Истиқлол ислоҳотлари шарофати туфайли Чуст тиббиёт бирлашмасидаги даволаш-профилактика муассасалари Инвестиция дастурига мувофиқ мукаммал таъмирлангани ва реконструкция қилингани қувончли самаралар бермоқда. Айниқса, марказий касалхонада ва поликлиникасида бўлган киши унинг ташқи қиёфасию, ички шароитларини кўриб ҳайратга тушиши аниқ.

Негаки, сирти ва ички томонлари ҳам юксак дид билан, замонавий андозаларга мос равишда безакланган, эшик-деразаларию жиҳозларигача янгиланган. Шундай кошоналарда оқ халатли инсонлар ўзларининг бор билим ва малакаларини беморларни дардларидан тезроқ фориғ этишга сарф­лашмоқда. Ким билан гаплашманг, истиқлол ислоҳотларидан мамнунлик туйғуларини ифодалаб, бунёдкорлару нажоткорларга раҳматлар айтишади. Айниқса кекса авлоднинг шукронаси беҳад, адоқсиз. Ахир бундай дориломон кунларни илгари ким ҳам хаёлига келтирибди, дейсиз.

Аҳоли тан-сиҳатлигини таъминлаш, одамларни дардларидан халос этиш мустақилликдан авваллари ҳам давлат томонидан амалга оширилардию, муваффақиятлардан кўра муаммолар шифокорларни ҳам, беморларни ҳам қийнарди. Ўтмишда эса бу масала давлатни умуман қизиқтирмаган. Ўтган асрнинг бошида дардга чалинганлар нажот истаб борадиган ҳеч қандай тиббий муассаса бўлмаган. Юқори малакага эга бўлмаган, билими саёз маҳаллий табибларгагина ишониларди. Кўп ҳолларда беморлар соғайиши ўрнига дардлари зўрайганидан озор чекишарди. 1924 йилга келибгина Чустда илк шифохона очилди. Бу кичик муассаса атиги беш ўринли эди. Филин исмли рус фельдшери даволаш масъулиятини зиммага олганди. У ўзбекчани билмагани учун ёнида рус тилини биладиган Исмоилжон Эсонов беморлар шикоятини таржима қилишга ёлланганди. Кейинроқ А.Ф. Савкин деган тиббий ходим таклиф этилди. 1932 йилда эса биринчи саломатлик марказига ветеринар врач бўлишига қарамай, Аюбхон Қориев тайинланди. У туман соғлиқни сақлаш нозири вазифасини бажарди. Гарчи ўзи инсонларни даволамаган бўлсада, тиббий хизмат тармоғини кенгайтириш, врачлар сонини купайтириш чора-тадбирларини кўрди. 1935 йилда Чуст шаҳрига биринчи олий маълумотли врач юборилди. У Никандр Филиппович Зуев эди. Касалхонада бош врачдан ташқари бир нафар фельдшер, уч нафар ҳамшира хизмат кўрсата бошлади. Айни вақтда Олмос ва Варзик қишлоқларида ҳам фельдшерлик пункти иш бошлаган эди.

Иккинчи жаҳон урушидан ке­йингина Чустга терапевт, педиатр ва фтизиатр мутахассислигини эгаллаган кадрлар келишди. 1950 йилда бош врачлик вазифасини Зуевдан кейин Саломатхон Арслонова бажара бошлади.

Туманда 70-йилларнинг ўрталарида шифохоналар қурилишига, кадрлар тайёрлашга эътибор кучайтирилди. 120 ўринли уч қаватли асосий бинода марказий касалхона иш олиб борди. Тиббий хизмати тури 18 тага етказилди. 80-йилларга ўтиб эса қурилиш ишлари янада авж олдирилиб, стоматология поликлиникаси очилди. 130 ўринли туғруқхона қурилишига киришилди.

