Шу кунларда дунёнинг қатор давлатларида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлмоқда. Хўш, ёзнинг бундай жазирама об-ҳаво кунларида офтоб урмаслиги учун нима қилиш керак? Қандай кийиниш ва овқатланишимиз лозим? ССВ Матбуот хизмати ушбу саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари - Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевга мурожаат қилди.

- Маълумотларга қараганда, юртимизнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, кечаси +25... +27 даража, кундузи эса +38... +43 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда. Ҳатто жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +45...+47 даражагача кўтарилиши мумкин. Юртимиз аҳолиси бундай аномал иссиқ иқлим кунларида зарурат сезганда, "103" хизматига мурожаат қилиб, туну кун сифатли тиббий ёрдам олишлари мумкин.

Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг худудлардаги 13 та филиали ҳамда 173 та туман ва шаҳар бўлимларида зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Бундан ташқари, ушбу ҳолат юзасидан Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Қолаверса, Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг "1003" қисқа рақамли Саll-маркази фаолият кўрсатмоқда.

Бундай ҳолатларда офтоб урган одамни дарҳол соя жойга ётқизиб, уст-бошларни ечиб, муздек сувга чойшабни ҳўллаб бутун танасига ўралади, сочиқни муздек сувга ҳўллаб бошига қўйилади. Бўйин ва қўлтиқ соҳасига муз халтачалари қўйилса фойдадан ҳоли бўлмайди. Беморга оз-оздан суюқлик ичирилади ва зудлик билан тез ёрдам чақирилади.

Иложи борича куннинг биринчи ярмида бош кийим кийган ҳолда сайр қилиш, кунлик овқатланиш рациони эса енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда мева ва сабзавотлардан иборат бўлиши, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш лозим. Кофе, ширин газланган сувларни истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган кийимларни кийиш тавсия этилади. Шунингдек, кийим танлашда матонинг рангига ҳам эътибор бериш лозим. Чунки қора ва жигарранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади, оқ рангли матодан тикилган кийимлар эса, иссиқ ва қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.