Вилоятимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, хусусан аллергик касаликка чалинган беморларни даволаш ишлари самарадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Маълумки, ҳозирги пайтда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббийт марказлари шифокорлари бу йўналишдаги ҳасталикларни даволаш билан шуғулланишар эди. Энди Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари ҳам ушбу муаммони ҳал қилиш борасида маҳаллий тиббиётчилар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдалар.
Ўтган ҳафтада РИАИАТМ директори Илмира Розиқова раҳбарлигидаги бир гуруҳ мутахассислар вилоятимизда бўлишди. Меҳмонлар дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ҳузурида бўлиб, вилоятда ихтисослаштирилган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли орасида аллергик хасталиклар билан касалланиш ҳолатини ўрганган ҳолда касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли даволаш масалалари юзасидан фикрлашиб олишди.
Вилоятда фаолият олиб бораётган аллергологлар иштирокида ўқув семинари ўтказилди. Унда профессор Илмира Саъдуллаевна "Аллергик касалликлар ва уларни қиёсий ташхислаш" мавзусида маъруза ўқиди.
Эртасига республика ва вилоят аллерголог мутахассислари Янгиқўрғон туманига йўл олишди. Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори,профессор Илмира Розиқова, марказ ходими Отабек Мадаминов, вилоят бош мутахассиси Оқилжон Ўринбоев, ВБКТТМ бўлим мудири Манзура Ҳожиматова, шифокорлар Барнохон Абобакирова, Икромжон Абдуллаевлар "маҳорат дарси" сифатида тиббий кўрик ташкилладилар. 50 нафар аллергик касалликдан азият чекаётган беморларни даволаш юзасидан тавсиялар берилди. 7 нафар беморни соғломлаштириш учун РИАИАТМга юбориладиган бўлди.