"Мустақиллик" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 4-уйнинг, 51-хонадонида яшовчи Донохон опа хузурига ташриф буюрган мобиль гуруҳини мамнуният билан кутиб олди. Энди ёзнинг юқори ҳароратли кунларида вакцина олиш учун поликлиникага бориб овора бўлмайди. Шифокор саломатлигини текширувдан ўтказди. Коронавирус инфекциясига қарши курашнинг энг мақбул йўли - эмланиш эканлигини тушунтирди. Юқори нафас йўллари, қон босими ва сатурацияси меъёрида бўлгани учун унинг чап қўли мушаклари орасига эпчил ҳамшира Ферузахон вакцинани юборди. Спутник-V билан эмланган Доно опанинг қўллари беихтиёр дуога очилди.
- Қарангга, бизнинг бахтимиз Ўзбекистон диёрида туғилганимиз экан, - дейди у тўлқинланиб. - Баъзи бир давлатлар фуқароларини пулга эмлаётганини телевизор ва интернетларда кўряпмиз, эшитяпмиз. Бизда эса бепул. Қолаверса, саломатлик посбонлари уйларимизга келиб эмлаб кетишяпти. Илоҳим юртимизга, халқпарвар Юртбошимизга кўз тегмасин. Шифокорлар омон бўлишсин!..
176 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган туманда вакцинация жараёнлари қизғин давом этмоқда. Аҳолига ZF-UZ-VAK 2001 ҳамда 65 ёшдан ошганларга Спутник-V вакцинаси қилинмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликникасини ўзида биринчи босқичда 14.000 нафардан зиёд фуқаро қамраб олинди. Кейинги иккинчи ва учинчи босқичлар эмланиши ҳам ўз вақтида амалга ошириб борилмоқда.
Айниқса, вакцинация учун махсус мобиль бригадаларнинг ташкиллангани аҳолига янада қулайлик туғдирди. Бригадалар ҳудуддаги завод ва фабрикаларда, аҳоли гавжум савдо ва умумий овқатланиш шоҳобчаларида эмлаш тадбирини навбатма-навбат бажаришяпти. 3 та махсус мобиль бригада эса маҳаллаларда, якка - ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган хонадон аъзоларига боғланган.
Бош ҳамшира Феруза Назарованинг таъкидлашича, эмлаш тадбирларида Саломат Каримова, Раҳима Абдусаматова, Саноат Абдураззоқова, Зуҳриддин Азизов, Баҳринисо Усмонова, Ноила Солибоева, Матлуба Жўраева, Сурайё Дадабоева, Нодирбек Иномов, Бобурбек Алимжонов, Раъно Тошбекова, Муаттар Солаева, Баҳромжон Аббосов, Шаҳзода Илхомжонова каби врачлар, Гўзал Ашурова, Дилором Йўлдошева, Дилдора Абдураҳмонова, Мухтасар Хошимжонова, Нозима Норинова, Садоқат Ҳаитова, Хуррият Исроилова, Малика Мамажонова, Дилноза Маҳмудова, Дилноза Тўланова, Гулнора Раҳмонбердиева, Зулфия Азизова, Муҳаррам Собирова, Гулмира Жўраева сингари ҳамширалар сидқидилдан хизмат кўрсатишмоқда.
- Ҳозирги кунда ёш болаларда, ҳатто чақалоқларда ҳам коронавирус инфекцияси аниқланаётганига одамларнинг лоқайдлиги, бепарволиги ҳам сабаб бўлаётир, - дейди "Мустақиллик ободлик сари" ширкати раиси Фотима Дарвишева. - Фуқароларнинг жараёнларга бепарволиги, оддийгина санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаётгани, ниқоб тақмаётгани инфекцияни тарқалишига омил бўляпти. Энди кўзимизни каттароқ очиб, эмланишга ҳайрихох бўлиш билангина кутилган натижага эришишимиз мумкинлигини ҳар бир фуқаро чуқур англаб етмоғи зарур.
- Ҳудудимизда 8, 11, 15-оилавий поликлиникалар ва уларнинг филиаллари аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун хизмат кўрсатишади, - дейди тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Наргиза Турсунова. - Айни пайтда туманда 33680 доза вакцинадан фойдаланилди. Шу кунгача тўлиқ эмланганлар эса 28576 нафарни ташкил этади. Эмлаш жараёнларида 8- ва 15-оилавий поликлиникалар жамоалари фаол бўлишаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Албатта, Covid-19нинг инсон умрига таҳдиди ҳали ҳамон давом этаётган бир пайтда коронавирус инфекциясини енгиш ва бартараф этишнинг ягона йўли - вакцинация эканлигини барча теранроқ тушуниб етса мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, саломатлигимиз ўз қўлимизда эканлигини асло унутмайлик.
Манзура ЭРГАШЕВА.