Маълумки, ўтган йилнинг 15 мартида юртимизда пайдо бўлган пандемия балосидан ҳали қутилганимиз йўқ. Ўтган давр мобайнида коронавирус туфайли кўплаб юртдошларимиз азият чекди. Ҳозирга қадар ҳам расман барҳам топмади бу бало. Вирус ҳамон мамлакатимизга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Бугун ҳукм сураётган вакцинациялаш жараёнлари юртимизда бу таъсирни камайтиришга дадил қадам бўлади, дейиш мумкин.
Соҳа мутасаддилари коронавирусни даф этиш юзасидан кенг кўламли тушунтириш ва даволаш ишларини олиб боряптилар. Сўнгги кунларда коронавирусга чалинаётганлар сони ортиши кузатилди. Шу сабабли одамларга ниқобсиз юрмаслик ва оралиқ масофани сақлаш, зарурат бўлмаган тақдирда уйдан чиқмаслик муҳимлиги ҳақида тинимсиз уқтириляпти.
Энди нима қилиш керак? Бу савол бугун барчани қийнаяпти. Бу савол миямизда айланаверади! Мутахассис ва мутасаддилар бош қотираётган бир пайтда фуқаролар нега бунчалар лоқайд ва бепарво бўлмасалар. Кўча-кўйдаги одамларнинг кўпида ниқоб йўқ. Одам ташиш билан шуғулланувчи транспортларда ҳам ниқобли йўловчилар кам. Коронавирусга бундай беписандлик билан муносабатда бўлиш алал-оқибат одамларнинг ўзига қийинлик туғдириши турган гап.
Энди шу ҳақда ўйлайдиган ва мавжуд қоидаларга қатъий амал қиладиган фурсат келди, чамамда. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам касалликни йўқотиш учун ҳаракат бўлса-да, инсон қудрати жамланса-да, бир ярим йилдан бери уни даф этишга эришилмаяптими, демак, зудлик билан мамлакатимизда жорий этилган тартибларга итоат этмоқ шарт. Ахир ким ҳам касаланишни ёхуд ота-онаси, ака-укасини ёки бошқа яқинларини йўқотишни истайди?! Албатта, ҳеч ким! Шундай экан, барча юртдошларимиздан лоқайдликка барҳам бериб, ақл ва заковат билан иш тутмоқлик талаб этилади.
Қамбар ҲАЙДАР.