Тўрақўрғон туманидаги 26-оилавий поликлиника жамоаси ҳудудда яшовчиларни коронавирусга қарши эмлаш ишини навбатма-навбат сифатли амалга оширмоқда. Дастлаб тиббиётчилар, халқ таълими ходимлари ҳамда олтмиш беш ёшдан ўтган кексалар вакциналарни қабул қилишган бўлса, эндиликда барча жойда бўлгани каби бу ерда ҳам эмлаш доираси кенгайтириб юборилди. Мавжуд тўртта бригада эрталабдан кечга қадар поликлиниканинг ўзида ва маҳаллаларда долзарб тадбирни муваффақиятли ташкиллаш ҳаракатида.

Ғоят муҳим вазифанинг узлуксиз ва талабларга мувофиқ йўсинда уддасидан чиқиш учун врачлар ҳам, ҳамширалар ҳам юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда астойдил иш олиб боришмоқда. Биз поликлиникага кириб борганимизда буни дарров пайқадик. Чунки, ташриф буюрган каттаю-кичикка эътибор кучайтирилган. Уларни қабул қилаётган врач зудлик билан тиббий кўрик ўтказмоқда. Картаси билан танишиб, зарур савол-жавоблардан сўнг саломатлигига тўла ишонч ҳосил қилгач, эмлашга тавсия этмоқда. Кўчма бригадаларда ҳам ҳудди шундай тарзда иш юритиляпти.

- Ҳудудимизда 27 минг 792 нафар аҳоли яшайди,- дейди оилавий поликлиника мудири Азимжон Бозоров. - Шулардан 12 минг 600 нафарини эмлашимиз керак. Ҳозиргача 9 минг кишининг вакцина олишига эришдик. Энг муҳими, одамлар кундан-кунга эмланишнинг нафи катта эканини тушуниб етишмоқда. Бу вакцина қабул қилишга келаётганларнинг тобора кўпаётганида яққол кўринмоқда. Ҳамма билиб қў­йиши керак:коронавирусдан ишончли ҳимояланишга қодир вакциналарга эгамиз. Улар эҳтиёжга қараб олиб келиняпти. Меъёрий совуқликда сақлаб туриш учун шароитлар, махсус қутилар етарли. Давлатимизнинг ғамхўрлиги туфайли вакцинаям, хизматларимизам бепул. Ахир эл соғлиғи - юрт бойлиги. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги лозим, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, оилавий поликлиниканинг врачу ҳамширалари ўз тасарруфларидаги Кужрон, Озод, Ободон, Катта Қўрғонча, Кичик Қўрғонча, Лангар бобо, Тепа Найманча каби еттита маҳалла аҳлининг саломатлигини сақлаш учун фаоллик кўрсатишмоқда. Нафиса Холматова, Раъно Имомалиева каби врачлар, Ҳакима Олимова,Садоқат Турдиалиева, Кимё Зиёвиддинова, Зулфия Иброҳимова ва Моҳира Турсуноваларга ўхшаган ўз ишига чаққон ва қўли енгил ҳамшираларнинг муомаласию, муолажаларидан, айни маҳалда эмлашдаги жонкуярликларидан кўпчилик хурсанд.

- Ёшим 62 да, гарчи ўзимни соғлом сезсам-да, коронавирус хавфидан ташвишда эдим,- дейди мамнуният билан Сожидахон Ҳакимова.- Мана, бугун вакцинани олдим. Ўзимда оғриқниям, салбий ўзгаришларниям сезмадим. Давлатимизга, Юртбошимизга раҳмат! Бизнинг соғлиғимиздан қайғуриб, шундай вакциналарни бепул юборганига, врачу ҳамшираларни эл ичига сафарбар қилиб қўйганига...

Бундай эътирофларни, миннатдорчилик ҳисларига тўла сўзларни бугун ҳар қадамда эшитаётганимиз кўпчилигимизда беҳад фахру ғурур уйғотади, албатта. Шундай истиқлолли юртда эркин ва фаровон яшаётганимиздан ҳар қанча қувонсак арзийди. Яхши кунлар олдин-да.Ҳадемай ҳамма эмланиб бўлса, хавф- хатар ортга чекиниши аниқ. Ахир вакцина "COVID-19" га қарши энг ишончли ва энг кафолатли қалқондир.

Адолат БАДРИДДИНОВА.