Истиқлол йилларига келибгина изчил ижобий ўзгаришлар бошлаб юборилди.Малакали тиббий ходимлар билан муассасалар жамоалари аҳоли саломатлигини таъминлашда янги даврнинг янгича талабларига мувофиқ даволаш ишларини жаҳон андозалари даражасига кўтариш учун янада астойдил ҳаракатга тушишди. Бугун мамнуният билан эсга олиш керакки, Чуст тиббиётини ривожида таниқли шифокор Раҳматилла Мамадалиевнинг хизматлари беқиёс.

У 1983 йилдан то нафақага чиқунича, яъни 1997 йилгача - қарийб ўн беш йил туман марказий шифохонаси бош врачи лавозимида фидокорона хизмат қилди. Чунончи, бош врачнинг елиб югуришлари билан қурилишлар авж олдирилди. Варзик, Ғова, Каркидон, Оғасарой, Янгиобод қишлоқлари аҳолиси учун шинам шифохона бинолари ҳамда врачлик пунктлари янгитдан қурилиб фойдаланишга топширилди. Туманнинг бош врачи "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига сазовор бўлди.

Туманда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида мустақилликнинг дастлабки даврида муайян ишлар амалга оширилди. Туғруқлар кўрсаткичи пасайтирилди. Ҳомиладорлар рўйхатида турувчилар камайди. Акушер-гинеколог, ТТБ туғруқхона бўлими мудири Муҳаррамхон Ҳайдарова 1999 йилдан бошлаб мазкур масалага нафақат ҳамкасбларнинг, балки оналарнинг ҳам диққат-эътиборини кучайтирди. Шунингдек, доялардан Мавлудахон Эргашева, қизи Нилуфар Назаровалар ҳам аёлларнинг энг меҳрибон, энг ғамҳур дўстларига айланишди.

1999 йилнинг охирларидан тармоққа раҳбарлик масъулияти зиммага олган Абдулла Мадалиев туман аҳлига хизмат кўрсатаётган мавжуд 10 та касалхона, 6 та поликлиника, 2 та диспансер, 10 та қишлоқ врачлик пункти, 5 та қишлоқ врачлик амбулаторияси, 7 та фельдшер-акушерлик пунктлари фаолиятини намунали йўлга қўйиш учун астойдил изланди. Врач ва ҳамшираларнинг малакалари йилдан-йилга оширилди. Марказий шифохонанинг чақалоқлар бўлимида акушер-гинеколог Мавлудахон Баёзова, доя Туҳфахон Авлиёева, бош ҳамшира Роҳила Қурбонова, шошилинч тиббий ёрдам бўлимининг анестезиолог-реаниматологи Шоира Файзиева, унинг ёнида беморларни даволаётган Нурия Нурматова, Маъсуда Ҳошимова, Муслима Даминжоновалар элнинг ихлос ишончларини тўла қозонишди. Бўлимга Ф.Зокирова оқилона раҳбарлик қилди.

2005 йил январь ойидан туман марказий шифохонасига Қобулжон Ҳайитов бош врач этиб тайинланди. Бу йилларга келиб фидойи касб эгаларидан А.Сулаймонов, Б.Ниёзов, М.Нишонова, П.Усмонов, Х.Мухторов, Э.Прокуророваларнинг муолажаларидан кўпчилик миннатдор бўлди. 2008 йил чустлик тиббиётчилар учун қувончли натижалар билан якунланди. 2009 йилнинг бошларида уларнинг тажрибаси матбуотда вилоятга ёйилди. ТТБ "Тез ёрдам" бўлими навбатчи врачи Мухторжон Муйдинов, Қорақўрғон ҚВП мудираси Эътиборхон Шаропова, туғруқхона акушер-гинекологи Туҳфахон Авлиёеваларнинг ибратли ишлари ҳақида ҳикоя қилинди.

