Ҳозирги вақтда коронавирусга қарши эмлаш учун турли вакциналар ишлатилмоқда. Вакцина раствори мускулга юборилганда жойида яллиғланиш процесси бошланади. Яъни, организм бегона моддаларни сезиб, у ерга лимфоцитларни юборади. Вируслар лимфоцитларда жойлашиб, антитаначаларни ишлаб чиқаради.

Антитаначалар - бу сигнал берувчи оқсиллар бўлиб, организмни муҳофаза қилишга буйруқ беради. Реал ҳаётда Sars-Cov-2 турдаги вируслари билан учрашганда уни йўқ қилишга кўмаклашади. Натижада одам касал бўлмайди ёки касаллик енгил формада ўтади. Вакцина билан эмлангандан сўнг тана ҳарорати кўтарилиши мумкин. Бундан ташқари аллергик реакция ва инъекция қилинган жойида қизаришлар бўлиши мумкин. Бу ўзгаришлар 2-3 кундан ке­йин ўтиб кетади.

Вакциналар икки ёки уч бос­қичда қабул қилинади. Натижада бирламчи ва иккиламчи иммунитет ҳосил бўлади. Бу схемада ҳосил бўлган иммунитетни самараси анча юқоридир. Клиник таҳлилар вакцинанинг самараси 96-97 фоиз ташкил этганини кўрсатди.

Вакцина қабул қилгандан сўнг иммунитет яхши ҳосил бўлиши учун иммун тизими фаоллигини таъминлаш зарур. Бу фаоллик эса ўз навбатида оширилган метаболизм билан бирга кечади ва биосинтез учун қўшимча энергия манбаини талаб қилади. Бу энергия манбаи эса биз истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, витаминлар (айниқса иммунитетга жавоб берувчи Д витамин) Д, А. В6, В12, С, Е, фолат кислота, микроэлементлар (цинк, селен, темир, мис) иммунитет ҳосил бўлишида катта аҳамиятга эга. Шунинг учун эмлаш даврида кўпроқ оқсилга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Масалан: ёғсиз гўшт, балиқ, туҳум, пишлоқ, ловия, маккажўхори, сут маҳсулотлари. Чунки булар организмга керакли бўлган оқсиллар антитаначаларни ҳосил бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, пробиотикларга - (йогурт, қатиқ) аҳамият бериши зарур, чунки булар ичакдаги микрофлорани сақлаб қолишда катта аҳамиятга эга.

Айрим инсонлар мен касалликни ўтказиб бўлдим, менда иммунитет бор, деб ўйлашади. Лекин ундай эмас, чунки касалликдан сўнг антитаначалар фақат битта штаммга қарши ишлаб чиқарилади. Шунинг учун эмланиш зарур. Вакцинация коронавирусдан ҳимоя қилувчи энг самарали восита. Айниқса, жамоавий иммунитетни ҳосил қилишда муҳим. Жамовий иммунитетни ҳосил бўлиши учун аҳолининг 60-70 фоизи эмланиши зарур. Эмланиш билан сиз нафақат ўзингизни, билки атрофдагиларнинг соғлиғини сақлаб қоласиз.

Вакцина олгандан кейин стандарт ҳимоя чораларини (қўлларни антисаптик билан ювиш, тиббий ниқоб тақиш, масофани сақлаш) кўриш зарур.Сабаби тўлақонли иммунитет бир неча кундан кейин ҳосил бўлади. Шунингдек , бошқа ОРВИ касалликларга чалинмаслик керак .Чунки бу тўлақонли иммунитетни ҳосил бўлишига зарар беради.

Эмланишдан кейин спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, оғир жисмоний ҳаракат, кўп офтобда юриш, асабийлашиш ман этилади. Вакцинация куни бассейн ва ҳаммомда чўмилиш тавсия этилмайди.

Вакцинацияга қарши кўрсатмалар: аллергия, инфекцион ва онкологик (хавфли) касалликлари, кимётерапия ва нурланиш, эмизиш даври, эпилепсия касалликлари. Буйрак, жигар, эндокрин, қон ишлаб чиқариш, юрак касалликлари, инсульт, инфаркт касалликларида эмлаш даволаш шифокори маслаҳати билан амалга оширилади.

Муҳаббат ДАДАБОЕВА,

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси

вилоят ҳудудий бўлинмаси мутахассиси.