Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни марказлашган ҳолда даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуасида ўтган йил ташкил этилган ва касалланиш кўрсаткичлари камайиши билан ёпилган даволаш ва тақсимлаш маркази яна иш бошлагани ҳақида хабар бергандик.

9 июль куни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов ана шу марказга борди.

Масъул идоралар вакиллари билан марказнинг узлуксиз ва самарали фаолият олиб бориши учун яратилган шароитлар, галдаги вазифалар муҳокама этилди.

Марказда ҳозирги кунда бир вақтнинг ўзида 400 нафар беморни даволашга мўлжалланган даволаш ўринлари ташкил этилган. Бундан ташқари реанимацион ҳолатдаги беморларни даволашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Вилоят раҳбари врач ва ҳамширалар учун алоҳида шароитлар яратилишига эътибор қаратилишини таъкидлади.

- Бу ерда ҳар ҳар қандай ҳолатда ҳам электр энергияси, ичимлик суви ҳамда кислород узилиши мумкин эмас. Барча электр генераторлари доимо шай туриши, кислород заҳиралари аввалдан етказиб берилиши шарт! - дея вилоят ҳокими барча масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шу пайтгача COVID-19 инфекцияси аниқланган беморлар Наманган шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган эди. Аммо бугунги кунда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли марказни қайта очишга тўғри келди. Бу ерда вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келтирилаётган беморларни даволаш учун барча зарур тиббий жиҳозлар мавжуд, дори воситалари заҳираси яратилган. Ҳозирда 100 нафарга яқин малакали тиббиёт ходими марказда ишлашга жалб қилинган.

Кўп таъкидланаётганидек, касаллик белгилари ва асоратлари бир хил эмас, ўзгариб турибди. Айни пайтда коронавирус юқтирган беморларда асосан ҳолсизлик, бўғимлар оғриғи, диарея кузатилмоқда. Ўтган йил беморларда дастлабки босқичда ўпкада зарарланиш кузатилган бўлса, ҳозир касалликнинг беш-олтинчи кунидан бу хавф юзага келяпти.

Шу сабабли аҳолидан карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари ҳамда касалликка қарши эмлаш жараёнларида фаол иштирок этишларини сўраймиз.

Саломатлигимизни асраш ўзимизга боғлиқ - тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилсак касаллик биздан йироқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда вилоятда аҳолини оммавий эмлаш ҳамда рейд тадбирлари олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.