Чустлик оқ халатлиларга ке­йинги йилларда бош-қош бўлган тиббиёт фанлари номзоди Олимжон Қосимов ва Насибахон Бозоровалар соҳа ходимларига юклатилгн ғоят юксак вазифаларни изчил бажарилишини ташкиллашга ўзларининг бор билим ва малакаларини аямай сарфлашди. Биз бугун тиббиётга бутун умрини бағишлаган Ашурали Суннатулаев, Абдураҳим Абдусаматов, Осимжон Маҳкамов,Муроджон Каримов, Абдусалом Маматраҳимов, Ўктамали Маҳмудов, Раҳбархон Маҳмудова, Эргашали Матмусаев, Пўлатхон Хўжаев, Пўлатхон Усмонов ва бошқаларнинг номларини тилга олишга бурчлимиз. Пенсияда кексалик гаштини сураётган Мавлудахон Баёзова, Оминахон Талабова, Маҳаммаджон Абдураҳимов, Сайфуллахон Болтаев, Рисқинбой Топилдиев, Мубошерхон Топилдиевлардан эса ҳамкасблари ҳамиша фахр­ланишади.

Ёшлари улуғ бўлишига қарамай, кексаликка сўз бермаган ҳолда улар билан бир сафда туриб яқингача беморларни даволаётган Маъруфали Мамадалиев. Қамбарали Йўлдошев, Соатали Салимов, Анвархон Сулаймоновларга шогирдлари ҳавас билан қарашарди, десак асло муболаға эмас.

Шуни, алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Чуст туманида тиббий ислоҳотлар янада фаоллашди ва одамларнинг шифокорлар хизматидан розилигига эришиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса COVID-19 га қарши кураш борасида муайян тажриба тўпланди. Ҳамон бу бало-офатнинг олдини олиш учун жиддий чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.

- Ҳозирда туманимиз аҳолиси 347 нафар врач ҳамда 2422 нафар ҳамшира хизматидан баҳраманд, - дейди ТТБ бош врачи вазифасини бажарувчи Саноатхон Каримова. - Врачларимиздан 30 нафари коронавирусга қарши самарали кураш олиб бориш учун 7-амалий қўлланма бўйича ўз малакаларини оширишган. Марказий шифохонага кириш-чиқишда қатъий назорат ўрнатганмиз. Постда тана ҳароратлари доимий ўлчанмоқда. Шунингдек, 20 ўринли махсус поликлиника ташкилланган. Бу ерда талаб қилинаётган барча тиббий жиҳозлар асбоблар ва буюмлар муҳайё. 2 та "Мобиль гуруҳи", 18 та "Мобиль бригада" ўз вазифасини тўла-тўкис бажариши учун етарли шарт-шароитлар яратиб қўйилган. Буларнинг барчаси халқимизни коронавирусдан ўз вақтида ҳимоялаш ва фориғлаш имконини бераётир.

Тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиника, 8 та оилавий поликлиника ва 5 та оилавий шифокор пункти жамоаларининг ягона мақсади аҳоли саломатлигини кеча-кундуз назоратда тутиш, тиббий кўрик ўтказиш, касалликларга чалинганларни вақтида аниқлаш, кечикмасдан даволашга йўналтиришдан иборатдир.

Бугунги кунда айниқса патронаж хизматини юксак талаблар даражасига кўтаришга бўлган эътибор беҳад кучайтирилган. Патронаж ҳамшираларнинг кирмаган кўчаси, хонадони бўлмаслигини таъминлаш бирламчи тизимнинг энг зарур вазифасига айланиб қолган.

Тиббий хизматни аҳолига бунданда яқинлаштиришга муттасил долзарб масала сифатида қаралмоқда. Жумладан, Қорақўрғонда қайтадан ОШП очиш билан боғлиқ ҳаракатлар ниҳоясига етказилди. Уларнинг даво истаб Варзикдаги муассасага қатнашларига хожат қолдирилмайди.

Эл саломатлиги-юрт бойлиги. Чуст­лик тиббиётчилар буни жуда яхши тушунишади. Бор билиму малака, маҳоратларини тумандошлари соғлиғини сақлашга тўла сафарбар этишаверади.

Содиқ САЙҲУН.