Опасная несогласованность глобальных мер реагирования на COVID-19 | IRU

Саломатликни сақлашнинг бугунги тўрт омили:

Озодалик ва тозалик

Оралиқ масофа сақлаш

Ниқоб тақиш

Эмланиш

Ана энди шулар ҳақида фикрлашайлик. Коронавируснинг энг катта хавфи - унинг янгилигида, нотанишлигида, ўта бешафқатлигида. У инсон ҳаётининг очопат кушандаси. Кўзга кўринмас душмани. Ўзи зарра-зарра бўлса-да, оғирлиги тоғдай-тоғдай, зилдан-зил, бутун вужуди касофатга тўла. Исми жисмига монанд вирусларнинг тождори. Шу тожи билан яралайди, ўпкамизни танг ҳолатга туширади. Танимизда ҳаво, кислород танқислигини вужудга келтиради. Охир-оқибат йиқитади, йиқитгандаям қаттиқ йиқитади, кимда иммун тизим кучли бўлса, ўзини ўнглаб туриб кета олади, яшаб кета олади. Иммунитети пастлар ёруғ оламдан кўз юмишга маҳкум бўлишади. Коронавирус яқинлашмай туриб, унга "қалқон қўйиб" юрадиганлар умрдан ютади, саломатлигидан ютади. Бало-офатга, жонхўрга "ем" бўлиб қолмайди.

Инсонга, инсониятга ҳозиргача ҳам коронавирусдан бошқа турли-туман вирусу микроб­лар тазйиқ ўтказиб келган. Кимки шу тазйиққа нисбатан ҳимояни кучайтирса, шаксиз соғлиғини бой бермаган, узоқ яшаган. Аслида бу қийин эмас. Тиббий талабларни турмуш тарзига айлантирсак, олам гулистон. Вирусу микроблар қўнгани, озиқлангани жой тополмай ўз-ўзидан даф бўлади. Сиз билан биздан нари юради, сиз билан биздан қочади, сиз билан бизга зарар етказолмай доғда қолади.

Биринчи талаб озодалик ва тозалик. Оиладан бошланадиган яшаш шарти. Яъни эрта тонг уйғониб, юз-қўлларингизни чаясиз, ювасиз, оппоқ сочиққа артасиз. Кийимларингизгача топ-тоза бўлиши керак. Ҳар қандай кирлик-касалликка йўл очади. Қаер ифлосланса, ўша жойда микроб бижғийди, вирус урчийди, ҳавога учади, ҳаётбахш неъматимизга, жонимизга жафо қилувчи "азроил элчиси" қўшилиб олади. Менга, сенга, унга зиён-заҳмат етказгани - ҳаммамизга офат етказгани эмасми?! Демак, аввало, озодаликни ўзимиздан бошлайлик, тоза тутишни уйимиздан, ҳовлимиздан бошлайлик. Кейин ишхонамизда, ўқувгоҳимизда, жамоат жойларида давом эттирайлик!

Иккинчи талаб - оралиқ масофани сақлаш. Камида икки метрлик оралиқда бир-биримиз билан гаплашсак, ишласак, ўқисак, хавфдан ўзимизни сақлаган, ўзганиям сақлаган бўламиз. Бунга давлат идораларида, хизмат кўрсатиш ташкилотларида, ўқув юртларида, умумий овқатланиш шоҳабчаларида қатъий риоя қилмоқ керак. Акс ҳолда хавф доирасига кириб қолишингиз ёки ўзингизда вирус бўлса, хавф доирасига бошқаларни тортишимиз мумкин. Вирус тарқатувчи сифатида унинг халқаланишига воситачи бўлиб қоласиз. Демак, оралиқ масофани сақлаш - икки томонлама манфаатли. Яккаланиб жипслашиш бугун барчага дахлдор масала. Келинг, бугун меҳримизни яқинлашиш, қўл бериб сўрашиш, бағримизга босиш билан изҳорлашишдан ти­йилайлик. Албатта, одатланган хатти-ҳаракатни тўхтатиш қийин, лекин уддаласак бўлади. Фақат бир-биримизни тўғри тушунайлик! Вазият қалтис. Вирус "ўлжа" излаб юрибди. Унинг орамизни тарк этиши оралиқ масофага жуда-жуда боғлиқ. Ажратиб турувчи ўша оралиқ вирус учун ўтиб бўлмас тўсиқ эканини сира-сира ёддан чиқармайлик!

Учинчи талаб - ниқоб. Номидан маълумки, ниқоб оғиз-бурунга гўёки элакли қопқоқ. Сиз таққан матодан зарра-зарра микробу вируснинг кўпи ўтолмайди. Айниқса, коронавирус учун мушкул. Сабаби, унинг тожи-найзаси тўқима ипларга илашиб, илиниб қолади. Ўзгада бўлса, сиз томонга чиқолмайди, сизда бўлса ниқобнинг ичида қолаверади. Ниқобсиз юрманг, ниқобсиз юрганга яқин борманг! Ниқоб тақмаган бепарво, ўзини қўрқмас ҳисобловчи тартибга бўйсунмас кишиларга кўнглига ботмайдиган қилиб, тушунтиришга урининг! Зора, улар ўзини ўйлашни исташмасаям, ўзгаларга зарар етказишдан тийилсалар. Ахир атрофимизда вирус, у ҳавода сиз ёки биз билан юрганлиги эҳтимоли кучли. Ҳар куни коронавирусдан шифохонага ётаётганлар сони бежиз кўпаймаяпти.

Тўртинчи қатъий талаб-эмланиш. Эмланишнинг фойдасини халқимиз анча йиллардан буён бошқа хасталикларнинг олди олинаётганида кўриб келмоқда. Ҳозирда жаҳон бўйича одамларни вакцинациялаш жараёни тобора жадаллаштирилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонимизда ҳам. Ҳатто бепул, танлов имконияти яратиб қўйилгани айни муддаодир. Шошилинг, яна афсус чекиб юрманг!". "Кейинги пушмон - ўзингга душман" нақлини ёдда тутинг. Эмланинг! "COVID-19"га қарши танангизда кучли иммунитет ҳосил қилиб олинг! Ҳаёт гўзал, жон ширин, умр бир бора бериладиган бетакрор илоҳий неъмат!

Содиқ САЙҲУН.