Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шаҳноза Кимёназарованинг маълум қилишича, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичга кўтариш учун астойдил изланилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасининг 2021 йил 19 майдаги 189-сонли буйруғига асосан туманда тиббиётчилар учун 20 майдан 20 июнгача "Зарбдор ойлик" деб эълон қилинди. Бунда ҳудудларда маҳаллабай ишлаш, аҳолининг 3 - 4-гуруҳларига беминнат тиббий хизмат қилиш учун шифокорлар йўлланди. Туманга республика ва вилоятдан малакали мутахассислар таклиф қилинди.
Ойлик давомида 500 нафардан зиёд бемор шифохонага ётқизилди ва 82 кишида режали жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Тадбирда жарроҳ Абдураҳмон Ҳолқўзиев айниқса фаоллик кўрсатди. Шифокор учинчи гуруҳ беморларидан 49 нафарида жарроҳлик амалиётларини малакали бажариб, уларни соғломлаштиришга муваффақ бўлди.
Тадбир мобайнида 22,5 минг нафардан зиёд фуқаро тиббий кўрикларга жалб этилди. Тиббиёт ходимлари 1174 та хонадон аъзоларининг соғлиғини текшириб кўришди. Жараёнда алоҳида намуна кўрсатган врач ва ҳамширалар ТТБ маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.