Истиқлол йилларида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар марказида ёш авлоднинг баркамол вояга етишини таъминлашга қаратилган улуғвор ишлар турибди. Зеро, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур. Соғ­лом болалардан юксак заковат эгалари, комил инсонлар шаклланади.

Вилоятимизда ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда  саъй-ҳаракатлар сезиларли равишда жадаллашгани туфайли эртанги кунимиз эгаларига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси ўсиб, бағоят такомиллашди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази Наманганда педиатрия йўналишида фаолият олиб бораётган энг йирик тиббиёт масканидир. Мустақиллик йилларида мазкур тиббиёт муассасаси ҳар жиҳатдан юксалди, хизмат кўрсатиш доираси кенгайди, шароитлари яхшиланди. Бугунга келиб, нафақат даволаш даргоҳи, балки қуйи тизимлар учун тажриба ва маҳорат мактабига ҳам айланди.

Бундан қирқ йил муқаддам очилган болалар шифохонаси негизида ташкил топган муассаса истиқлолдан сўнг, айниқса кейинги йилларда юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар асносида муттасил равнақ топмоқда. Бинобарин, Инвестиция дастурига мувофиқ тўлиқ капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши баробарида тиббиёт муассасаси бино ва иншоотлари янгича қиёфага кирди.

Болаларга стационар шароитда тиббий хизмат кўрсатувчи юқори салоҳиятли марказ 12 та даволаш ва 11 та ёрдамчи бўлимлардан иборат. Болалар касалликларининг асосий йўналишлари, яъни бу режали хирургия, педиатрия, кардиоревматология, отолорингология, аллергология ва пульмонология, ортопедия ва травматология, неврология, гематология, урология ва ўсмир қизлар гинекологияси, кўз касалликлари, гастроэнтерология, неонотология, нейрохирургия, кардиохирургия, чақалоқлар хирургияси бўйича ихтисослаштирилган юқори технологияли диагностика, даволаш ва профилактика тиббий ёрдамни кўрсатиш марказнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шу билан бирга шаҳар ва туманлардаги болалар даволаш-профилактика муассасаларига амалий-услубий ёрдам берилмоқда.

Марказда инновациялар ва янги технологияларни амалиётга тадбиқ этиш борасида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Болалар жарроҳлигида лапороскопик, кардиохирургик амалиётлар йўлга қўйилди. Болалар сийдик чиқарув йўллари анамолиясини оператив даволаш бўйича илмий изланишлар олиб борилиб, "Болалар уретра орқа клапанини эрта ташхислаш ва жарроҳлик усулида даволашни такомиллаштириш" мавзусида докторлик диссертацияси ҳимоя қилинди.

Болаларга юқори малакали, ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш учун ҳозирда Германия Ҳукуматининг Ульм клиникаси, Турк Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлиги (ТИКА), Қозоғистон Республикаси Астана шаҳри Миллий-Илмий Тиббиёт маркази акционерлик жамияти болалар кардиохирургияси ҳамда Россиянинг Челябинск вилоят болалар клиникаси билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш тизимига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Эндиликда хориж тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш диққат марказида турибди. Шифокорлар нафақат республика марказларида, шунингдек, Германия, Россия, Туркия ва Қозоғистоннинг етакчи клиникаларида ўз малакаларини ошириб келишган.

Германиянинг KFW банки билан молиявий ҳамкорлик ҳам ижобий самара бермоқда. Чунончи,ўтган йиллар мобайнида хориждан 63 турдаги, 5 миллиард 73 миллион сўмлик ёки бир миллион евродан зиёд қийматида янги тиббий жиҳозлар келтирилиб, ишга солинган. Янги технологияларнинг даволаш жараёнларига татбиқ этилиши баробарида беморларни соғайтириш самарадорлиги ҳамда касалликларни эрта аниқлаш натижадорлиги ортди.

Муассаса моддий-техник имкониятларининг яхшиланиши эвазига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ўсди. Эндиликда пойтахтимиздаги ва жаҳоннинг етакчи клиникалари мутахассислари билан биргаликда юқори технологик амалиётларни ўтказиш одат тусига кириб бормоқда. Шу йилнинг ўзида пойтахтдан ташриф буюрган тажрибали шифокорлар билан ўнлаб турдаги янги жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Қўшни давлатлар ва чет эллардаги нуфузли тиббиёт марказлари билан ҳам изчил иш олиб борилмоқда. Бинобарин, Қозоғистон Республикаси Астана шаҳри Миллий Илмий Тиббиёт маркази акционерлик жамияти билан болалар кардиохирургияси йўналишида меморандиум имзоланган. Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар бирин-кетин амалиётга жорий этиляпти. Яъни, 2019 йилнинг декабрида қозоғистонлик мутахассислар иштирокида республикада биринчи бўлиб, юрак хасталигидан азият чекаётган жажжи беморларда қоринчалараро тўсиқ нуқсони юракни тўхтатмасдан махсус ок­клюдер билан бартараф этилди. Кейинчалик бу ишлар давом эттирилиб, ўтган йилнинг февраль ойида яна 3 нафар беморда ушбу юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.

Жорий йил аввалида вилоятимизда бошланган "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остидаги саломатлик акцияси доирасида ҳам қатор эзгу ишлар амалга оширилди. Тошкент ПМИ болалар хирургияси бўлими доценти Ҳусниддин Ҳотамов, РИПИАТМ болалар хирургияси бўлими мудири, доцент Хуршид Сатторов ва ВБКТТМ болалар урологияси ва ўсмирлар гинекологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирзо Нурматовлар болаларда ғоят мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишди.

- Шифохонамизда ўзининг кўп йиллик самарали хизматлари билан болалар саломатлигини мустаҳкамлаш ва соҳа ишини янги босқичга кўтаришга баҳоли қудрат ҳиссасини қўшиб келаётган шифокорлар талайгина. Улар орасида Дилбар Азизова, Иброҳим Абдуллаев, Манзура Ҳожиматова, Ёдгормирзо Нурматов, Набижон Мамасолиев, Алишер Орипов, Насиба Жамолова, Малика Турғунова, Султонмаҳмуд Ҳамидов, Асила Эгамбердиевалар ташаббускорлиги, изланувчанлиги ва фидойилиги билан алоҳида ажралиб туришади, - дейди бош шифокор Абдумалик Раҳмонов. -   Изланишлар давом этади. Болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматни замон талаблари асосида янада ривожлантириш бош мақсадимиз. Бинобарин, кардиохирургияда очиқ усулдаги амалиётларни ўзлаштириб бориш, нейрохирургик ва неонатал хирургик амалиётларни эса янада такомиллаштириб, халқаро андозалар даражасига етказиш марказимизнинг истиқболдаги режасига киритилган.

Болалар саломатлигини мустаҳкамлашнинг ишончли нажот қўр­ғонига айланиб бораётган муассаса жамоасининг астойдил изланишлари, самарали хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланмоқда. Чунончи, марказ кардиоревматология бўлими мудири Иброҳим Абдуллаев II даражали "Соғлом авлод учун" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари соҳибидир. Беш нафар шифокор "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан мукофотланган.

Биз кичик беморлар дардига даво излаётган йирик тиббиёт маркази жамоасининг келгуси ишларига ривож тилаймиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.