Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуида 26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан "Биз -ОИВ ва гиёҳвандликка қаршимиз!" шиори остидаги "Саломатлик учун 5000 қадам" спорт марафониўтказилди. Унда вилоят ДПМлари ҳамда ШТБ ва ТТБлар вакиллари иштирок этишди. Иштирокчилар беш минг метр масофани юриб ўтишди.
- Бугун жаҳон миқёсида яна бир муҳим сана - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни кенг нишонланмоқда. Бу сананинг аҳамияти шундаки, дунё жамоатчилиги диққат-эътиборини аср балоси дея, таърифланадиган гиёҳванликнинг инсоният бошига солаётган мудҳиш оқибатларидан огоҳ этишдан иборатдир, - дейди вилоят наркология диспансери бош шифокори Файзулло Дадабоев.
Маълумки, вилоятимизда гиёҳвандликка қарши кураш борасида фаоллик кўрсатаётган муасссасалар жуда кўп. Улардан бир гуруҳи рағбатлантирилди. Тарғибот воситалари орқали қатнашчилар гиёҳвандлик ва ОИВ хавфидан огоҳ этилди.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов иштирок этди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.