Оила, фарзанд, бола-чақа бир томону, дардкашинг синглинг борлиги ҳам бахтинг экан. Дардингни олади, ғамкашинг бўлади. Бир жойинг оғриса, кўзда ёш билан йўқлайдиган ҳам ана шу яқининг. Балки шунинг учун ҳам муқаддас китобларда акаларнинг буғдойзорларни босиб ўтиб, сингилдан хабар олишига ижобий қаралгандир.

Норинлик икки нафар фарзанднинг отаси Азизбек Мўминов толеи кулган ака бўлгани сабабли бугун унинг умрига умр қўшиляпти... Чунки у бир неча йилдан буён буйрак етишмовчилиги хасталигидан азият чекиб келарди. Икки йилдан буён фақат гемодиализ аппарати билан ҳаёт кечираётган эди. "Қани энди менга ҳам донор топилсаю, бошқалардек соғлом ҳаёт кечирсам...". Бу Азизбек қалбининг тубидаги орзуси эди.

Майрамхон жони азобланаётган акасига донорлик қилиш истагини билдирганида Азизбек дабдурустдан ишонолмади.

- Синглим, сен бировнинг ҳасмисан, турмуш ўртоғинг, 3 нафар фарзандларинг бор...

- Акажон Сиз учун жонимни ҳам фидо этишга розиман, - деди у яна ҳеч иккиланмай.

Аҳдида қатъий турган Майрамхонни барча яқинлари қўллаб-қуватлади. Текширувлардан ўтгач, чап буйрагини беришга ҳозирлик бошланди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг жарроҳлик бўлимида академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Саидмурод Исмоилов бошчилигида марказнинг қон-томир ва буйрак трансплантацияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Фазлиддин Баҳритдинов, етук мутахассислар Қодир Маҳмудов, Азамат Суюмов, Раҳматжон Пўлатов, Зоҳиджон Маткаримов, Жасур Ўриновлар билан наманганлик ҳамкасблар Муроджон Тошпўлатов, Қуёшбек Йўлдошевлар биргаликда юқори технологик мураккаб операцияга астойдил киришиб кетишди.

Донор Майрамхон Мўминованинг чап буйраги олингач, моҳирлик билан акаси Азизбекнинг ўнг буйрагига кўчириб ўтқазишди.

- Наманганда буйрак трансплантациясини ўтказишдан олдин пойтахтда вилоят шифокорларининг билим-малакаларини оширдик. Улар амалий ва назарий жараёнларда иштирок этишди. Сўнгра, бундан бир ой илгари ҳам худди шу жойда тўрт нафар беморда буйрак трансплантациясини биргаликда бажарганмиз, - дейди РИХИАТМ қон-томир ва буйрак трансплантацияси бўлими олим-шифокори Фазлиддин Баҳритдинов. - Бу сафар яна 6 нафар мутахассис операция жараёнларида иштирок этиш учун келган бўлсак, кейинги гал 3 нафар, сўнгра бир нафар мутахассисимиз жарроҳлик амалиётларини кузатиб, маҳаллий ҳамкасбларига фақатгина маслаҳат ва кўрсатмалар бериб туради, холос. Янги йилдан буйрак трансплантациясини наманганлик мутахассисларнинг ўзлари уддалашади. Мақсадимиз ҳамкасбларимиз маҳоратини ошириш, чекка ҳудудлардаги беморларгача, зарур қулайликлар, шарт-шароитлар яратишдир.

- Яхшиям бахтимизга меҳридарё шифокорлар бор экан, - дейди жарроҳлик амалиётидан сўнг соғломлар сафига қўшилаётган Азизбек Мўминов. - Синглим жонимга жон берган бўлса, нажоткорлар янгитдан ҳаётбахш этдилар. Пойтахтлик профессор Фазлиддин аканинг айтишича, Майрамхон чин кўнгилдан меҳр билан буйрагини бергани учун ҳам юрак - юракка, буйрак -буйракка тез мослашиб, операция давомида оғир вазият юзага келмабди. Бу эса иккаламизнинг ҳам яна узоқ йиллар яшашимиз учун жуда муҳим омил экан. Илгарилари 24 соат давомида бир стакан сув ичишга зор бўлган бўлсам, ҳозир 5-6 литр сувни бемалол истеъмол қиляпман. Шифохонадан то уйга рухсат бўлгунча бошимизда парвона бўлган шарафли касб эгалари шифокорлар омон бўлишсин. Шундай имкониятлар муҳайё этилиши учун, халқ саломатлигини таъминлаш учун беҳад ғамхўрликларга кўрсатаётган Президентимизга ҳам мингдан-минг раҳмат!

Манзура ЭРГАШЕВА.