Шу кунларда вилоятимиз марказининг аҳоли гавжум жойларида санитар автомашиналарнинг сереналари янг­рамоқда. Ушбу автоуловлар беморларга тез тиббий хизмат кўрсатиш учун эмас, соғлом аҳоли вакилларини коронавирус инфекцияси хавфидан огоҳлантиришга сафарбар этилгандир. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси коронавирусдан сақланиш бўйича тарғибот олиб боришнинг хилма-хил шаклларидан самарали фойдаланиш чораларини кўрмоқда.

- Кейинги кунларда мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам коронавирус инфекциясига чалинганлар сонининг бир оз ўсиши кузатилди. Бу жиддий ҳулосалар чиқаришни тақозо этади. Аввало, аҳолининг барча табақалари ўртасида касалликдан муҳофазаланиш масъулиятини уйғотиш зарурияти юзага келди. Чунки, айрим кишилар карантин тартибларининг оддий қоидаларини гўёки менсимай қўйдилар. Хатар эса ёнимизда юрибди. Касалланиш кўрсаткичларининг ўсишини бутун чоралар билан камайтириш зарур, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов.

Касаллик тарқалишига кескин ғов қўйиш учун эса ҳамма ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ва қўлларни мунтазам равишда антисептик воситалар билан ювишни канда қилмаслик лозим. Кўча-кўйларда, маҳаллалар ва бозорларда олиб борилаётган тарғибот жараёнлари ана шу мақсадга қаратилган. Ҳозирга қадар "Чорсу", "Сардоба" ва бошқа бозорлар атрофида тарғибот тадбирлари ташкилланди.

Шифокорлар автомашиналардаги овоз кучайтиргичлар ёрдамида одамларни огоҳликка ундаётган бўлишса, Ёшлар Иттифоқи вакиллари мегафонлар билан растама-раста юриб тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ва антисептик воситаларни доимий қўллаш коронавирус инфекцияси тарқалиши пайини қирқишнинг муҳим шарти эканлигини тарғиб этишмоқда. Радио орқали эшиттирилаётган аудиоёзувлар, тарқатилаётган буклетлар ҳам коронавирусдан сақланишга ундамоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.