"Covid-19" деган балою офат қанчадан-қанча одамларнинг бошига кулфат ёғдирди, ҳатто яқинларидан жудолик жабрини тортганлар ҳам борлигини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди. Ёвуз ниятли кўзга кўринмас меҳмон нега орамиздан бутунлай кўтарилиб кетмаяпти. Ойлар эмас, йил ўтяптию, "ўлжа" ахтаргани-ахтарган. Энг ёмони турланяпти, энди таниб, қарши кураш чора-тадбирларини кўришга ўрганганимизда бошқача "штамм"да ўлкамизга ёйиляпти.

Тождорлигидан мағрурланишига йўл бериб қўйиб ўтираверсак, кейин минг бора "аттанг"ламайлик, бефойда. Ахир уни атрофимиздан даф қилишни анчайин ўрганган, турмуш тарзимизни ўзгартириб, кенг тарқалишига тўсиқ қўйишнинг ҳадисини олган эдик-ку! Наҳот, яна қайтиб келишига имкон туғдирсак. Ахир "Кўр ҳам ҳассасини бир бор йўқотади" нақли бежиз тўқилмаган. Тағин оммавий фалокату оммавий ҳалокатга дучор этувчи коронавирусни юртимиздан қувишимиз учун айро туриб, масофа сақлаб яшашимиз ва ишлашимиз шарт. Ниқоб найзадор душманимиздан ҳимояловчи энг арзон, энг қулай, энг оммавий қалқонлигини ҳеч ким, ҳеч вақт ёддан чиқармаслиги зарур.

Бугун кўпчилик биргаликда ўтказадиган спорт мусобақаларини, маданий-маърифий, оммавий тадбирларни, айниқса тўй-тўйчиқларни ташкиллашни тўхтатиб турадиган вазиятдамиз. Агар бепарволикни ташламасак, ҳушёрликни оширмасак, ўзимизнинг ва ўзгаларнинг соғлиғини асраш учун нимаики талаб қилинса, шунга одатланмасак, оқибати уқубатли бўлиши эҳтимоли юқори.

Ҳурматли ҳамюртлар! Коронавирус балосидан нари юришга астойдил ҳаракат қилайлик, тиббий қоидаларни қатъий бажарайлик! Бугунги лоқайдлик ва бепарволик эртага ўзимиз учун ҳам, жамият учун ҳам ғоят қимматга тушишини унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ!

Соғлик - ҳамма нарсадан устун, соғлик - бебаҳо бойлик, соғлик - қувонч ва шодлик. Шундай экан, уни бой бериб қўймайлик, коронавирус тажовузидан асрайлик! Ана ўшанда ҳаётимиз ҳаловатли кечади, умримиз саодатли давом этади, барча эзгу ниятларимиз ўз вақтида ижобатини топади.