27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида наманганлик соҳа заҳматкашлари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг меҳмони бўлишди. Вилоят кардиология марказининг анжуманлар зали улар билан тўлди. Даврани "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдуллажон Ғозиев олиб борди.
Даставвал ВССБ бошлиғи Абдулҳоди Иминов сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликлар ва уларнинг қувончли самараларини мамнуният билан эътироф этди. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг бу борадаги фаол тарғиботини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Меҳмонларни қизғин ва самимий табриклади.
Сўнгра, кардиология маркази директори Солижон Мўминов ҳам йиғилганларни касб байрами билан яна бир бор қутлади.
Тиббиётчилар эҳтиромидан анжуман қатнашчилари ғоят тўлқинланиб кетдилар. Вилоят ҳокимининг матбуот котиби Фарҳоджон Мамадалиев, "Наманган ҳақиқати" газетаси мухбири, Халқаро "Олтин қалам " мукофоти соҳибаси Рислиқхон Мажнунова, "Правда востока" газетаси мухбири Феруза Отахонова, ЎзА мухбири Оқилхон Дадабоев, "Орзу ва ҳаёт" ижтимоий лойиҳаси раҳбари Илҳомжон Қосимжонов, "Наманган садоси" газетаси муҳаррири Комилжон Файзиев ва бошқалар эл саломатлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар муваффақиятини изчил таъминлашда, долзарб муаммоларни вақтида биргаликда ҳал этишда таъсирчан тарғиботнинг ҳамиша зарурлиги ҳақида қимматли фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Анжуман якунида матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакилларига ВССБнинг эсдалик совғалари ҳамда Ташаккурномалари тантанали тақдим этилди.