Тўрақўрғон марказидаги автомашиналар тўхтатиб, одам олиб кетадиган майдончада иккита автобус йўловчиларни кутиб турибди. Навбат олдингисида экан, ҳар икки эшиги ланг очиқ. Ўтирғичлари тўла одам, ўрта йўлаги ҳам тўла. Йўловчилар безовта.
- Ҳе-й, ҳайдовчиси қани, автобуснинг, юрса бўлмайдими?-деди тик турган ёшлардан бири.
- Коронавирус авжига чиқаётган пайтда бу қанақа қилиқ, ҳайдовчининг нафсини деб бошқалар азобга гирифтор бўлиб қолишмаса гўргайди , - ғулдуради кекса отахон.
- Ишхонасидагилар ўргатишмаган эканми масофа сақлашни?- яна кимдир норози кайфиятда таажжубланди.
Шу пайт ҳайдовчи автобус эшигини очиб, кабинага кирди.
- Яна беш-олти киши чиқсин, кейин юрамиз, - деди бепарво оҳангда.
- Ўтин юкламаяпсиз, ука, одамларнинг соғлиғини ҳам ўйласангиз-чи?!- енгил дакки берди ўрта ёшдаги ниқобли киши.
- Ваҳима кўтараверманг, намунча қўрқитасиз?- деди ҳайдовчи ниқобсиз ҳолатда орқасига ўгирилиб, агар шошилсангиз, ана "Дамас" лар қатор-қатор...
Ниҳоят ҳайдовчи ниятига етди. Яна бир тўда йўловчи автобусга ўзини урди. Понадек зич ва "мустаҳкам" ўрнашган одамларнинг юзма-юз ҳолатда бири чиқарган ҳавосини иккинчиси ютиб боришга мажбур бўлишдан ўзга чораси қолмаган. Фақат саноқлик кишиларгина ниқоб таққанини ҳисобга олмаганда автобус ичида пандемия муҳити вужудга келган.
Ана энди мушоҳада қилиб кўрайлик: Айб кимда? Ҳайдовчидами, йўловчидами? Бизнингча, иккисида ҳам. Лекин бу ерда ҳайдовчиники кўпроқ. Чунки, бир кишининг нафси, манфаати кўпчиликнинг жабрланишига сабаб бўлиш эҳтимоли юқорилиги ўз-ўзидан аён эмасми!
Биз нима учун ҳайдовчининг кимлигини айтишни лозим топмадик. Боиси, бу ягона ҳол эмас. Тўрақўрғонга қатновчи бошқа автобуслардаям шундай бепарволик, лоқайдлик ҳукм сураяпти. Демак, автокорхона раҳбарлари бугунги ташвишли кунлар масъулиятини етарли даражада ҳис этишмаяпти.
Бозорларда - чи? Яширишдан на ҳожат. Бозорларда номигагина, хўжакўрсинга ниқоб тақишдан нарига ўтилмаяпти. Сотувчидан харидор, харидордан сотувчи "ўрнак" олиб, ниқобсиз ёки ниқоб бўлса ҳам уни оғиз-бурунга эмас, иякка ва билакка тақиб юрувчилар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Эҳ одамлар, одамлар! Наҳотки коронавирус кундан-кун яна бош кўтараётганидан ҳушёр тортмасангиз?! Наҳотки, ота-боболаримизнинг "Бирники мингга, мингники туманга татийди" деган нақлини унутган бўлсангиз?! Наҳотки кўзга кўринмас ёвни автобусларда, бозорларда, тўй-тўйчиқларда ўзингизга илаштириб олиб, уйингизга - оила аъзоларингизга юқтиришингиздан чўчимасангиз?!
Куни-кеча яна нохуш хабар қулоққа чалинди. Қишлоқлардан бирида ўттиз ёшли йигит хорижда ишлаб уйига қайтган экан. Қўни - қўшни, қариндош-уруғ кўргани бориб, бағриларига босиб, соғинчу меҳр изҳор қилишибди. Эртасига ана ўшаларда иситма кўтарилибди, йўтал пайдо бўлибди. Шифохонага боришса, коронавирусни юқтиришгани аниқланибди. Бунга нима дейсиз? Афсусланасиз, елка қисасиз, кўргулик дейсиз. Лекин ўша сафардан қайтган йигит дўстингиз душманингиз бўлиб қолганини ўйлаб кўрмайсизми? У аввало, врачга бориб учраб, текширтириб, таҳлил топшириб, соғлом чиқсагина яқинларига қучоғ очса бўлмасмиди? Бўларди. Бироқ шундай қилмабди-да... Ўзингиз-чи? Чопиб кетаверасизми, коронавирус авжига чиқаётган мамлакатлардан қайтаётган яқинларингиз олдига?
Ҳаётингиз ширин, умрингиз ғанимат. Уни "COVID-19"дек балога дучор қилиб қўйманг!
Содиқ САЙҲУН.