Азиз ҳамюртлар, қадрли наманганликлар!

Сизларга маълумки, икки йилдан бери жаҳон ҳамжамияти, дунё халқлари инсоният тарихидаги энг машъум балолардан бири - коронавирус инфекциясига қарши кескин кураш олиб бормоқда. Ўта маккор ва турланувчан коронавирус қанчадан-қанча одамларнинг ёстиғини қуритди. Жуда ҳам юқумли бўлган касаллик туфайли миллионлаб инсонлар саломатликларини йўқотиб, хасталик асоратларидан азият чекмоқдалар.

Афсуски, тождор вирус республикамизга кириб келган. Унинг кенг ёйилиб кетишининг олдини олиш учун давлатимиз томонидан зарур чоралар кўриляпти. Натижада ўтган йили касаллик занжирини узишга муваффақ бўлинганди. Аммо, жорий йилда коронавируснинг иккинчи тўлқини янада шиддат билан тарқ­аляпти. Энг ёмони ва ташвишлиси - вируснинг янги штаммлари одамлар ҳаётига раҳна солмоқда.

Мутахассислар балои офатнинг юртимизда қайд этилган янги тури жуда ҳам тажовузкор ва хатарли эканлиги, у каттаю кичикни аяб ўтирмаслиги ҳақида жиддий огоҳлантиришяпти. Лекин, аҳоли орасида ўз саломатлигига лоқайдлик, коронавирусдан сақланишнинг ғоят муҳим тартибларини менсимаслик ҳолатлари учраб турибди. Кўча-кўйда, жамоат жойларида, бозорлар ва савдо шахобчаларида, тўйлар ва маъракаларда санитария тартибларини қўпол равишда бузаётган айрим шахслар коронавирус инфекциясининг омма орасида янада кенг ёйилишига имкон яратишмоқда, десак айни ҳақиқатдир.

Вилоятимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш ғоят муҳим ва устувор вазифа эканлигини асло ёддан чиқармаслик керак. Ҳокимлик, соғ­лиқни сақлаш тизими, жамоатчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мураккаб вазиятга тушиб қолмаслик учун кеча- кундуз фаол иш олиб боряпти. Касалликка дучор бўлганларни зудлик билан даволаш чоралари кўриляпти. Зуруриятдан келиб чиқиб, коронавирус инфекциясига ихтисослашган шифохоналар тармоғи кенгайтириляпти.

Аммо аҳоли ҳолатнинг нақадар хавотирли эканлигини англаган тарзда, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилмаса, яъни ўша мунтазам тиббий ниқобда юриш, ижтимоий масофа сақлаш ва санитария-гигиена қоидаларига итоат этиш зарурий тартиблари ҳамманинг амалий фаолиятига айланмаса кутилган натижага эришиш, касаллик тарқалишига жиддий ғов қўйиш қийинлашиб бораверади.

Азизлар!

Бугунги кунимизнинг энг ва яна энг муҳим вазифаси - коронавирус инфекциясига қарши эмланишдир. Вакцинациялаш жараёнини уюшқоқлик билан ўтказиб, аҳолини тўла эмламасдан туриб, касалликни енгиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Чунки, вирусдан ишончли муҳофазаланишнинг бундан бошқа чораси йўқ.

Ижтимоий тармоқлардаги баъзи асоссиз чиқишлар таъсирига тушиб қолган кишиларда вакцинага нисбатан иккиланиш, хавотирланиш каби ҳолатлар кузатилаётганлиги коронавирусга қарши курашнинг жуда ҳам муҳим бўлган босқичи, яъни вакцина қабул қилиш жараёнларидаги фаолликка путур етказмоқда. Ахир, ўйлаб кўринг, илм-фан заҳматкашларининг астойдил изланишлари маҳсули сифатида Сиз билан биз кутган нажот воситаси - вакциналар яратилди. Кўплаб давлатларда вакцинациялаш ишларининг тезкор амалга оширилиши, аҳолининг бу ишга онгли муносабати баробарида касалликка чалиниш кўрсат­кичлари пасаймоқда.

Қадрли ҳамюртлар!

Мамлакатимизда эмлаш тадбирларига жуда ҳам пухта таёргарлик кўрилган. Етарли даражада вакцина заҳираси яратилган. Бу жараённи амалга ошириш учун жуда катта куч ва воситалар сафарбар этилган. Одамлар ўз ҳоҳишларига қараб исталган вакцинани қабул қилишмоқда. Шундай экан, нима учун иккиланиш керак. Ўзингиз ва яқинларингиз, юртдошларимизнинг саломатлиги учун масъулиятни ҳис этган ҳолда эмлаш пунктларига боринг ва вакцина қабул қилишга шошилинг. Зеро, вакцина олиш билан коронавирус инфекциясидан ишончли ва кафолатли муҳофазаланган бўласиз. Эмланиш шахсий вазифагина эмас, балки барчанинг фуқаролик бурчи ҳамдир!

Умид қиламизки, эл соғлиғининг, халқ манфаатларини ҳамма нарсадан устун деб билган Сиз ҳамюрт­ларимиз ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган эмланиш масаласига юксак масъулият билан ёндошиб, вакцинациялашда уюшқоқлик ва шахсий намуна кўрсатасизлар. Бу ғоят долзарб, ғоят зарур вазифанинг муваффақиятли амалга оширилишига ўз вақтида эришиш, албатта, барча наманганликларнинг кечиктириб бўлмас, биринчи даражали ишига айланади.

Вакцинациялаш тадбирларидаги фаоллигингиз коронавирусга қарши кураш натижадорлигини таъминлаш ва энг бебаҳо бойлик - юрт саломатлигини сақлашга қўшган улкан ҳиссангиз эканлигини ҳам асло унутманг!

Воҳид Убайдуллаевич РОЗУКУЛОВ,

Республика ихтисослаштирилган

кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари,

тиббиёт фанлари доктори.

Абдулҳоди Муҳиддинович ИМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғи.