Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази соғлиқни сақлаш тизимида ўз ўрнига эга. Унинг хизматидан фойдаланувчилар вилоятнинг қай гўшасидан келишаётган бўлишига қарамай, аҳил жамоанинг юқори малакали муолажаларидан катта наф кўришаётганини қайта-қайта изҳор этишяпти, миннатдорчилик билдиришяпти. Икки даврда, яъни тобелик ва мустақиллик йилларида яшаётган ёши улуғлар эса Совет тузуми давридаги даволаш билан Истиқлол ислоҳотлари туфайли эришилган шароиту имкониятларни бир-бирига таққослашиб, "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик" деган савол - эътирофни зўр мамнуният ҳисларига тўлиб-тошган ҳолда хаёлларидан ўтказишаётгани табиий ҳол. Биз шу боис тиббиётдаги ислоҳотларнинг мўъжизавий натижалари ҳақида мухтасар ҳикоя қилаётирмиз.

Аслида вилоятда тиббий хизмат ташкилланганига юз йилдан зиёдроқ вақт бўлди. 1914 йилда Наманганда илк шифохона очилган. Уни уезд госпитали деб аташган. Номидан ҳам аёнки, муассаса деярли ҳарбий хизматчилар, давлат ишларини олиб борадиган тор доирадаги табақага хизмат кўрсатган, холос. Албатта, кейинроқ 20-йилларнинг охирларидан бошлаб, 30-йиллар давомида вилоят маркази ва туманларда ҳам кичик-кичик тиббиёт шахобчалари очилган. Уларда асосан рус мутахассислари фаолият юритишганди.

Ҳозирги марказ ўрнидаги муассаса вилоят аҳолиси учун энг ишонч­ли, энг нуфузли даволаш маскани ҳисобланган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин олий маълумотли врачлар аста-секин кўпая борди. Григорий Саркисович Гри­гор­янц биринчи жарроҳ сифатида беморларнинг чинакам нажоткорига айланди. У Наманган тиббиётида жарроҳлик соҳаси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Ҳатто Вен­грядан лойиҳа келтиртириб, 1962 йилда бўлим учун алоҳида бино қурилишининг ташаббускори ва ташкилотчисига айланди. Кейинроқ ўғли Рубен ҳам отаси ёнига қўшилди. Наманганда Гри­гор­янцнинг ўзига хос жарроҳлик мактаби яратилди. М.Алиев, Ҳ. Қориев, Ю. Усмонов, А. Алиназаров, М. Аҳадов, В. Пак, З. Қўчқоров, С. Содиқов, Т. Абдукаримов каби моҳир хирург­лар шу мактабда маҳорат сабоғини олишган. Болалар жарроҳлиги бўйи­ча А. Алиназаров, Р. Ғофуров, уролог Л. Жўрабоевлар айниқса фаол иш олиб бордилар. Болалар урологияси ривожи учун астойдил жон куйдирган Ҳасанбой Жумабоев вилоятда биринчи бўлиб пластик операцияларни, мураккаб амалиётларни муваффақиятли бажариб, ҳамкасбларини ҳайратга солганида 80-йиллар эди.

Вилоят шифохонасининг урология бўлимида Т. Саидов, М. Ҳожиев, Е, Панова, А. Мамаджонов, лор бўлимида А. Криенко, онкология соҳасида Е Симонова, травматология соҳасида М. Акрамов, терапия соҳасида А. Зокиров, К. Мирсаидов, анестезиология-реанимация соҳасида Э. Маҳкамовлар таниқли мутахассисларга айланишди. Уларнинг ҳар бирлари ҳақида кўп ва хўб ёзиш мумкин.

Маълумки, жамоадаги ҳар қандай муваффақият раҳбарнинг билим савиясию, ташкилотчилик ва бошқарув бобидаги маҳоратига бевосита боғлиқ. Бугун биз вилоят шифохонасини истиқлол йилларигача бошқарган бош врачларидан Абдусалом Мўминов (1966-1970), Қаюмжон Умрзоқов (1971-1985) номларини алоҳида тилга оламиз. Сабаби уларнинг раҳнамолигида бир талай эзгу ишлар амалга оширилди. 1979 йили вилоят шифохонаси "Гўзал" массивига кўчирилди. У ерда қарийб йигирма йил иш олиб борилди.

Мустабид тузумнинг инқирози тиббий хизматнинг ҳаёт талабларидан тобора орқада қолаётганида, юқумли касалликлар олдини олишнинг сустлигида, оналар ва болалар ўлимининг даражаси юқорилигида яққол кўзга ташланарди. Мослашган, яроқсиз бинолардан воз кечилмаётгани, тиббий аппаратларнинг янгиланмаётганлиги, даволашда илғор усуллар дадил қўлланилмаётгани бунинг беинкор сабаблари эди, десак хато эмас.

Халқимиз ҳаётида беқиёс ўзгаришларни бошлаган истиқлол ислоҳотлари тиббиётни ҳам қамраб олди. Инсон саломатлигини сақлаш энг долзарб, энг муҳим, энг аҳамиятли вазифа сифатида янги давлатимизнинг яқин ва узоқ йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурларидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябр­даги "Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-2107 сонли Фармонига асосан вилоят кўп тармоқли шифохонаси ташкилланди ва у яна ўзининг аввалги ўрнига қайтарилди. Ўша пайт­дан муассаса янада ривожланиш имкониятларига эга бўлди. Чунки, кейинроқ номига муносиб равишда тармоқлари кўпайтирилди. Ҳатто 2008 йилдан мустақил шифохоналар унинг ихтиёрига ўтказилиб, бўлим сифатида янги биноларга кўчириб келинди. Шундан сўнг катта муассасада барча тармоқлар мужассамлигига эришилди.

Кўрдикки, 2020 йил бутун дунёда бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам коронавирус пандемияси туфайли ғоят таҳликали, ғоят синовли кечди. Сабр-тоқатли, эртанинг ғамини бугундан чекишга одатланган халқимиз барча қийинчиликларни қатъий сабот, меҳру матонат билан енгиб ўтди. Ҳеч бир жамоа, ҳеч бир оила хавфу хатардан четда турмади ва айни вақт­да ундан ҳимояланиш, унга қарши курашиш ҳаракатини қилди.

Аслида эл бошига иш тушганда, айниқса одамлар ҳаётига чанг солувчи турли вируслар ҳавога тарқалган, эпидемиологик осойишталик йўқолган хатарли чоғларда тиббиётчиларнинг ҳаловати бутунлай бузилади. Бошқаларга қарагандаям икки ҳисса кўп ташвиш бошига ёпирилади. Яъни ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам асраш масъулияти вужудга келади. Бундай пайт­да жонини гаровга қўйиб ишлашдан ўзга чораси қолмайди. Ахир улар Гиппократ қасамини ичган, қасамига хиёнатни хаёлига ҳам келтирмайдиган, фидойи инсонлар саналишади. Ўтган йили буни яққол намойиш этишгани учун ихтисослашган жамоа чинакам нажоткорлар сифатида ол­қишларга сазовор бўлишди. Чунки, пандемия бошланиб, вилоятимизда коронавирусга чалинганлар сони кескин кўпайиб бориши оқибатида зудлик билан кўп тармоқли шифохона юқумли касалликларни даволовчи муассасага айлантирилди. Оғир дард жонига тажоввуз қилган қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаёти сақланиб қолди, десак, сира-сира муболаға эмас. Албатта, бунга давлатимизнинг ўз халқи саломатлигини сақлаб қолишга бўлган беқиёс эътибори, шу йўлда ҳеч нарсани аямай, энг зарур вақтда қатъий чоралар кўргани, моддий маблағни керагича сарфлагани, изчил ва кафолатли таъминот туфайли, энг муҳими, врач ва ҳамшираларнинг бор билиму малакасини 4000дан зиёд беморни вирус чангалидан қутқариб қолишдек беҳад масъулиятли юмушни қўрқмай, қатъий ишонч билан астойдил бажаргани боис эришилди. Коронавирус пандемияси даврида қатор мамлакатларнинг мутахассислари билан ҳамкорлик қилинди. Россия, Германия ва Хитой Халқ Республикаси тиббиётчиларининг ташрифлари, мулоқотлари, ўзаро тажриба алмашишлари ғоят самарали бўлди.

Йилнинг сўнгги ойларидагина аҳил жамоа яна аввалгидек кўп тармоқли марказ номига муносиб равишда юқумсиз касалликларни даволашга ўтишди. Бунинг учун барча билим, куч ва имкониятлар тўла сафарбар этилмоқда.

Пандемия хавфининг деярли тугаши халқимиз учун ҳам, шифокорлар учун ҳам айни муддао бўлгани табиий ҳол. Турли ихтисосликдаги мутахассислар бемалол ўз фаолиятларини давом эттириш, уларнинг муолажасига маҳтал беморлар эса кечикмасдан даволаниш шароит ва имкониятлари қайтганидан беҳад мамнунлик ту­йишгани тайин. Бошқача айт­ганда, шифокор беморини, бемор эса шифокорини соғиниб қолган экан.

Мавжуд 365 ўринли марказнинг барча даволаш бўлимида ҳозир беморлар тўла. 108 нафар врач ҳамда 302 нафар ҳамшира ва фельдшер улар хизматида. Бугунги тиббиёт кечаги тиббиёт эмас. Ахир сўнгги тўрт йилдаги ислоҳотларнинг самарасини шунчаки эътироф этиш камлик қилади. Очиғи, йилдан - йил ҳайратли ва мўъжизали ўзгаришлар шоҳидига, иштирокчисига айланяпмиз. Илгари вилоятимиз тиббиёт мутахассислари малака оширгани пойтахтга қатнашган бўлса, энди пойтахтдаги устозларнинг ўзлари Наманганга келиш­япти. Ҳамкорлик қилишяпти, маҳорат дарслари ўтиш­япти. Авваллари оғир беморларда Тошкентдаги етук жарроҳларгина операциялар ўтказишар эди. Сўнгги икки - уч йилдан буён уларнинг ўзлари вилоятимизга келишиб, Наманган мутахассисларини ёнларига олишгани ҳолда жарроҳлик амалиётларини бажаришяпти. Ҳеч қачон шундай қулайликлар яратилмаганини яхши биламиз.

Президентимиз ташаббуслари ва кўрсатмалари билан 2017 йилнинг кузида икки йил муддатга вилоят миқёсидаги даволаш муассасаларига республикадаги чуқур билимли, юқори малакали мутахассислар раҳбарликка юборилгани ҳам вилоятимиз тиббиёти тараққиётини сезиларли даражада илгарилашига сабаб бўлди. Уларнинг Республика миқёсидаги даволаш усулларини вилоятимиз тиббиётига жадал тадбиқ этишдаги ташкилотчиликлари муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлашимиз ўринли. Меҳмон раҳбарлар яна Тошкентга қайтишди-ю, лекин уларнинг бошлаган диққатга сазовор ишлар янада фаол давом эттирилиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Қисқа фурсатда тилга олса арзийдиган ишларни амалга оширишга эришилди. Ўтган йилнинг сўнгги ойида Республика нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази нейрохирургларини кутиб олдик. Тиббиёт фанлари доктори Жалолиддин Бобоев билан ёнма-ён турган Абдужалил Нурматов, Зафаржон Абдувохидов ва Шаҳноза Турғунова сингари юқори малакали врачлар ўнга яқин беморларнинг бош миясидаги деффектларни бартараф этишнинг моҳирона уддасидан чиқишди.

Яна "Эндокринология, кардиология ва эндовизуал хирургиянинг долзарб муаммолари" мавзуида вилоятимизда ўтказилган илмий-амалий анжуман муносабати билан В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Саидмурод Исмоиловнинг ташрифи ҳам жамоа учун ғоят фойдали кечди. У киши шифохонанинг шароит ва имкониятларини кўрди. Врачларимиз билан дилдан мулоқот қурди. Тиббий хизматни даврнинг юксак талаблари даражасига кўтариб бериш юзасидан аниқ тавсиялар, қимматли йўл-йўриқлар берди. Шу билан кифояланиб қолмай, ҳатто хирургия бўлимида палаталарига кириб, даволанаётган беморларимизнинг аҳволидан хабар олди ва синчков билан уларнинг ҳолатини текшириб, зарур маслаҳатларини аямади. Кейин эса бирин-кетин буйрак кўчириб ўтказиш амалиётлари жорий қилинди. Бу ҳақда аввал ҳам ёзганмиз.

- Уч беморга буйрак кўчириб ўтказиш муваффақиятли бажарилгани учун уларни соғу саломат уйларига кузатдик, - дейди уролог Баҳодир Режаббоев. - Профессор Фазлиддин Баҳриддинов, тиббиёт фанлари номзоди Зоҳиджон Маткаримовлар билан биз - хирург Мурод Тошпўлатов, невролог Бобур Иномиддинов ёнма-ён турганимиздан, устозлар малакасини ўзлаштирганимиздан беҳад фахрланамиз. Трансплантологларнинг ташрифлари шу билан тугаб қолмайди, ҳали ҳамкорликда кўп ишлар қила олишга умидвормиз.

Шунингдек, Республика ихтисослаштириган гематология ва трансфузиология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ мутахассислари Тошкентдан келишиб, гематология бўлимида ётган беморларни кўздан кечиришди. Камила Ашрафхўжаева билан Дилфуза Йўлдошевалар уларнинг суяк кўмигидан миелограмма, яъни илик намунаси олиш амалиётини мутахассисларимиз билан ҳамкорликда бажаришди. Тажрибаларини ўргатишди. Бу - ўзига хос маҳорат мактаби ролини ўйнади.

Янги йил арафасида Президентимиз Олий Мажлисга, мамлакатимиз халқига Мурожаатнома билан чиқдилар. Шифокорлар уни тинглаб, ўқиб юртимизнинг нафақат бугуни ва эртаси учун муҳим аҳамиятга молик масалалар моҳиятини чуқур англаб етишди. Муаммоларни ечишнинг аниқ йўл-йўриқларини белгилашди. 6 январь куни беморлар саломатлигини текшириб, ташхисловчи МРТ олиб келиб ўрнатилди. Унинг тандирига ётқизилган беморни ҳар жиҳатдан аниқ кузатишимиз мумкин. Магнит - резонансли томография аппаратининг "кўз"лари жуда ўткир, инсон танасидаги дарднинг "илдиз"игача кўра олади. Мутахассисларимиз энди ташхисни тиниқ қўйиб, "нишон" ни аниқ белгилаш имкониятига эга бўлдилар. Энди даволаш тўғри ва самарали кечади, натижада бемор тез ва сифатли муолажа туфайли дарддан осон фориғланади.

- Катта янгилик шуки, йил давомида Тошкентдаги Республика тиббиёт марказларининг Намангандаги 8 та филиали бизнинг шифохонамизда очилмоқда, - дейди бош врач в. б. Баҳодир Раҳимов. - Улар ихтисослаштирилган хирургия, нейрохирургия, урология, гематология, аллергология, нефрология, реабилитация ва саломатликни қайта тиклаш йўналишлари бўйича иш олиб боришади. Хуллас, кўп тармоқли тиббиёт марказимизнинг тиббий, илмий-амалий салоҳияти кескин кўтарилади. Республика Соғлиқни сақлаш вазири, устозимиз Абдуҳаким Хаджибаев таъкидлаганларидек: "Белгиланган вазифаларни бажариш, соғ­лиқни сақлаш тизимида янгиланишларни амалга ошириш тиббиёт соҳаси вакилларидан ҳам машаққатли меҳнатни, фидоийликни талаб этади". Бизларнинг чуқур билим ва малакамиз - беморларни ҳамиша оёққа турғизишини яхши биламиз. Тиббиёт янгиликларини изчил ва чуқур ўзлаштириб, билганларимизни ҳеч аямасдан халқимиз саломатлигини кўз қорачиғидай сақлашга сарфлайверамиз.

Содиқ САЙҲУН.