам кўрсатилади. Мутахассислар жисмоний, ақлий ва нутқий ривожланишдан орқада қолган ўғил-қизларнинг нуқсонларини бартараф этиш ва коррекциялаш ишларини олиб боришади.

Машғулотларни кузатар эканмиз, турли ўйинчоқлару, жозибадор ҳарфлар, полиз экинлари, дуккакли донлар ва бошқа керакли кўргазмали анжомлар билан болажонлардаги заифликликни енгишга, фаол ва зукко бўлишга ундаётган логопет-врач Наргиза Жалолова, ҳамшира Санобар Болтаеваларнинг касблари нақадар машаққатли ва шу билан бирга масъулиятли эканлигини англадик.

- Эртамиз эгалари бўлмиш фарзанд­ларимизнинг соғлом ва баркамол ўсишларини таъминлаш ва улар саломатлигидаги заифликни бартараф этиш мақсадида мазкур махсус хона ташкилланган, - дейди КТМП мудири ўринбосари Мушаррафхон Собирова. - Наманган шаҳрида ягона ҳисобланади. Бошқа ҳудудлардаги оилавий поликлиникалар педиатр врачи ташхиси ва йўлланмаси билан келган бемор болаларга ҳам беминнат хизмат кўрсатилади.

- Ўғлим Муҳаммадалига дизартерия ташхиси қўйилган, - дейди Халима Абдусаматова. - У 14 та ҳарфни айтишга қийналади. Мутахассисларнинг саъй - ҳаракатлари натижасида унда ўзгариш кузатилмоқда. Айниқса, д, л, ю ва ж, з ҳарфларини умуман айтолмас эди. Етти кунлик қатновимиз давомида бу ҳарфларни ўзлаштира бошлади. Бунинг учун бизга кўмак кўрсатаётган шифокорлар, ушбу марказни ташкил этган тиббиёт бирлашмаси раҳбариятидан миннатдормиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.