Илгариги Задарё (дарёорти) райони - бугунги Мингбулоқ тумани вилоятимизнинг ҳудуди кенгу, аҳолиси сийрак гўшаларидан. Шу боис, бу ерда яшовчилар саломатлигини сақлашнинг машаққатли ва муаммоли томонлари азалдан анчагина. Чўл ҳудудидаги туб аҳоли орасида олий маълумотли кадрлар камлиги учун ўтган асрнинг иккинчи ярмида вилоятнинг турли тарафларидан ёш мутахассисларни бу ёққа вақтинча ишга жўнатиш одатий ҳол эди. Лекин уларнинг кўпи чўл ҳавосига кўникиб, самимий, бағрикенг, меҳрга чанқоқ инсонлар яшайдиган жойда бир умр қолиб кетишди ҳам. Бошқача айтганда, тўла маънода мингбулоқликларга айланишди. Бу, албатта, фидойилик эди, бу "тумандош"ларга беқиёс меҳру ихлос тимсоли эди.
Асли Уйчининг Жийдакапасидан бўлган Ривожиддин Мадаминов 1958 йилдан 1977 йилгача, яъни қарийб 20 йил бош врачлик вазифасини адо этди. Наманган туманилик Зокиржон ва Маҳмуджон Қўчқоровлару Ҳамидулла Қосимовлар ҳам халқ саломатлигининг чинакам посбонлари сифатида чўлқуварлар нажоткорлари бўлишди. Шифокорларнинг ёнига йилма-йил шу ерда яшовчиларнинг қанчадан-қанча фарзандлариям қўшилишди.
Оқ халатли оқ кўнгил инсонларнинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги авлоди бундан 60-70 йиллар муқаддам иш бошлашган эди. Уларнинг кўплари эндиликда орамиздан кетишди. Йўлчибой Жалилов, Каримхон Алихўжаев, Қодиржон Собиров, Қодиржон Одилов, Усмонжон Тўхтамов, Олимжон Йигиталиев, Абдуомид Жамолиддинов, Хидирали Абдухолиқов, Абдуқаҳҳор Турдиев, Абдубанно Тўраев, Абдулҳаким Абдукаримов, Ҳамиджон Эргашев, Маҳмуджон Нурматов, Баҳодир Каримов, Ғанижон Жўрабоев, Илҳомжон Абдухолиқов, Раҳимжон Қувонов,.. рўйхатни яна давом эттираверишимиз мумкин.
Эндиликда пиру бадавлатлик толеига мушаррафланиб, истиқлолдан топган чин иқболига шукроналар келтириб яшаётган фахрийлар ҳам анчагина : Нурхон Аҳмедова, Ҳошимжон Қўшоқов, Муҳаббат Қаҳҳорова, Зоҳидахон Собирова, Исмоилжон Йўлдошев, Муллабой Турдиев, Абдуқаҳҳор Йўлчибоев, Обидахон Рўзиева, Шаҳзода Эшматова, Абдуқодир Абдураҳмонов, Фарида Йўлдошева, Мария Қирғизбоева, Маъсуда Раҳимовалар ана шулар жумласидандир.
Айни маҳалда кексаликка сўз бермай, эгнидаги оқ халатни ҳамон ташламай, эл саломатлиги йўлида ҳормай-толмай ишлаётган меҳнат фахрийлари эса ҳамиша шогирдларига ибратдирлар. Маъсуда Маҳкамова, Муҳаммадиброҳим Қўчқоров, Олимжон Аҳмедов, Мавжуда Аҳмедова, Анорхон Бегматова, Набижон Кимсанов, Абдупатто Йўлчибоев, Муқаддас Намозова, Омина Эргашева, Икромжон Кўчманов кабиларнинг бири терапевт, бири жарроҳ, бири кардиолог, бири инфекционист, бири акушер-гинеколог, бири маънавият тарғиботчиси. Улар ёшлардан ҳали бери ортда қолишадиганга ўхшашмаяпти. Чунки, билимлари, малака-маҳоратлари ва тажрибалари беморларни даволашда жуда қўл келмоқда. Бунга қўшимча равишда иш шароитларининг созлиги ҳам уларнинг ғайрат-шижоатини ошириб турибди.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида туман тиббиётида мисли кўрилмаган ўзгаришлар ясалди. Республика миқёсидаги ислоҳотлар қамрови доирасида халқ саломатлигини сақлашни жаҳон андозалари даражасига кўтариш, тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, даволаш самарадорлигини ошириш ва айни вақтда касалликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллиги таъминланмоқда. Аввало, қатор янги қишлоқ врачлик пунктлари қурилди, айримларига мавжуд бинолар мослаштириб берилди. Кейинги пайтда қишлоқлардаям оилавий поликлиникалар очилди. Эндиликда 4 та қишлоқдаги оилавий шифокорлик пункти ва 4 та жойдаги оилавий поликлиниканинг аҳил жамоалари фаол иш юритишмоқда. Энг эътиборлиси, уларнинг барчаси янгитдан мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, УТТ ва ЭКГ каби врачлар учун беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда тўғри ташхис қўйишга ҳар доим асқотадиган аппаратларгача муҳайё этиб қўйилган.
Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги бирламчи тизимда мутлақо янгича механизмларни жорий қилишга қаратилган 6110-сонли Фармони ижроси бўйича тумандаги ишлар тобора такомиллаштирилмоқда. Координатор Исроилжон Нажимов талабчанликни кучайтириш билан бирга амалий ёрдам кўрсатишгаям доимий кун тартибидаги масала сифатида қараётир. Гулсора Мирзаева, Фазлиддин Аҳмедов, Исломжон Каримов, Малика Абдураҳмонова, Гулнора Усмонова, Соҳиба Каримовалар мудирлигидаги 8,10-ОП ҳамда Дамкўл, Қайроғочовул, Қўғаликўл, Дўмса ОШПларида аҳоли саломатлигини назорат қилиш, касалликларнинг олдини олиш, беморларни даволанишга йўллаш борасидаги ишлар муттасил яхшиланиб бормоқда. Бўғинлар ўртасидаги алоқа ва ҳамкорлик янада мустаҳкамланяпти. Патронаж хизмати самарадорлигига эришилмоқда. Мингбулоқлик тиббиётчилар билан вилоятдаги муассасалар мутахассислари ёнма-ён турганликлари даволаш ва профилактика муваффақиятини таъминловчи омилга айланиб қолмоқда.
Шунингдек, Республика пойтахтидан ташриф буюрган илмий-амалий марказларнинг таниқли шифокорлари ҳам туман маҳаллаларини айланишяпти. Ҳатто меҳрга муҳтож, уйда ётиб қолган инсонларнинг ҳузуригача етиб боришмоқда. Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерлик-гинекология илмий-амалий марказларидан келган юқори малакали мутахассисларнинг қадамлари тумандаги чекка-чекка маҳаллаларгача етиб борди. Улар чуқурлаштирилган кўриклар ташкиллашган бўлса, В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази директори ўринбосари Ўктам Тўрақулов раҳбарлигидаги хирурглар гуруҳи кам таъминланган, ёрдамга эҳтиёжмандлардан 11 нафарида юқори технологик операциялар ўтказишди. Янаям аниқроғи, оғир турдаги қорин чурраларини, варикоз томирлари ва ўт пуфакчаларидаги нуқсонларни бартараф этишди. Кўргазмали йўсиндаги жарроҳлик амалиётлари туман хирурглари учун маҳорат дарси ролини ўйнади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юқоридаги операциялардан 2 тасини мингбулоқлик жарроҳларнинг ўзларига мустақил ўтказиш ҳуқуқи ҳам берилди. Улар билдирилган ишончни тўла оқлай олдилар.
"Тез тиббий ёрдам"даги 10 та бригада кеча-кундуз ҳушёр, сергак ва хизматга шай. Чақирувларга вақтида зарур дори-дармонлар билан етиб бориш, беморларга дастлабки кўмакни талаблар даражасида уддалаш имконияти яратиб қўйилган. Дилбархон Бўтаеванинг ўзи барча ҳамкасбларига ўрнак, десак асло муболаға эмас. Боиси, 2020 йили мустақиллик байрами арафасида у Президентимиз Фармонига кўра, II даражали "Саломатлик" ордени билан тақдирланган. Ўз касбининг миридан сиригача пухта ўзлаштирган "тез ёрдам"чи яқинда бўлимга етакчиликка тайинлангани унинг зиммасига янада катта масъулият юкланганлигини яққол кўрсатади.
- Ҳозирда 176 нафар врач ва 740 нафар ўрта тиббиёт ходими аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида астойдил фаолият юритмоқда, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шуҳратжон Аҳмедов. - Айниқса, марказий шифохонамиздаги шошилинч тиббий ёрдам, терапия, болалар, юқумли касалликлар бўлимлари, туғруқ комплексининг врачу ҳамширалари даво топаётганларнинг олқишларига муттасил сазоворланишяпти. Мухторжон Тожибоев, Муҳаммадиброҳим Қўчқоров, Эркинбой Долимов, Баҳромжон Раҳимов ва Бусалима Ашуровалар ўзларининг кичик жамоаларида қатъий талаб- интизом ўрнатишган. Бу эса хизмат сифатининг муттасил юқорилаши ва беморларнинг розилиги кўпайишида намоён бўлмоқда.
Содиқ САЙҲУН.