Республикамиз тараққиётининг ҳозирги босқичида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида мамлакатимиз олдида турган устувор вазифаларни тезкор амалга ошириш учун ғоят қатъий интизом талаб этилади.

Шу боис ҳам қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишининг таъсирчан тизимини яратиш зарурати юзага келди. Шу мақсадда "Ijro.gov.uz" номли ижро интизомини назорат қилиб борувчи ягона электрон платформа ишлаб чиқилди.

Мазкур электрон платформанинг яратилишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги "Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6166-сон Фармони асос бўлган.

"Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизимидир. 2021 йил 1 майдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат "Ijro.gov.uz" тизимида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Ушбу фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 май куни "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5132-сон Қарори эълон қилинди. Қарорга кўра қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш босқичма-босқич амалга ошириб борилади. Яъни:

биринчи босқич - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни "Ijro.gov.uz" тизимига киритиш учун Адлия вазирлигига юборади;

иккинчи босқич - Адлия вазирлиги "Ijro.gov.uz" тизимига назоратга олинадиган топшириқларни киритади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди. Бунда, Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат тизимидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бош­қа ташкилотлар бўйича ўзининг аппаратида топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочини, зарур бўлганда, вазирлик ва идораларни белгилайди ҳамда топшириқларни назоратга олади;

учинчи босқич - давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва бу ҳақда "Ijro.gov.uz" тизимига белгиланган шаклдаги маълумотларни киритади;

тўртинчи босқич - Адлия вазирлиги қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул ижрочилар томонидан "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларни ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради;

бешинчи босқич - Вазирлар Маҳкамаси "Ijro.gov.uz" тизимида Ҳукумат тизимидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан киритилган ҳамда Адлия вазирлиги томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, ҳар ойда Раёсат мажлисларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси натижадорлигини танқидий кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тегишли таклифлар билан биргаликда умумлаштирилган маълумот киритади;

олтинчи босқич - Ҳисоб палатаси "Ijro.gov.uz" тизимида масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб боради;

еттинчи босқич - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ижро интизомини мустаҳкамлаш бў­йича ягона ва узлуксиз "технологик занжир"­ни ташкил қилиш борасидаги бир қатор устувор йўналишлар белгиланган бўлиб, улар қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда юксак профессионал даражада тайёрлаш; бошқарув тизимини, замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги босқичини, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, шунингдек, республика ҳудудларини мақсадли ҳамда устувор вазифаларга мувофиқ такомиллаштириш; қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ва режали ташкил қилиш, уларнинг бажарилиш ҳолатини мақсадли ўрганиш ва аниқланган камчиликлар бўйича тезкор чоралар кўриш; қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлардаги назорат бандларида аниқ механизмлар, муддатлар ва масъуллар белгиланиши бўйича "йўл хариталари"ни (ҳаракат режаларини) ўз вақтида ишлаб чиқиш; давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмаларининг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги ролини ошириш; ташкилий, ижро ва назорат фаолияти ягона тизимининг натижадорлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини белгилашдан иборатдир.

Қарорда қайд этилишича "Ijro.gov.uz" тизимига давлат органлари ва ташкилотларини улаш ва уларнинг "Ijro.gov.uz" тизимидан фойдаланишини таъминлаш Давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда ижро муддати белгиланмаган ёки ижро муддати бир йил ва ундан ортиқ этиб белгиланган топшириқларнинг бажарилиши бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумот ҳар олти ойда масъул ижрочилар томонидан "Ijro.gov.uz" тизимига киритиб борилади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларида белгиланган ижро муддатлари фақатгина Адлия вазирлиги ва зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилиб, Ҳисоб палатаси хулосаси олинган таклифлар асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти рухсати билан узайтирилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларига - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида ижро интизомини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг амалда бажарилишида кўмаклашиш учун;

Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчиларига - қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар масъул давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари томонидан тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан ишларнинг ташкил қилиниши учун;

Ҳисоб палатаси раисига - давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларида ижро интизомини тегишли даражада таъминлаш учун;

адлия вазирига - қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида бажарилишининг назорати олиб борилиши, "Ijro.gov.uz" тизими самарали юритилиши ҳамда манзилли ва тематик таҳлилларнинг сифатли ташкил этилиши учун;

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирига - "Ijro.gov.uz" тизими узлуксиз ишлаши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий асосда чоралар кўриб борилиши учун;

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига - қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши, шунингдек, уларнинг ижро ҳолати тўғрисидаги маълумотлар "Ijro.gov.uz" тизими орқали тўлиқ, тўғри ва ўз вақтида тақдим қилиниши учун шахсий жавобгарлик юклаб қўйилди.

Қайд этиш жоизки, татбиқ этилаётган янги тизим, кўрилаётган чоралар қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг самарали ва натижадорлик билан ижро этилишини таъминлаш, аввало, халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида амалга оширилмоқда. Зеро, "темир интизом" - муваффақиятларга эришишнинг муҳим шартидир.

Маъмуржон ЭРГАШЕВ,

вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармаси бош юрисконсульти.